Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Мени мазлумнинг қарғиши урди» – электрик йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
Мен билан бир палатада ётган йигит ўтган умрининг надоматли қисмини айтиб бергач кўзини юмиб олди. Балки йиғлаётганини кўришимни хоҳламагандир. Шу тобда уни нима деб юпатишни билмасдим. Фақат хаёлимдан «кеч бўлса ҳам Худо инсоф берибди-ку» деган ўй ўтди.
Дард инсонга кутилмаганда келади дейилгандай, анча йил аввал дабдурустдан кўричак бўлиб қолдим. Шифохонада операциядан сўнг икки кишилик палатага олишди. Ярим кечада палатадаги шовқиндан уйғониб кетдим. Қарасам врач, ҳамшира ва яна бир неча киши ҳамма ёғи бинт билан ўраб ташланган, бир оёғи гипс қилинган йигитни ёнимдаги койкага жойлаштиришяпти.
Эртаси куни йигит билан танишиб олдим. Айтишича, бундан бир неча кун олдин автоҳалокатга учраган экан.
«Рўпарадан келаётган машинанинг чироғи кўзимни қамаштирди, хаёлимда машинам йўлдан чиқиб кетаётгандай туюлаверди. Рулни тўғрилайман деб уни бурганимда тўғридан келаётган юк машинасининг олдига чиқиб кетдим. Қарсиллаган овозни эшитганим эсимда, уёғини билмайман. Кўзимни очганимда жонлантириш бўлимида ётардим. Бироз ўзимга келганимдан кейин мана, сизга ҳамхона қилиб қўйишди», деди йигит.
Йигит бир-икки кунда анча ўзига келиб қолди. Менинг ҳам операциядан сўнг орттирган ярам бита бошлади. Кунлардан бир кун йигит «Ҳаммасини ўзимга ўзим қилдим, кўпнинг ҳақи шунақа оқибатга олиб келишини билардим», деб қолди. Мен унинг гапларига қизиқиб, нима бўлганини сўрадим. У ҳикоясини бошлади.
«Коллежни битиргач иш қидира бошладим. Сўнг туман электр тармоқлари корхонасига монтёр бўлиб кирдим. Аввалдан хонадонларда электр тармоқларини тортиш қўлимдан келгани учун, иш жойимга осон мослашдим.
Ишхонамда маош унча катта эмас, рўзғорга ҳам етмасди. Аммо одамлар электр билан боғлиқ турли юмушларга чақириб туришар, ишлари битгач ўзлари рози бўлиб хизмат ҳақи беришарди. «Хизмат ҳақи»ни инсоф билан олардим ва ҳеч ким норизо бўлмасди. Аксинча, иши битган одамлар дуо ҳам қилишарди.
Шу соҳада 3 йил ишлаб қўйгач раҳбарият лавозимимни оширди. Оддий монтёрликдан назоратчи вазифасига тайинландим. Ишхонамизда назоратчи вазифаси тез-тез бўш қолар, айримлар негадир бу вазифада узоқ ишламасди. Ўшанда хаёлимдан «Ўзимнинг ишим яхши, назоратчи бўлмасамми?» деган ўй ҳам ўтди. Аммо амалнинг ҳам шайтони бўлади дейишгани рост экан, назоратчи бўлиш иштиёқи устун келди.
Назоратчи бўлгач тезда бу ишга бекор ўтганимни тушундим. Назоратчининг «оти улуғ» бўлгани билан даромад яхши эмасди. Ойлик кам, одамлардан «буюртма» тушмас, шу сабабли монтёрлик қилиб ишлаган пулимни бу ерда топа олмасдим.
Орадан бироз ўтиб, аввалроқ ишга келган айрим назоратчилар менга «пул топишнинг турли йўлларини» ўргата бошлашди. Кейин билсам уларнинг баъзилари ўзаро тил бириктириб, ҳамжиҳатликда ишлашар ва топилган маблағни ўртада тенг тақсимлашар экан.
Улар назорат ишлари билан борганда аҳоли хонадонларига ўрнатилган электр ҳисоблагичларни кўздан кечиришар ва яширинча унинг пломбасини юлиб олишар экан. Сўнг вазиятга қараб ўша заҳоти ёки бир неча кундан сўнг бошқа назоратчи гўё ҳисоблагични текшириш мақсадида бориб, уй эгасига электрдан ноқонуний фойдаланаётгани ва давлатга катта миқдорда зарар келтираётганини айтишаркан.
Миллионлаб сўм зарарни эшитган уй эгаси дарров келишишни таклиф қиларкан ва шу йўл билан улар мен монтёрликда юриб бир ойда топган пулни икки-уч одамни чув тушириб ишлаб олишаркан.
Аввалига, мени бу ишларга қўшилиб кетишим қийин бўлди. Биринчи марта шунақа ҳаром ишга қўл урганим эсимда. Ўшанда назоратчи «шериклар» бир неча кун аввал иккита хонадондаги пломбаларни узиб кетишганини айтиб, манзилни беришди. Шеригим билан бориб «операция»ни қиёмига етказиб бажардик ва иккита хонадоннинг эгасидан анча пул олиб, ҳисоблагичга янги пломба ўрнатиб бердик.
Ўшанда ўзимга теккан ҳиссани истар-истамас чўнтакка тиққаним эсимда. Аммо кейинчалик ҳаром пул бошқалар каби менинг ҳам «бетимни қаттиқлаштириб» бораверди ва кейингиларида пулни олганимда ҳеч нарса бўлмагандай кетавердим.
Гоҳида хаёлимдан нотўғри иш қиляпман, деган ўй ўтганда «Кам маош билан яшаб бўлмайди, бошқалар ҳам шундай қилиб пул топяпти», деб ўзимга таскин берардим. Ўшанда кам ойлик беришяптими, демак бошқа йўл билан бўлса ҳам рўзғорнинг кам-кўстини қилиш керак, деб ўйлардим.
Шу тариқа икки йилда анча одамни чув туширдик. Биз ҳисоблагичлардаги пломбаларни ўзимиз юлиб олар эканмиз, биронта одамнинг хаёлига бу нарса келмасди. Хонадонлардаги ҳисоблагичларнинг кўчага чиқарилгани ва аксарият ҳолларда қаровсиз қолдирилиши ҳам одамларда бизга нисбатан шубҳа уйғотмасди. Улар аксарият ҳолларда болалар ўйнаб юлиб олган, деган гумонга боришарди.
Электр тармоқлари корхонаси назоратчилари пломбалар учун масъул бўлган ҳолда пул ишлаш мақсадида уларни ўзлари юлиб олиши одамларнинг хаёлига ҳам келмасди. Аммо охиргиси ёмон бўлди.
Одатдагидай шеригим билан маҳаллалардан бирига бордик. Бир-иккита хонадонни текширдик ва навбатдагисига ўтдик. Бу хонадоннинг ҳисоблагичи кўчадаги симёғочга ўрнатилган экан. Секин бориб иккита пломбадан бирини юлиб олдим ва четга улоқтирдим.
Кейин хонадон эгасини чақирдик. Ёши 40-45 ёшлар атрофида бўлган аёл чиқди. Унга ўзимизни таништириб, ҳисоблагичларни текшириб юрганимизни айтдик. Ҳисоблагичнинг олдига бориб уни текширгандай бўлдик ва аёлга унинг битта пломбаси йўқлигини, электр энергиясини ноқонуний ишлатаётганини айтдик.
Аёл бир зум ҳайрон бўлиб қаради ва «кеча қарагандим, турганди-ку!», деди. Шеригим билан мен ҳеч нарса билмагандай аёлга электрдан ноқонуний фойдаланиб келаётганини, ҳолатни ҳужжатлаштиришимизни тушунтира бошладик. Бошқалардан фарқли ўлароқ аёл «катта миқдордаги жарима» ҳақида эшитиб келишишни таклиф этмасди, балки «кеча қарагандим, турганди-ку!» деган гапни такрорларди холос.
Шу пайт аёлнинг 10-11 ёшлардаги қизи уйдан чиқиб келди ва бирпас гапимизга қулоқ солиб турди. Гап нима ҳақда кетаётганини фаҳмлагач «ая, боя мен деразадан қараб мана бу одамни ҳисоблагичимизни очаётганини кўргандим» деди. Шу онда баданимдан илон ўрмалагандай совуқ тер чиқиб кетди.
Ўша пайтда мен учун орқага йўл йўқ эди. Қизчага адашаётганини, мен ҳисоблагичга тегмаганимни айтдим. Қизча гапида туриб олгач, уни туҳматчига чиқардим. Сўнг ҳужжатларни тўлдирдим ва аёлнинг қўлига бериб шеригим билан у ердан тезда кетиб қолдик.
Ўша пайтда ғурурим айбимни тан олишга етмади. Оқибатда аёлга бир неча миллион сўм жарима тўлашига сабабчи бўладиган қоғозни тўлдирдим.
Орадан бир неча кун ўтиб ишхонадан чиқар эканман, ҳисоб-китоб бўлимидан аёл кишининг йиғлаб, баланд овозда гапираётгани эшитилди. Секин қарасам ўша аёл, пломбани узиб ташлаган касни қарғарди.
Афтидан у катта пулни топиб тўлашга имконияти йўқлиги учун қарғарди. Ўша пайтда унинг, «Илоҳим ҳисоблагичдаги пломбани узган эртага етмай жувонмарг бўлсин» деб айтган қарғиши жонимдан ўтиб кетди.
Ўшанда ҳисоб-китоб хонасига киришим ва барчаси тушунмовчилик бўлгани, ҳисоблагичдаги пломбанинг йўқлиги ҳақидаги ҳужжат нотўғри тўлдирилганини айтиб, аёлни жаримадан қутқарсам бўлар эди. Бу учун жа нари борса бошлиқдан дакки эшитардим. Аммо ғурур яна бунга йўл қўймади.
Ўша куни куни билан кайфиятим бўлмади. Аёлнинг қарғиши қулоғим остидан кетмасди. Кечки пайт машинамни бошқариб уйга кетаётганимда ҳам шуни ўйлаётгандим. Шу пайтда ҳалокат содир бўлди. Назаримда мени ўша мазлум аёлнинг қарғиши урди.
Худо хоҳласа бу ердан чиқиб тўғри ўша аёлнинг олдига бораман. Ундан кечирим сўраб, жарима учун тўлаган пулларини қайтараман. Аммо бир неча йилдан буён эҳҳе, қанча одамнинг ҳақини едим, уларни қандай қайтараман?».
Йигит ўтган умрининг надоматли қисмини айтиб бергач кўзини юмиб олди. Балки йиғлаётганини кўришимни хоҳламагандир. Шу тобда уни нима деб юпатишни билмасдим. Фақат хаёлимдан кеч бўлса ҳам Худо инсоф берибди-ку, деган ўй ўтди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
15:23 / 04.05.2025
“Ёпилган иш” ёхуд отган ўқи ўзига қайтган терговчининг иқрори
14:10 / 09.03.2025
“Касбингизни севсангиз, қийинчиликлари билинмайди” – кранчи, терговчи, поезд ва автобус ҳайдовчи аёллар ҳикояси
13:27 / 03.10.2024
«Дўстимнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – «авария» содир этган йигитнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
18:30 / 01.10.2024