Жаҳон | 16:25 / 19.07.2022
43796
6 дақиқада ўқилади

Истанбул – мафтун этувчи харобалар, Самарқанд – зараримизга ишлаётган ободлик

Истанбул нафақат Туркия, балки дунёнинг энг гавжум туризм нуқталаридан бири ҳисобланади. Бу шаҳар карантиндан кейин яна сайёҳлар билан тўлиб тошган, ҳар бир гўшасида навбатлар ҳосил бўлган.

Фото: KUN.UZ

Бу муаззам шаҳар ҳақида шу қадар кўп ва хўп ёзилган бўлса-да, уни ҳар бир турист ўзича кашф этади. Истанбул ҳақида ёзган қаламкашларнинг ижодий ишлари ҳам бир-биридан фарқланади. Унда кун-у тун ҳаёт қайнаб туриши, ҳар бир нуқтасида тарих мужассамлиги, мозий ва айни вақт уйғунлашиб кетганлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Бугун эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат бошқа – Истанбулнинг хароба бинолари.

Бу бадавлат шаҳарда хароба, қаровсиз биноларнинг бўлишида мантиқ йўқдек. Аммо не ажабки, улар ҳар бир кўчада бор ва айримларида бир нечталаб. Қизиғи, айнан улар олдида ҳамиша ҳайратланиб турган, устма-уст суратга олаётган сайёҳни кўрасиз.

Бу давлатда хусусий мулк шу қадар дахлсизки, бинонинг эгаси истаса обод қилиб қайта қуради, истамаса, имкони йўқ бўлса, шу ҳолига ташлаб қўяверади ва бунинг учун ҳеч ким эътироз билдира олмайди. Ўрни келганда Ўзбекистонда ҳар қандай бинонинг ташқи қиёфасини ўзгартириш, атрофни обод қилиш бўйича бир неча ташкилот келиб ўз тавсиялари-ю буйруқларини бериб кетишларини эслаб ўтиш лозим.

Аксарият бундай иморатлар деворига ё сотилиши, ё ижарага берилиши ҳақида эълонлар ёзилган бўлади. Улар жуда қиммат ва бир-биридан кескин фарқланади. Бизнинг ўлчовимиз бўйича 1 сотих ер баҳоси бир неча юз минг долларгача чиқиб кетиши мумкин. Одатда уларда бино ости майдонининг ўзи бўлади, яъни битта гул эккудек, битта стул қўйиб ўтиргудек ери йўқ. Истанбулга дастлаб келганлар жуда кўпчилик одамларнинг кўчалар бўйида, тротуарларда чой ичиб ўтиришига эътибор беради ва ҳайрон қолади. Сабаби оддий – у одамлар ташқарига чиқиш деганда кўчани тушунишади, яъни уларда ҳовлининг ўзи йўқ, бўлмаган!

Лекин бу бинолар шаҳарда такрорланмас ва мутлақ ўзига хос манзара ҳосил қилади ҳамда сайёҳларни оҳанрабодек тортаверади. Ҳар бир кўчасидан тарих нафаси уфуриб турадиган Истанбул сайёҳлар келиши бўйича дунёнинг энг етакчи нуқталари қаторида туради.

Шу ўринда Ўзбекистон туризмни ривожлантиришда ғалати ва самарасиз йўлдан кетаётганга ўхшайди. Бу айниқса ободонлаштириш, тарғибот ва чекловларда жуда сезилади. Гап шундаки, биз тарихий обидаларни шаҳардан мутлақ ажратиб, гўёки растага томоша қилиш учун чиқариб қўйилган қўғирчоққа ўхшатишга уринамиз. Уларнинг атрофи албатта ўралган, чегараси аниқ ва ҳудуди дахлсиз бўлиши шартдек. Яъни туристларга кўрсатиладиган тарихий шаҳар бошқа-ю, бугун яшаётган асл шаҳар бошқадек.

Қиёслов учун биринчи рақамли нуқтамиз, Самарқанддаги Регистон майдони ва Истанбулдаги Султон Аҳмад майдонларини оламиз. Ҳар иккиси алоҳида иншоотлардан иборат ва якунда битта комплексни ташкил қилади. Регистон ўраб олинган, атрофидаги тор кўчалар эса аллақачон тарих билан хайрлашиб бўлган, автомобилларга бўшатиб берилган. Султон Аҳмаднинг атрофи бўйлаб чўзилиб кетган ҳар бир кўчада эса Истанбул намоён бўлаверади. Тош ётқизилган тор кўчалар, ҳар бири ўзига хос ечимдаги уйлар, дўконлар ва емакхоналар. Алоҳида мавзу – масжидлар. Истанбулда масжидлар жуда кўп – ҳатто 100 метр масофа оралиғида 3 та масжид жойлашган кўчалар ҳам бор. Бу албатта қулайлик. Яна бир жиҳат бу масжидларнинг ҳар бири ўз тарихига эга ва ўша тарихий қиёфасини йўқотмаган. Қизиғи, кичик майдондаги ихчам масжидлар ёнида жуда эски ва тош қаланган қабрлар ҳам сақланиб қолган. Умуман Истанбулдаги уйлар орасида 1-2 тадан қабрлар бўлиши оддий ҳол.

Биз эса ҳар қандай эскилик қиёфасини дарҳол ва уқувсизларча тиклашга уринамиз. Масалан, Шаҳрисабзнинг тарихий қисми худди янгитдан қурилган даражага олиб келинганидан фахрланиб юрибмиз. Хўш, бу сайёҳга қизиқми ўзи? Кўзлар ва телефонлар чақнашидан кўринадики, тарихимиз билан беллаша олсак-да, Истанбулнинг пўпанак босган мармар харобалари кўпроқ қизиқдек.

Чекловларимиз, расмий бўлмаса-да, ички тўсиқларимизни алоҳида мавзуга айлантирса бўлади. Масалан бирортамиз оддий масжидларимизга ажнабий сайёҳ кириб ички манзаралар ва намоз жараёнини суратга олишини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Хўш, шундай тақиқ борми ўзи? Туркиянинг бу борадаги эркинликлари оддий ҳол: масалан, Султон Аҳмад жомеси тун-у кун туристлар билан гавжум бўлади. Фақат Ислом динига ҳурмат юзасидан киришда либосларга айрим талаблар қўйилади ва намоз пайтида ибодат қилинаётган ҳудудга ўтмаслик сўралади. Бошқа пайт сайёҳлар бемалол айланиб юраверишади. Айни пайтда масжидга айлантирилган Аё София комплексига кириш учун эса бугунги кунда дунёнинг турли нуқталаридан келган одамлар километрлаб навбат ҳосил қилишган.

Одамлар-ку майли, Истанбул майдонларида каптарлар, чайкалар бемалол гала-гала бўлиб қўнишлари, одамлар орасида айланиб юришлари мумкин. Итлар ва мушуклар бемалол ухлайверишади.

Туризм тарғиботида серхаражат лойиҳалар кутилган самара бермаслиги кўп гапирилади. Ҳар қандай ҳудудни тарғиб қилувчилар бу биринчи навбатда шу ерга келган сайёҳларнинг ўзидир. Улар ўзларининг ва телефонларининг хотирасида ўша шаҳарнинг бир бўлагини олиб кетади ва атрофидагиларга кўз-кўз қилади.

 

Аброр Зоҳидов, Истанбул

Мавзуга оид