Жамият | 14:15 / 07.08.2022
14584
6 дақиқада ўқилади

"Тўрт қиздан кейин топган ўғлимда оққон": бева аёл ҳасрати

"Турмуш ўртоғим вафот этиб, беш фарзанд билан қолдим. Тўрт қиздан кейин туғилган ўғлим оққонга чалинган. Даволатиш учун Россияда ишладим. Уйимиз йўқ, ижарада яшаймиз", - дейди бўғзида фарёд тўлган она.

Мусофирчилик, уйсизлик, ёлғизлик буколмаган онани йиғлатган дард

Беш фарзанд билан бева қолган Роҳила Эсонованинг кўрмагани қолмаган. Мусофирчилик, уйсизлик, ёлғизликни сабр билан ўтказаётган аёл учун фарзанди билан синалиш ҳам бор экан. Тўрт қиздан кейин дунёга келган ўғилда оққон хасталиги аниқланган. Уни даволатиш учун Россияда ишлаб пул юбориб турганда фарзандининг аҳволи оғирлашгани ҳақидаги хабар уни Ўзбекистонга қайтишга мажбур қилади.

“Ўғлимга илик кўчириш операцияси тавсия қилинган. Президент қарори билан Исроилда бу амалиётни ўтказишга йўлланма берилган. Лекин ўша вақтгача боламни даволатишим учун маблағим йўқ. Уйимиз йўқ, ижарада яшаймиз. Ҳозир ўзим ишлай олмаяпман, лекин муолажаларимиз давом этиши керак”, - изтироблари кўзёшларида акс этаётган онанинг ноласи юракни ўртайди.

Беҳзод Тўлибоевга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0417 7148 8401 опаси Насиба Йўлдошева номида

Ўзкард: 8600 0604 9626 5100 опаси Насиба Йўлдошева номида

Манзил: Қорақалпоғистон Республикаси, Амударё тумани, “Қорамон” ҚФЙ, 16 уй.

 

Ўз боламдай катта қилдим, лекин дарддан асрай олмадим

Лочинбек 2 ёшида етимликнинг азобини кўрган. Оғир дард туфайли онаси вафот этгач, отаси бошқа аёлга уйланади. Аммо онаси Самара опа у учун ўз фарзандидан ҳам зиёдроқ куйинади:

“Ўғлим болалигидан кўп азоб кўрди. Онасидан айрилган, мен иккинчи онасиман. Кўп касал бўларди, минг азобда катта қилгандим. Энди тузалди деганимда кутилмаганда бошимизга бу кулфат тушди. Ундан айрилиб қолсам қандай чидайман, деб ўйладим.

Турмушга чиқаётганимда дадам шу болаларни ўз боламдай кўришимни тайинлаганди. Ўз боламдан кам кўрмай катта қилдим. Лекин дарддан асраб қола олмаётганимдан куяман”.

Лочинбек соғайишни, ота-онасини биргаликда Ҳаж зиёратига олиб боришни орзу қилади.

Лочинбек Рашидовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 2135 5682 онаси Самара Мамадиёрова номида

Манзил: Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Каризқудуқ ҚФЙ, 148 уй.

Жондан азиз қизимнинг дардини кўтариш қийин бўляпти...

Айзере оиланинг кенжа қизи ва отасининг сирдоши. Унинг отаси Айбек Туймаханов далада деҳқончилик қилиб оила тебратиб келади.

“Ўзим қандли диабет касаллигига чалинганман, бироқ буни оиламга билдириб, уларниям қийнагим келмайди. Лекин жонимдан азиз қизалоғимнинг дардига чидаш қийин бўляпти.

Бизда фақат деҳқончилик маҳсулотларимизни йиғганимиздагина пул бўлади. Шу сабаб даволатиш учун кузни кутишимизга тўғри келади. Унгача ўзим далада бўлсам ҳам хаёлим шу қизимда бўлди. Фақат боламнинг дардига даво сўраяпман”, - дейди беморнинг отаси. Ўзи ҳам оғир хасталикка чалинган отанинг кўзига ўз дарди кўринмайди. Содда, самимий қишлоқ одамининг сўзларида фақат қизининг соғайишидан умид сезилади.

Айзере Таттибековага оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0609 2821 0070 отаси Айбек Туймаханов номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Шоликор маҳалласи, Навоий кўчаси 2 уй.

Икки бемор парваришини зиммасига олган аёл ҳасрати

Дилафрўз Бобомуродова аёл боши билан астма хасталигига дучор бўлган турмуш ўртоғига тиргак бўлиб, тикувчилик ҳунарининг орқасидан кун кечириб келишаётган эди. Лекин тақдирнинг синовлари уни яна бир чиғириқдан ўтказмоқда. Қизи Мадинада оққон аниқланган.

“Ўзи зўрға тирикчилик ўтказаётган пайтимизда яна бир синов бошимизга тушди. Моддий ҳолатимиз ёмонлиги сабаб қизимни тўлиқ даволата олмаяпмиз. Турмуш ўртоғим астмага чалинган, бир кўзи кўрмайди. Фақат бир кўзида хира кўра олади. Шунинг учун ҳеч қаерда ишлай олмайди. Ўзим тикувчилик қилардим, ҳозир қизим билан овораман”, - дея йиғлайди Дилафрўз.

Мадина Раҳматуллаевага оид маълумотлар:

Юнионпай: 6262 7201 7970 2959 онаси Дилафрўз Бобомуродова номида

Ҳумо: 9860 0609 1486 5351 онаси Дилафрўз Бобомуродова номида

Манзил: Жиззах вилояти, Бахмал тумани, Олдошмон қишлоғи.

Қандай бўлмасин боламнинг ҳаётини сақлаб қолишим керак

 “Боламнинг аҳволи оғирлашгач, Тошкентга олиб келдик. Шифохонада таҳлил натижасини кўрган турмуш ўртоғимнинг юрагини ушлаб йиғлаётганини кўриб қўрқиб кетдим. Кейин билсам таҳлил натижаларида ўғлимизнинг оққонга чалинганлиги аён бўлган экан.

7 ойлик чақалоғимни саратонга чалинган қайнонамга ташлаб, ўғлим билан шифохонадамиз. Ҳозир хаёлим фақат унинг ҳаётини сақлаб қолишда”, - дея йиғлайди беморнинг онаси Шоҳсанам.

Ҳумоюннинг аҳволи шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан анча яхшиланиб, ўз оёғи билан юра бошлаган. Аммо ҳали унга яна давомли муолажалар, парвариш учун кўп маблағ керак. Оила эса уйдаги сўнгги мол-ҳолгача сотиб, ишлатиб бўлган.

Ҳумоюн Абдуваҳобовга оид маълумотлар:

Ўзкард: 8600 0604 2689 7626 онаси Шоҳсанам Тўхтабоева номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани, Навбаҳор кўчаси, 3 уй.

Улар изтиробларини, ҳасратларини енгиллатишда фақат Яратгандан мадад кутишади. Бандалари эса бир сабабчи холос. Бу аламлар шодликларга айланишида ёрдамимизни аямайлик.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид