Жаҳон | 14:45 / 25.07.2022
8947
3 дақиқада ўқилади

COVID-19: инфекцияни юқтириб олганлар сони 570 миллиондан ошди 

Дунёда коронавирус билан касалланганлар сони 570 миллион кишидан ошди, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича еврокомиссар юқтириш ҳолатлари сонининг «хавфли ўсиши» ҳақида маълум қилди.

Фото: DW

Дунёда коронавирус инфекцияси аниқланганлар сони 570 194 340 нафардан ошди. Буни 25 июль, душанба куни Балтимордаги (Мэриленд штати) Жон Хопкинс университети томонидан эълон қилинган маълумотлар тасдиқлади. Пандемия бошланганидан бери COVID-19 оқибатларидан вафот этганлар сони 6 384 340 нафардан ошди. 

20 миллиондан ортиқ одам касалланган давлатлар рўйхатида АҚШ етакчилик қилмоқда (90 410 386).

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш масалалари бўйича еврокомиссар Стелла Кириакидеснинг таъкидлашича, ЕИга аъзо давлатлар юқтириб олиш сонининг ҳозирги «ташвишли ўсиши» фонида куз ва қишда пандемиянинг янги тўлқинига тайёргарлик кўришни бошлашлари керак. ЕИ комиссари сўзларига кўра, ўзини ўзи тинчлантириб ўтиришга ўрин қолмаган. «Афсуски, пандемия шароитида бир қатор мамлакатларда инфекция ҳолатларининг хавотирли ўсиши кузатилди», деди у Кипр давлат радиосига берган интервьюсида.

«Охирги икки ой давомида биз пандемиянинг навбатдаги тўлқини иқтисодиётимиз ва жамиятимизга, айниқса, уруш, Украинага босқинчилик ва инфляция шароитида янада кўпроқ юк бўлиб тушиши керак эмаслигини тўлиқ англаб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрдик», - деди Кириакидес. 

Унинг сўзларига кўра, Еврокомиссия ЕИга аъзо давлатлардан 60 ёшдан ошган ва аҳолининг заиф гуруҳларини бустер эмлашни тезлаштиришни сўраган. 

«Бу ойлар тайёргарлик бўлади. Бизнинг соғлиқни сақлаш тизимларимиз пандемиянинг янги тўлқинларига тайёр бўлиши керак, у, масалан, мавсумий грипп билан бирлашиши мумкин», деди у. 

Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах 21 июль куни Вашингтонга ташрифи чоғида янги юқтириш ҳолатларини камайтириш бўйича зарур чоралар кўрилмаса, COVID-19 янги фалокатли тўлқини хавфи ҳақида огоҳлантирди. «Агар биз кузни худди шундай бошласак - қўшимча ҳимоя чораларисиз, ниқобларсиз, ҳамма нарсасиз - бу юқтирганлар сони кескин кўпайишини ва реанимация бўлимлари ортиқча юкланишини англатади», дея маълум қилди у dpa агентлигига. 

Немис сиёсатчиси эпидемияларга қарши янги чора-тадбирлар зарурлигини таъкидлади. У тайёрланаётган аниқ қадамлар ҳақида хабар бермади, аммо турли идоралар, жумладан, Адлия вазирлиги билан махфий маслаҳатлашувларга ишора қилди. Жорий чора-тадбирлар 23 сентябрда тугайди, шу вақтгача расмийлар касалланишлар сонини камайтириш бўйича янги режани қабул қиладилар, дея қўшимча қилди Лаутербах. 

Мавзуга оид