Ўзбекистон | 14:40 / 26.07.2022
63686
4 дақиқада ўқилади

Гидромет ҳаво ҳарорати бўйича одамларга пасайтирилган маълумот тақдим этмоқдами? 

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб бораркан, одамларда Гидрометеорология хизмати бераётган маълумотларга шубҳа билан қараш кучайган.

Бу қарашларга кўра, Ўзбекистонда айни кунларда 50-60 даража иссиқ ҳарорат кузатиляпти-ю, Гидрометеорология хизмати одамларни хавотирга солмаслик учун ҳароратни 5-6 даража пастроқ қилиб кўрсатмоқда. Ёки ҳукумат шу орқали турли тўловлардан қочмоқда.

Хўш, чиндан ҳам Гидрометеорология хизматининг расмий маълумотлари ҳақиқий ҳароратни пасайтириб кўрсатиш орқали эълон қилинадими?

Kun.uz мухбири хизмат мутахассисларига юзланиб, вазиятга ойдинлик киритиш ва буни аниқ ҳолатда далиллаб беришни сўради.

Гидрометхизмат бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Зоҳидов саволларимизга жавоб бераркан, аввало одамлар орасидаги бундай фикрлардан яхши хабардорлигини айтади.

“Биз ҳозир очиқ майдон, очиқ ҳавода турибмиз. Бу қуёш нурларининг тўғридан тўғри инсонга таъсир қилиши ҳисобланади. Бу инсонлардан ташқари автомобилларга ҳам тўғридан тўғри таъсир қилади. Лекин ҳаво ҳароратини ўлчашнинг ҳам ўз тасдиқланган қоидалари бор. Яъни автомобилларга ўрнатилган термометрлар ҳаво ҳароратини табиий усулда ўлчамайди.

Ҳаво ҳароратини тўғри ўлчаш учун Селянинов будкаси номли қути ичида ўрнатилган термометр кўрсаткичлари маълумотига асосланиш керак”, – дейди мутахассис.

У бизга Селянинов будкаси нима экани борасида ҳам бир қатор маълумотларни бўлишди.

“150 йилдирки ҳаво ҳарорати 2 метр юқорига ўрнатилган шу каби тахтали қутича ичидаги термометр кўрсаткичлари ёрдамида ўлчанади.

Бу қутича, “психрометрик будка” ёки “метеорологик будка” ҳам дейилади.

Будка 1,75 метрли қўзғалмас, мустаҳкам темир таянчлари устига ўрнатилади. Будка ичида вертикал кўринишдаги термометрлар ҳаво ҳарорати қийматини кўрсатса, горизонтал ҳолатдаги термометрлар сутка давомида кузатилган максимал ва минимал ҳаво ҳарорати қийматларини қайд этади”, – дейди Зоҳидов.

Мутахассисга кўра, Гидрометеорология хизмати об-ҳаво маълумотларини беришда фақат “психрометрик будка” маълумотларига асосланмайди. Бу борада республиканинг барча нуқталарида ўрнатилган автоматик ҳарорат ўлчагичлар – метеостанция маълумотлари бор. Расмий маълумотлар шу икки ўлчагичлар берган маълумотдан келиб чиқиб эълон қилинади.

Мутахассисга кўра, метеостанция ва “психрометрик будка” маълумотлари бир-биридан деярли фарқ қилмайди.

«Ўзгидромет ҳузуридаги «Метеоинфоком» давлат муассасаси томонидан Meteo monitoring - метеорологик кузатувлар Ягона портали синов тариқасида ишга туширилди. Мазкур портал орқали Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб қуйидаги метеорологик кузатувларни реал вақт режимида кўриш мумкин.

Реал вақт режимида об-ҳаво маълумотлари – ҳудудлардаги автоматик метеостанциялардан узатилаётган об-ҳаво маълумотлари;

Аэро-метеорологик маълумотлар – республикадаги мавжуд 12 та халқаро аэропортлардаги реал об-ҳаво маълумотлари;

Метеорологик радиолокатор маълумотлари – Тошкент, Самарқанд ва Нукусдаги 200 км радиусдаги радиолокатор маълумотлари;

Атмосфера ифлосланиши маълумотлари – республикадаги мавжуд атроф-муҳит ифлосланиши маълумотлари. Шунингдек, Марказий Осиёда ягона бўлган 2 та автоматик атроф-муҳит ифлосланиши станцияси маълумотлари;

Космо-метеорологик маълумотлар – спутник орқали олинаётган метеорологик маълумотлари;

Қор қоплами, сув кадастри ва табиий хавфи юқори бўлган зоналар тўғрисидаги маълумотлар

Айтиш мумкинки, бу портал ҳозирда манзилида www.data.meteo.uz ишламоқда”, – дейди бошқарма бошлиғи.

Мавзуга оид