Ўзбекистон | 14:52 / 14.07.2022
37793
2 дақиқада ўқилади

Саратонда ҳам яшил табиат, пурвиқор тоғлар – Зоминдан фоторепортаж

Зомин деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига арча ва бошқа дарахтлар билан қопланган тоғлар, салқин ҳамда тоза ҳаво, ям-яшил табиат келади. Дам олиш кунларида Kun.uz мухбирлари Зоминда бўлиб, унинг диққатга сазовор табиатини кадрларга муҳрлади.

Фото: KUN.UZ

Сўнгги йилларда Ўзбекистон аҳолиси учун Зомин тумани мамлакатдаги энг оммабоп дам олиш масканларидан бири бўлиб қолмоқда. Ёз келиб, кунлар исиб кетганда турли вилоятлардан бу ерга салқин ва тоза ҳавода дам олиб кетиш учун кўплаб одамлар келади.

Қурбон ҳайити муносабати билан кетма-кет тўрт кун дам олиш деб эълон қилингани учун туман марказидан Зомин санаторийсигача бўлган йўлнинг ёқаларида жойлашган барча меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари дам олувчилар билан тўла эди.

Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йил таъбни тирриқ қиладиган айрим ҳолатлар ҳам бор. Жумладан, Зомин шаҳридан Зомин санаторийсига олиб борадиган йўл анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган.

Бундан ташқари, кўп сонли дам олувчиларнинг табиатга муносабати ҳам ҳаминқадар. Буни тиниқ сувли сойдан оқиб келаётган пластик идишлар ва целлофан пакетлардан ҳам билиб олса бўлади.

Шундай бўлса ҳам Зомин ўзининг бетакрор табиати ва салқин ҳамда тоза ҳавоси билан дам олувчиларни жалб қилишда давом этмоқда.

Ғайрат Йўлдош

Фотосуратлар муаллифи – Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид