Жаҳон | 14:40 / 10.07.2022
14605
2 дақиқада ўқилади

Туркияда Чингизхоннинг набирасига тегишли карвонсарой қолдиқлари топилди

Мўғул давлат университети қадимшунослари турк ҳамкасблари билан биргаликда Чингизхоннинг набираси Ҳулагухонга тегишли ёзги сарой қолдиқларини топишган.

Фото: Montsame

Мўғул ва турк қадимшунослари Туркиянинг Ван вилоятида Чингизий Ҳулагухон даврига оид бинолар қолдиқларини топишди. Бу ҳақда Мўғулистоннинг Montsame ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Мўғулистон давлат университети тарих факултети олимлари қадимги форс ва арман манбаларида XIII асрда Ҳулагухоннинг ёзги саройи қаерда жойлашганлиги ҳақидаги маълумотларни топдилар. Бу маълумотни Ван тарихий музейи ашёлари билан солиштирган олимлар саройнинг қаерда жойлашганини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Фото: Montsame

Қазишмалар натижасида карвонсарой ва сопол печнинг қолдиқлари, шунингдек, жойлашуви хон саройини эслатувчи девор қолдиқлари топилган.

Ҳулагухон (1217-1265 йилларда яшаган)  ўз даврининг энг истеъдодли мўғул саркардаларидан бири бўлган. У мўғулларнинг Эрон низорийларига, Бағдоддаги Аббосийлар халифалигига ва Миср ва Ғарбий Осиёни бошқарган Айюбийлар султонлигига қарши улкан ҳарбий юришига бошчилик қилган. Натижада ушбу давлатлар қулаб, уларнинг ўрнига Ҳулагу давлати қад ростлаган. Ўша даврдаги форс тарихчилари Ҳулагухон қўшинлари 70 минг кишини ташкил этганлигини ёзишган.

Фото: Montsame

Ҳулагухон рафиқаси билан. Эронлик тарихчи Рашидуддин Ҳамадонийнинг солномаси учун ишланган миниатура, XIV аср.

Бугунги кунга қадар дунёда тўртта мўғул саройининг қолдиқлари топилган. Булар: Ички Мўғулистондаги (ХХР) Хубилайхоннинг саройи, Эрондаги Амбагайхоннинг ёзги саройи ва Астрахан вилоятидаги Олтин Ўрда пойтахти, яъни Ботухон саройи деб аталмиш Эски Сарой.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид