Ўзбекистон | 20:17 / 20.07.2022
9852
2 дақиқада ўқилади

Навоийда фермерларга 1 млрд сўмга яқин пул ундириб берилди

Хатирчи ва Навбаҳор туманларидаги 100дан ортиқ фермер хўжалигига пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилинган электр энергияси қиймати тўлаб берилмаган.

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарорида фермер хўжаликлари тасарруфидаги электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналари билан таъминланган насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.

Аммо Хатирчи туманидаги 72 та фермер хўжаликка пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштириш учун истеъмол қилган электр энергияси қиймати тўлаб берилмаган. Бундан норози бўлган фермерлар туман адлия бўлимига мурожаат қилишган. Олиб борилган ўрганиш натижасида вилоят молия бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори ижроси таъминланмагани ҳамда ҳудуддаги фермерларга жами 800 млн сўмга яқин пул маблағлари тўлаб берилмагани аниқланган. Шунингдек, Навбаҳор туманида ҳам 40га яқин фермер хўжалигига мазкур йўналишда 200 млн сўм маблағ тўланмаган.  

Хатирчи ва Навбаҳор туманлари адлия бўлимлари томонидан фермерлар манфаатида судга киритилган даъво аризалари қаноатлантирилиб, ер эгаларига 1 млрд сўмга яқин пул маблағлари ундириб берилди.

Навоий вилояти адлия бошқармасининг Kun.uz’га маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда фермер хўжаликларига кўрсатилган ҳуқуқий ёрдамлар натижасида уларнинг манфаатига жами 4 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилган.

 

Мавзуга оид