Бухоро вилоятида бандлик даражаси ошириб кўрсатилган - Сенат
Жорий йил 21 июль куни Сенат кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кенгаш мажлисини Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Мажлисда Сенат ишчи гуруҳи томонидан май-июнь ойларида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 1 май ҳолатига меҳнат органлари кўмагида Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларида аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган. Хусусан, ушбу даврда 52,2 минг нафар фуқаро бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилган.
Жумладан, ўтказилган меҳнат ярмаркаларида ишга жойлашиш учун қарийб 7,5 мингта йўлланма берилган. Ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган қарийб 2,9 мингга яқин шахс банд қилиб қўйилган иш ўринларига ишга жойлаштирилган.
Амалга оширилган ишлар билан бирга айрим соҳа ва йўналишларда, шунингдек, ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда бир қатор камчиликларга йўл қўйилиб, мавжуд имкониятлардан фойдаланилмагани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Хусусан, президентнинг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган айрим тадбирлар муддатида амалга оширилмаяпти. Қарорда хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали келгусида кафолатли иш ўринларини яратиш назарда тутилган.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Когон туманлари ва Когон шаҳри ҳамда Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳри ҳудудидан ўтувчи халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида танланган ер участкалари очиқ электрон аукцион савдосига ҳанузгача жойлаштирилмаган. Қоракўл ва Фарғона туманлари ҳамда Бухоро шаҳрида нодавлат умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш учун ер майдонлари аниқланмаган.
Хизматлар соҳасида яратилган иш ўринларининг асосий қисми ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига тўғри келади. Янги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида иш ўринларини яратиш Наманган вилоятида 7 фоизни, Жиззах вилоятида 12 фоизни ва Бухоро вилоятида эса 21 фоизни ташкил этади. Хизматлар соҳасида яратилган янги иш ўринлари бир вақтнинг ўзида бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам акс эттирилиши оқибатида ҳисоботларда жами яратилган иш ўрни сони орттириб кўрсатилган.
Бухоро вилоятида хизматлар соҳасида ўзини ўзи банд қилиш йўналишида яратилган 22,4 мингта иш ўрнидан 15,5 мингтаси қишлоқ хўжалигида, 3,0 мингтаси туризм ва маданият соҳасида такрорланган. Бухоро вилоятида бандлиги таъминланганлар сони ҳисоботларда асоссиз равишда ошириб кўрсатилганлиги танқид қилинди.
Меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида Бухоро вилоятида 1 161 та, Жиззах вилоятида 1 401 та, Наманган вилоятида 974 та, Фарғона вилоятида 926 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқлангани ҳамда мазкур ҳолатлар бўйича 1 107 нафар мансабдор шахсга нисбатан 2,1 млрд сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилгани қайд этилди.
Мажлисда қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер ва деҳқон хўжаликларида яратилган иш ўринларининг солиқ ҳисоботларида қайд этилишини рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш, аукцион савдолари орқали ажратилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидаги деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларини амалга оширишда иш берувчи сифатида тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш каби қатор вазифалар белгиланди.
Мавзуга оид
09:51 / 21.11.2024
Бухоронинг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилади
20:55 / 20.11.2024
“Эски, совуқ синфхоналарда ўқияпмиз” – Бухорода қурилиши битмаган мактаб-интернат ўқувчилари сарсон бўляпти
18:24 / 20.11.2024
Файзулла Хўжаевнинг жияни профессор Сулаймон Иноятов вафот этди
14:38 / 20.11.2024