Ўзбекистон | 19:56 / 31.07.2022
48307
4 дақиқада ўқилади

Бўри, айиқ, кийиклар ва тоғ қори орасидаги ҳаёт — Келинчаксой чўпонлари | Манзил

Келинчаксой кўпчиликка маълум Арашан булоғи ва кўллари томон элтувчи йўлда жойлашган. Чўпонлар айтган афсонага кўра, совуқда боласини бешикда тебратиб турган келинчак музлаб, тошга айланиб қолган ва шу сабабдан бу атрофларни келинчаксой деб аташади. "Манзил" шу ерда тирикчилик қилаётган чўпонлар ва ёзнинг иссиғигача сақланадиган қорларни кўрсатишга қарор қилди.

Бу ерда табиат жуда гўзал. Тоғлар тепасида ёзнинг қоқ ўртасигача турган қор, майсалар, хар юз метр оралиғида шалдираб оқаётган сойлар одамнинг баҳри дилини очиб юборади.

Чодирлар атрофида тоғ каламушлари шу қадар кўпки, бу кемирувчиларни томоша қилиш ҳам бир мароқли. Тўғриси, чўпонлар каламуш дегани учун биз ҳам каламуш деяпмиз, буларнинг асл номи нима эканини билолмадик. Лекин тоғ тепасига чиққанда суғур боласини кўрдик. 

Чўпонлар билан кўп кўришганимиз боис уларнинг ҳаётидан ҳам кўра, улар доим дуч келадиган ёввойи табиат, бўрилар, тулкилар, тўнғизлар, кийик ва айиқлар ҳақида сўрагимиз келди. Бу қизиқишларимни дарҳол пайқаган чўпон Шерали ака Шодиев, бир кун аввал кўрганларини айтиб кетди. Унинг айтишича, бир кун аввал тунда қўрага айиқ яқин келган. Буни дарҳол пайқаган чўпонлар тоғораларни тақиллатганча уни ҳайдаб солишган. Чўпонларнинг сўзларига кўра, айиқ оч бўлса танғир-тунғур қиласизми, бақирасизми, олов ёқасизми фарқи йўқ, бирорта қўй олмасдан кетмас экан.

Чўпонларнинг иши қийин, уларнинг энг катта душмани – бўри ва айиқ. Чўпонларнинг бу икки ҳайвон ҳақида айтиб берган гаплари ҳам жуда қизиқ.

Ёз кунлари тоғга чиқишни ва қорли чўққилар томон боришни анчадан бери режа қилиб юрар эдик. Бу сафар ўша режани амалга ошириш учун эрта тонгдан, икки кичик чўпон билан йўлга отландик. Чўпонлар тоғнинг пастки қисмида ўт камайгани учун тоғнинг юқори қисмига, қорли жойларга кўчаётган экан. Уларни кутиб, бирга чиқиб кетадиган бўлсак кеч қоламиз, яхшиси бир таваккал, ўзимиз чиқишга қарор қилдик ва йўлда давом этдик.

Икки соатлик машаққатли йўлдан сўнг ёзгача сақланган қорлар олдига етиб бордик. У ердаги манзара ва ўсимликлар ифори таърифлаб бўлмас даражада мафтункор. Қорга яқинлашганингиз сари ундан қиш ҳарорати ва ҳиди келиб туради. Шунча йўлдан сўнг қор емасанг одамга алам қилса керак. Тўғриси, қор ейишга едим-у, бу мумкин эмас эканини пастга тушганда билдим. Шу сабаб бўлдими ёки ўта қаттиқ чарчоқми сафардан қайтиб яхшигина тобим қочди. Қисқаси ёз куни қор кўрсангиз ҳам уни тановул қилишга шошилманг.

Шундай қилиб Келинчаксойдан қайтадиган бўлдик, афсуски бу ердан машина ўтиши ва унда қайтиш амримаҳол. Машина бўлавермагач юк машинасида қайтишга мажбур бўлдик. Таассуротларимизни айтиб ёки кўрсатиб тасвирлаб бера олмаймиз. Буни фақат ҳис қилиш керак.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид