Жамият | 16:03 / 20.07.2022
12483
2 дақиқада ўқилади

Ургутдаги тўйхонада одамлар оммавий заҳарлангани айтилмоқда

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати фақат икки киши заҳарланганини маълум қилди.

Фото: Fotolia / Tom Wang

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги маҳаллалардан биридаги тўйхонада оммавий заҳарланиш ва юқори ҳарорат ташхиси билан одамлар шифокорга мурожаат қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

2022 йил 19 июл куни кеч соат 22:00 лар атрофида Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасига икки нафар бемор озиқ-овқатдан ўткир заҳарланиш ташхиси билан олиб келинган.

Беморлар билан суҳбатда улар тўйда турли салатлар еганини маълум қилишган. Шифокорлар томонидан келган беморларга керакли муолажалар ўтказилган.

Шундан сўнг туман санитария ва осойишталик маркази ходимлари ҳамда участка тиббиёт ходимлари томонидан Ғиштмачит маҳалласидаги беморларнинг яшаш ҳудудидаги касалликда гумонланганлар ҳам туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифохонасига кузатувга олиб келинган.

«Гумондорлар текширувдан ўтказилиб, қониқарли аҳволдалиги сабабли уйига жавоб берилган. Ҳозирги вақтда шифохонада икки нафар бемор кузатувда. Уларнинг аҳволи ўртача оғирликда.

Ургут туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, COVID-19 билан касалланган беморлар учун қўшимча 10 та ўрин ташкил этилган. Айни пайтда юқумли касалликлар бўлимида 85 нафар бемор даволанмоқда.

Ижтимоий тармоқларда  200 нафарга яқин одамлар Ургут туман юқумли касалликлар шифохонасида ётганлиги ҳақидаги тарқалган хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қиламиз», дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Жомбойдаги ресторанда ўтказилган тўйда одамлар оммавий заҳарланганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид