Ўзбекистон | 18:36 / 26.07.2022
13300
2 дақиқада ўқилади

«Ҳали «Толибон»ни тан олиш масаласи кўтарилаётгани йўқ» — Абдулазиз Комилов

Комилов Афғонистон ҳукуматини яқин келажакда тан олиш масаласи ҳозир кун тартибида йўқлигини, лекин бошқа давлатлар билан муносабатларнинг нормаллашуви бунга йўл очишини таъкидлади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов 26 июл куни Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция доирасида журналистлар билан мулоқот қилди ва Афғонистон муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

У ушбу тадбир анча ижобий ўтгани, Афғонистондаги ўйинчилар ўртасида ҳам алоқалар яхшиланганини таъкидлади.

«Афғонистонда НАТО давлатлари ва иккинчи тарафнинг муносабатлари жуда мураккаб эди. Бугун муносабатлар анча яхшиланганига гувоҳ бўлдик. Музлатилган ресурслардан фойдаланиш масаласи барча томонидан кўтарилди. Ўйлайманки, бу борада яхши томонга ўзгаришлар бўляпти. Олдинги кун тартиби орқада қолди, бугун асосий масала Афғонистоннинг иқтисодий тараққиёти ва унга боғлиқ лойиҳалар мавжуд. Биз янги Афғонистон қурилиши моделини муҳокама қиляпмиз.

Бугун «Келинглар, эртага «Толибон»ни тан оламиз», деган масала кўтарилмади. Лекин ўзгаришлар ижобий, бошқа давлатлар билан алоқаларни нормаллаштириб бориш «тан олиш» масаласидаги йўлнинг бир қисми», дея Комиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Толибон»ни қайси давлат биринчи тан олиши борасидаги саволга жавобан, Абдулазиз Комилов ҳазил тариқасида ҳозирча тан олишга навбат йўқ, дея жавоб берди.

Мавзуга оид