Жамият | 17:28 / 23.07.2022
17915
3 дақиқада ўқилади

Қиш ғамини ёзда ейдиган қишлоқ аёллари

Фарғонадаги боғларда мева йиғим-терими авжига чиққан. Кунлик ишга чиқувчиларнинг қўли қўлига тегмайди. Бугунги кунда асосан шафтоли, олма, олхўрилар терилиб, четга экспорт қилиняпти. 53 ёшли Сайёра Бойғонова ана шу ишларда жонбозлик кўрсатаётганлардан.

“Ҳар куни тонг саҳарлаб “питагимиз”га тўпланамиз. “Брокер”имиз ҳар куни “питак”дан олиб кетади ва иш тугагач яна қайтариб уйимизга элтиб қўяди. Кунлик иш ҳақимиз 130 минг сўм. Тушлик овқатимизни қилиб беришади.

6:00 дан 18:00 гача ишлаймиз. Ҳар куни ишга чиқаман. Орада хоҳишга қараб якшанба куни дам оламан. Бошқа кунлари деярли ишга чиқаман. Бир ойда 3 миллион сўмдан ошиқ пул топаман. Қўшимча даромад киради рўзғоримизга. Хўжайиним ва ўғилларимизга ҳарна ёрдам бўлади-да.

Бир қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим Россияда ишлайди. Келиним ва неварам бор. Хўжайиним боғбон, узум парвариш қилади. Ҳаётда яхши яшаймиз. Ишга чиқиб яйраб ишлаймиз. Ўғлим Россиядан минг долларгача пул жўнатади.

Бу йил гилос териш мавсумида кунига 180 минг сўмдан ишладик. Шафтоли тугаса узум, хурмо, анор, олма терамиз. Ноябр ойигача мева теримида ишлаймиз. Қишда асосан дам оламиз. Тўплаган пулимизни қишда сарф қиламиз.

Худо хоҳласа келаси йили пенсияга чиқаман. Енгил саноатда 17 йил ип йигирганман. 2000 йилдан бери кунлик ишга чиқаман.

Нолимайман, тирикчилик ўтиб турибди. Фақат гўшт, ун, ёғ ва шакарнинг нархи тушса ҳамма зўр яшайди. Гўшт қиммат. Илгари 1 ҳафтада 1 кг гўшт олаётган бўлсак, ҳозир ҳафтасига ярим кг гўшт еяпмиз.

Кузгача мева теримида ишласам 10-12 миллион сўм пул тўплайман. Сарфлаганимдан ташқари пул жамғараман қишга. Биттагина орзум бор. Отам уруш пайтида Туркиянинг Истанбул шаҳридан Фарғонага келиб қолган. Туркияга бориб қариндошларимни кўриб келгим бор.

Қўлимда каттагина телефоним бор. Чет элдаги қариндошларим билан интернет орқали тез-тез гаплашиб тураман”, – дейди Сайёра Бойғонова.

Сайёра опа октябр ойида Қозоғистондаги қариндошларини кўриб келмоқчи. Туркияга бориш учун эса астойдил ишлаб пул тўплаяпти.

Боғда ишлаётган аёлларнинг аксарияти пенсия ёшига етган. Улар ёшлар териб келган шафтолиларни яшикларга теришар, меваларини жойлаб бўлиб рақсга тушишарди. 

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид