Жаҳон | 09:17 / 23.07.2022
11855
3 дақиқада ўқилади

БМТ суди Мянмадаги геноцид бўйича суд жараёнига йўл очиб берди

Халқаро суд Гамбиянинг Мянмани роҳиня мусулмонлари озчилигига қарши геноцидда айблаган даъвосини кўриб чиқиш ваколатига эга эканлигини таъкидлади. Мянма расмийлари БМТ судининг бундай юрисдикцияга эга эмаслигини маълум қилди.

Фото: ICJ

БМТ халқаро суди Мянмадаги геноцид бўйича иш юзасидан суд жараёни учун йўл очиб берди. 22 июль, жума куни Ҳаагада БМТ олий суди Мянма ҳарбий режимининг шикоятини барча моддалар бўйича рад этди. Судья шунингдек, Гамбия томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти номидан Мянмага қарши роҳиня мусулмонлари озчилигига қарши геноцид айблови билан қўйилган даъвоси асосида кўриб чиқилаётган иш бўйича инстанция юрисдикциясига эга эканлигини таъкидлади. Мянма расмийлари эса БМТ судининг бундай юрисдикцияга эга эмаслигини билдиришда давом этмоқда.

Даъвогарга кўра, 2017 йилда Мянмада роҳиня мусулмонларига қарши ҳарбий амалиёт бошланган ва бу операция минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган. Компания қотилликлар, қийноқлар, аёллар ва болаларни зўрлаш билан бирга юз берган. Бир неча юзлаб қишлоқлар ёқиб юборилган, кўплаб аҳоли ҳалок бўлган. Бу асосан аёллар, болалар ва қариялардан иборат 700 000 дан ортиқ роҳиняларнинг қўшни Бангладешга қочиб ўтишига сабаб бўлди. 

Мянманинг баёнотларига кўра, ғарбий Африкадаги Гамбия давлати даъвогар сифатида иштирок эта олмайди, чунки бу иш унга бевосита таъсир қилмайди. Бироқ суд бу эътирозларнинг қонуний асосини кўрмади. 

Мянмадаги геноцидга оид асосий суд жараёни қачон бошланиши ҳали аниқ эмас. БМТ халқаро судида суд жараёни йиллар давомида кўрилиши мумкин. 

Бу Мянманинг ушбу иш бўйича суддаги иккинчи мағлубиятидир. Тахминан икки йил олдин БМТ суди даъвогарлар фойдасига қарор чиқарган ва Мянмага роҳиня мусулмонларини зудлик билан ҳимоя қилишни буюрган. Ўшанда ўша пайтдаги ҳукумат раҳбари ва 1991 йилги тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжи Ҳаагадаги айбловларни рад этганди. Бу сиёсатчи ҳамон ҳарбий жиноятларининг олдини олишдаги ҳаракатсизлиги учун танқид қилинади. 2021 йилда Аун Сан Су Чжи ҳарбий тўнтариш натижасида қўлга олинди. Кейинчалик у бир неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳозир у қамоқда. 

Халқаро суд БМТнинг асосий суд органи бўлиб, давлатлар ўртасидаги ҳуқуқий низоларни ҳал қилади. Мянма иши энг оғир халқаро жиноятлар, жумладан геноцид бўйича юрисдикцияга эга мустақил суд органи – Халқаро жиноий суд томонидан ҳам кўриб чиқилмоқда. Иккала суд ҳам Ҳаагада жойлашган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид