Ўзбекистон | 18:34 / 14.07.2022
16964
15 дақиқада ўқилади

“Заковат”нинг ёзги мавсумини Бобур Ёқубов жамоаси бошлаб берди

Ўзбек хонадонларида деворларга нега гилам осиб қўйилган? Италия тоғли ҳудудларида қўй боқувчи чўпонлар нима учун ўзлари билан хачирлар олиб юрган? – “Заковат” телеўйини ёзги мавсумининг илк ўйинидан репортаж

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (чапдан ўнгга):

  • Нодирбек Қосимов - муҳандис-технолог;
  • Асрор Норқулов - молиячи;
  • Бобур Ёқубов - суд-тиббий эксперти (жамоа сардори);
  • Нурбек Йўлдошев - фалсафа доктори;
  • Рустам Жабборов - журналист;
  • Улуғбек Қулмуродов - Давлат статистика қўмитаси ходими.

Тажрибали билимдонларни ўзида жамлаган Бобур Ёқубов жамоаси бир неча мавсумлик танаффусдан сўнг ўйинларга қайтди. Бобур Ёқубов, Рустам Жабборов каби ёрқин номлар иштирокидаги ўйинни мухлислар ҳам соғинган.

Ёши катта билимдонлар тўпланганиданми ёки бошқа сабабми, жамоа ўйинни оғир бошлади.

1-раундда АҚШ президентлари ҳақида блиц саволлар тушди. Биринчи саволдан осонлик билан ўтган жамоа иккинчи саволда қийналди. Натижада ўйин ҳисоби мухлислар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда автомобил саноати қиролларидан бири Генри Форд ҳақида савол ўйналди. Муҳокама давомида турли вариантлар ўртага ташланган бўлишига қарамай, жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади ва бу раунд ҳам мухлислар фойдасига ҳал бўлди. Ҳисоб – 0:2.

3-раунд саволи қадимги мисрлик аскарларнинг тошотар қуроли ҳақида бўлди. Афсуски, жамоанинг кутилган очкони олиши бу раундда ҳам рўй бермади. Ўта қизиқарли савол мухлислар жамоасига учинчи очкони келтирди. Ҳисоб йирик кўринишга келди – 0:3.

4-раундда Доғистон тарихида турли қабила ва уруғлар орасида қонли уруш вужудга келиш хавфи пайдо бўлганда, бундай урушларнинг аёл киши томонидан бостирилгани ҳақида ажойиб савол ўйналди. Саволдаги маълумот жамоага таниш бўлиб чиқди ва саволга муддатидан олдин жавоб берилди. Ҳисоб бироз қисқарди – 1:3.

5-раундда ўзбек хонадонларида деворларга нега гилам осиб қўйилиши ҳақида қизиқ савол ўйналди. Мазкур савол нафақат столда ўйнаётган билимдонларга, балки бутун клубга ҳам ноқулайлик қилди, дейиш мумкин. Йўқса, ушбу раундда олинган клуб ёрдами ҳавога учмас эди. Ҳисоб эса яна йирик кўринишга келди – 1:4.

Энди жамоа фақат ўз кучига ишониши лозим.

6-раунд саволи ўйиндаги энг зўрларидан бири бўлди. Италия тоғли ҳудудларида қўй боқувчи чўпонлар нима учун ўзлари билан хачирлар олиб юриши ҳақидаги саволга тоғликлар ҳаётидан яхши хабардор бўлган билимдон – Нурбек Йўлдошев тўғри жавоб бера олди ва яна ҳисоб бироз қисқарди – 2:4.

Телетомошабинлар ва билимдонлар ўртасидаги қувлашмачоқ 7-раундда ҳам давом этди. Ушбу раундда китобларни сақлашдаги 2 хил усул ҳақида савол ўйналди. Қайси тоифа китоблар вертикал, қайсилари горизонтал сақланиши ҳақидаги ажойиб саволга жамоа тўғри жавоб топа олмади. Аммо бошловчи клубга юзланганда, клубдан тўғри жавоб янгради. Балки, клуб ёрдами ушбу саволга олинганида, ҳисоб 2:5 эмас, 3:4 бўлармиди.

Ҳисоб жуда таҳликали кўриниш олди. Биргина нотўғри жавоб жамоани кейинги мавсумда иштирок этишдан маҳрум қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шу сабаблими, кейинги раундларда жамоа ҳар бир савол билан худди портлаш хавфи бор мина билан ишлаган сапёрдай эҳтиёткорона ишлади.

Кейинги раундда ХХ асрнинг 60-70 йилларида Хивадаги бозорда жума кунлари нега нарх-наво тушиб кетгани ҳақидаги савол ўйналди. Хайриятки, жамоа саволга тўғри жавобни қийналмай топди ва ҳисоб бироз қисқарди – 3:5.

9-раундда абжад ҳисоби асосида тузилган Увайсийнинг чистонидан савол ўйналди. Бу саволда адабиётнинг нозик билимдони бўлган Рустам Жабборов жамоа жонига ора кирди. Ушбу билимдоннинг абжад ҳисобидан хабардорлигига қойил қолмасдан илож йўқ. Ҳисоб – 4:5.

10-раундда стейк пишириш даражалари ҳақида қизиқарли савол ўйналди. Бобур Ёқубов иккинчи марта муддатидан олдин жавоб бериб, ҳисобни тенглаштирди.

Очиғи, ҳисоб 2:5 бўлиб турганида жамоанинг ашаддий мухлислари ҳам ҳисоб тенглашишига унчалик ишонмаётганди. Аммо кўриб турганингиздек, тажриба ўз сўзини айтиб, жамоа ҳал қилувчи раундга ҳам етиб келди.

Жамоа ҳал қилувчи раундда бор-барака ўйинини танлашдан чўчиди. Аввалги иштирокида жамоа бор-барака ўйинидаги мағлубият сабабли ўйинни тарк этгани бунга сабаб бўлди.

Шундай қилиб, жамоа охирги раундда таваккалга қўл урмасдан, ўйинни тўлиқ таркибда давом эттиришни маъқул кўрди.

Сўнгги раундда денгизда балиқ овловчилар нима мақсадда ўзлари билан қўй териси ва юнг олиб юриши ҳақида савол ўйналди. Жамоа компасни эҳтиётлаб сақлаш учун, дея жавоб берди. Аммо жавоб бошқа бўлиб чиқди. Ҳисоб – 5:6.

Шу тарзда ёзги мавсумнинг илк ўйини билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди. Умуман олганда, Бобур Ёқубов бошчилигидаги ёши катта билимдонлар мухлислар кутган ҳаяжонли ўйинни тақдим эта олди, дейиш мумкин. Жамоа кузги мавсумга йўлланма оладими-йўқми, буни кейинги ўйинлар натижаларига қараб айтиш мумкин бўлади.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Блиц. Савол муаллифи - Алишер Ҳамроев, Жиззах тумани.

Мавзу: Америка Қўшма Штатлари президентлари.

1-савол:

Бошловчи: АҚШнинг саккизинчи президенти Мартин Ван Бюрен биринчи ШУНДАЙ президент бўлган экан. Ундан олдинги еттита президент Мартин ван Бюрендек бўлмаса-да, президентликка барибир сайланган.

Диққат савол: ван Бюреннинг улардан устунлиги нимада эди?

Жавобни Рустам Жабборов беради: Уни бошқа президентлардан устунлиги Америка Қўшма Штатларида туғилганлиги.

Тўғри жавоб: У АҚШ фуқароси бўлган биринчи президент ҳисобланади.

2-савол:

Бошловчи: Машҳур Аврам Линколннинг ўз пайтида Бери ва Линколн деган қаҳвахонаси бўлган. Ҳали президентликка анча бор ўша пайтларда. У АҚШдаги энг биринчи лицензияга эга бўлган киши бўлган. Сиз жавобни Бери ва Линколн деган қаҳвахонадан қидиринг.

Диққат савол: Нима иш қилишга у биринчилардан бўлиб лицензия олган?

Жавобни Улуғбек Қулмуродов беради: у тотализатор ўйинларига лицензия олган.

Тўғри жавоб: Бери ва Линколн деган қаҳвахонада у дастлаб бармен бўлиб ишлаган, барменликка лицензияси бўлган.

Ҳисоб: 0:1

Савол муаллифи Алишер Ҳамроев 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд Савол муаллифи - Абдувоҳид Ғофуров, Бўз тумани.

Бошловчи: Бу савол Генри Форд мемуаридан олинган. Унда айтилишича, Форд доим журналистлар таъқибида юрган. Бир куни у Нью-Йоркда Ланчестер автомобилида сайр қилиб қолади. Дарров журналистлар уни қуршаб олиб, унинг нега Фордда эмас, Ланчестер миниб юрганини сўрашади. Шунда у ўз фирмасининг маркасини ушлаган ҳолда жуда тактик жавоб қайтаради.

Диққат савол: у қандай жавоб қайтарган?

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Сотувда ўзимизнинг машинадан қолмаган экан. Шунинг учун мажбур бўляпман Ланчестерда юришга деган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: Мен таътилдаман, ҳеч қаерга шошмаяпман. Шунинг учун Фордда эмасман.

Ҳисоб: 0:2

Савол муаллифи Абдувоҳид Ғофуров 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд Савол муаллифи - Рушания Шукурбекова, Конимех тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг! 

Тошотар қурол. Қадимги Мисрда лашкарлар уни рақибга отишга уста бўлишган. Бу мослама билан лашкарлар фақат тош отишмаган. Жангдан бўш вақтлари ҳеч нарса отишмаса ҳам уни қаттиқ айлантириб, айлантириб бир иш қилишган. Жангдан бўш пайтида, жангга тааллуқли бўлмаган бир ишни бажаришган.

Диққат савол: Нима қилишган деб ўйлайсиз?

Жавобни Рустам Жабборов беради: Демак чивинларни ҳайдашган.

Тўғри жавоб: Уни ичига тухум солиб тез айлантирилса иссиқда пишар экан, 2 дақиқа вақт ичида.

Ҳисоб: 0:3

Савол муаллифи Рушания Шукурбекова 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи - Шаҳноза Бўриева, Шеробод тумани.

Бошловчи: Доғистонда азалдан турли қабилалар, қавмлар ўртасида жанжаллар бўлиб турган. Иккита қавм бир-бири билан қирпичоқ бўлган, қон тўкилиш даражасига борганда, қиличлар яланғочланганда, қон тўкилиши аниқ бўлганда, жанг майдонига бир аёл кириб келган. Шунда рақиблар ортга чекиниб жанжалга барҳам беришган.

Диққат савол: Аёл қандай ҳаракат қилганки, рақиблар жангни тўхтатишга мажбур бўлишган?

Жамоа муддатдан олдин жавоб беради

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Бошидаги рўмолини ечиб ерга ташлаган.

Тўғри жавоб: Эркаклар бошида рўмоли йўқ номаҳрам аёлга қарай олмай жангни тўхтатишган.

Ҳисоб: 1️:3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи - Асомиддин Эшонқулов, Қамаши тумани.

Бошловчи: Ҳаётий ва қизиқарли савол. ХХ аср охирларигача деярли барча ўзбек хонадонларида деворларга гилам осиб қўйиш урф бўлган. Бундан иккита мақсад кўзланган. Биринчидан деворни чиройли кўрсатиш мақсади бўлган.

Диққат савол: Иккинчи асосий сабабларидан бирини сиз айтинг.

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди

Жавобни Рустам Жабборов беради: Гиламлар шовқинни қайтариш мақсадида осиб қўйилади.

Тўғри жавоб: Агарда гиламни йиғиштириб тахмонга тахлаб қўйилса, куялар еб қўяр экан. Иккинчи сабаб куя емаслиги учун экан.

Ҳисоб: 1:4

Савол муаллифи Асомиддин Эшонқулов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи- Диёрбек Мамарасулов, Фарғона шаҳри.

Бошловчи: Италия тоғли ҳудудларида қўй боқувчи чўпонлар баҳор, куз ойлари пода ичида баъзан битта, иккита балким учта хачир ёки бўлмаса эшак олиб юришган. Қияликларда яхши юради деб. Улар чўпонларни олиб юришмайди. Уларнинг алоҳида вазифалари бўлади. Улар ҳеч кимни олиб юрмайди, лекин вазифаси бор.

Диққат савол: Уларнинг асосий вазифаси нима бўлган?

Жавобни Нурбек Йўлдошев беради: Баҳор ва кузда янги туғилган қўзичоқларни хачирлар хуржунда олиб юриш учун.

Тўғри жавоб: Қўзичоқлар узоқ масофага юра олишмайди, чарчаб қолишади. Уларнинг нозикларини олиб юриш учун.

Ҳисоб: 2️:4️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7️-раунд. Савол муаллифи - Сарвар Файзуллаев, Тошкент тумани.

Бошловчи: Марҳамат экранга қаранг!

Савол китоб қадоқлаш ва сақлаш хусусида. Кўп китоблар биринчи суратдаги каби горизонтал ҳолда сақланади. Иккинчи суратдаги белгиси бор китоблар фақат вертикал ҳолатда сақланиши шарт экан.

Диққат савол: Қандай китобларни вертикал ҳолда сақлаш керак?

Жавобни Рустам Жабборов беради: Китоблар одатда икки хил усулда бирлаштирилади. Бири сим орқали тикилади, иккинчиси елимланади. Мана шу елимланган китобларни вертикал ҳолатта сақланади.

Тўғри жавоб: Бу китобларни фақат тик ҳолатда сақлаш керак. Агар кўндаланг ҳолда сақланса, бўртик нуқталар эзилиб қўлга билинмайдиган ҳолатга келади. Брайл алифбосида ёзилган китоблар вертикал ҳолатда сақланади.

Ҳисоб: 2️:5️

Савол муаллифи Сарвар Файзуллаев 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи - Муродбек Қурбонов, Хива шаҳри.

Бошловчи: ХХ асрнинг 60-70 йиллари Хивадаги бозор ёнида биттагина масжид бўлган. Жума куни одам кўп бўлган бўлса-да, нарх-наво бошқа кунлардагидан арзонлашиб кетар экан.

Диққат савол: Нега одам кўп бўлса-да нарх-наво арзонлашиб кетади?

Жавобни Улуғбек Қулмуродов беради: Жума намозига кўпчилик узоқдан келади ва ўзи билан нарса олиб келади. Бозорда биринчи навбатда маҳсулот кўпаяди, иккинчи сабаби тезроқ сотиб намозга улгуриши. Шунинг ҳисобига арзон бўлади.

Тўғри жавоб: Жума куни битта масжидга узоқдан одамлар келади. Улар ўзлари билан нарсалар олиб келиб тезда сотиб намозга кириб кетишади.

Ҳисоб: 3️:5️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи - Отабек Йўлдошев, Оққўрғон тумани.

Бошловчи: Мумтоз адабиётимиз номояндаларидан бўлган Увайсийдан Чистон:

Ул надурким боши саксон, жисми ўттиз,

Пойи бир, жони тўрт юз.

Ақли ўндир, фаҳм эллик беназир.

У чистонда Увайсий абжад ҳисобида сўз ўйини қилганлар, яъни рақамлар остидаги ҳарфлар йиғилса бир машҳур зотнинг номи ҳосил бўлади.

Диққат савол: бир дақиқа ўйлаб айтингчи қайси зот номи яширинган?

Жавобни Рустам Жабборов беради: Платон.

Тўғри жавоб: Платон.

Ҳисоб: 4️:5️

Билимдонлар 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи - Равшанбек Мамажонов, Тўрақўрғон тумани.

Бошловчи: Марҳамат ходимимиз қўлига қаранг!

Стейк ейиш учун кафега кирдингиз. Официант буюртмани олди. Узоқдан стейк пиширувчи ошпазга буюртмани бармоқлари орқали кўрсатмоқда. Биринчи пишириш усули, иккинчи пишириш усули, учинчи ва тўртинчи. Ошпаз шу ишора билан стейкни қандай пишириш буюртмасини олди, бармоқлари билан жўнатди.

Диққат савол: Ошпазлар буюртмани қандай пиширишни қўл ёки бармоқнинг қайси қисмига қараб адо этишади?

Жамоа муддатдан олдин жавоб беради.

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Бош бармоқни тагини юмшоқлиги билан аниқланади, иккинчи, учинчилари қаттиқлашиб бораверади, шу билан стейкни қандай пишириш кўрсатилган.

Тўғри жавоб: Бармоқнинг жойлашган ўринларида.

Ҳисоб: 5️:5️

Билимдонлар 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

11-раунд. Савол муаллифи - Сарвар ва Шаҳноза Ғаниевлар, Каттақўрғон тумани.

Бошловчи: Эрнест Ҳемингуейнинг "Борлиқ ва йўқлик" романида муаллиф балиқчилар ҳаётини ёритган. Балиқчилар денгизга чиқишидан олдин турли анжомлар билан бирга қўй териси ва юнг олиб юришган. Анжомлар орасидаги АЛФАни ўраб юриш учун.

Диққат савол: Нега айнан юнг ва терига ўраб юришган? АЛФАни топинг.

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Компасни эҳтиётлаб сақлаш учун.

Тўғри жавоб: Денгизда ҳар қандай экстремал ҳолатлар бўлиши мумкин. Улар юнгни ёғлаб милтиқни оғзига тиқиб, нам ўтказмайдиган терига ўраб коррозиядан сақлаб қолишган.

Ҳисоб: 5️:6️

Савол муаллифи Сарвар ва Шаҳноза Ғаниевлар 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Фото: Заковат

Энг яхши савол муаллифи - Сарвар ва Шаҳноза Ғаниевлар

11-раунддаги "Милтиқни асраш" ҳақидаги саволи учун 6 млн сўм ва энг яхши савол учун 5 млн сўм, жами 11 млн сўм пул мукофотига эга бўлди.

Фото: Заковат

Ўйиннинг энг фаол билимдони - Нурбек Йўлдошев.

Нурбек Йўлдошев 5 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Мавзуга оид