Ўзбекистон | 23:25 / 08.08.2022
26589
6 дақиқада ўқилади

Чилонзор кўчаси: Дарахтлар тирик қоладими, сабоқ чиқариладими?

Чилонзор кўчасида илдизининг бир қисми қўпориб ташланган дарахтлар парвариш қилиняпти. Бир неча юз метрга ётқизиб бўлинган лотоклар эса жойидан олиняпти (бу қўшимча харажатлар кимнинг бўйнига?) – йўл лойиҳадаги 22 метрдан 15 метрга қисқартирилади. Кўча Мустақиллик байрамига битказиб топширилиши айтилмоқда.

Kun.uz 7 август куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Чилонзор кўчасини кенгайтириш-таъмирлаш ишлари давомида йўл бўйидаги кўп йиллик дарахтларнинг илдизлари кесиб ташланаётгани ҳақида репортаж эълон қилганди.

Йўл кенгайтириш давомида жами 101 туп дарахтга, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахти илдизлари шикастлантирилган. Бунда диаметри 45–98 смгача бўлган жами 9 туп эманнинг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилган.

Мутахассислар фикрига кўра, бу дарахтларнинг омон қолишига тўла кафолат бериб бўлмайди.

Репортаж эълон қилинаркан, ҳолат жамоатчиликнинг кенг эътирозларига сабаб бўлди.

Бу ҳақда гапирган эко-фаоллар ҳолатни унга йўл қўйган масъулларнинг фаросатсизлиги, шунингдек, амалдаги қонунлар, халқ, жамоатчилик ва табиатга тупуриб қўйиш, саботаж дея баҳолашди.

Хўш, масъуллар ўтган 1 кун давомида норозиликлардан қай даражада хулоса чиқаришди? Қурилиш-таъмирлаш лойиҳасида нима ўзгарди? Илдизларига шикаст етказилган кўп йиллик дарахтлар тақдири энди нима бўлади?

Kun.uz мухбири шу каби саволларга жавоб топиш учун яна воқеа жойида бўлди.

Чилонзор кўчасига кириб борарканмиз, эътиборимизни тортган илк ҳолат йўл четидаги илдизлари чопиб ташланган эманлар парвариши бўйича ваъда қилинган ишларнинг бошлаб юборилгани бўлди.

Илдиз қисми очилиб қолган ёки кесилган эманлар тагига соф сариқ тупроқ, гумус ва қум тўкилган. “Ўзйўлкўкаламзорлаштириш” унитар корхонаси ишчилари эса машинада сув келтириб дарахтларни суғориб чиқишмоқда.

 

Биз бошланган ишлар ҳақида шу ердаги жараёнларга раҳбарлик қилиб турган Чилонзор туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассиси Жўрабек Муродовдан маълумот сўрадик.

Ҳокимлик вакилининг айтишича, ҳозирда дарахтлар парвариши учун 140 метр куб сариқ тупроқ, 45 метр куб гумус ва 33 метр куб қум олиб келинган ва улар йўлнинг ҳар икки томонидан дарахтлар учун ажратилган 3,5 метрли яшил ҳудудга мутахассислар тавсиясига асосан солинмоқда.

Илдизларига жиддий шикаст етказилган эман ва чинорларни сақлаб қолиш учун эса чиришнинг олдини олишда ишлатиладиган фитоспорин микробиологик препаратлари ва илдиз ўстирувчи корневин биостимулятори билан ишлов берилмоқда.

Чилонзор кўчасини кенгайтириш лойиҳаси ўзгартирилади

Жўрабек Муродов жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган Чилонзор кўчасини кенгайтириш лойиҳаси шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев топшириғи билан ўзгартирилаётганини айтди.

Унга кўра, дастлабки лойиҳада кенглиги 22 метр қилиб белгиланган йўл 15 метргача қисқартирилади. Ҳозир шаҳар ҳокимлигида ана шу янги лойиҳа тайёрланмоқда.

“Қисқартиришдан кейин қолаётган 7 метр ҳудуд эса йўлнинг икки томонига 3,5 метрдан бўлиниб, яшил ҳудуд учун қолдирилиши айтилди. Яшил ҳудудларни суғориш учун 8та қудуқ қазилади.

Умуман олганда, Чилонзор кўчаси 1 сентябрга қадар таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган”, – деди у.

Ҳозир дастлабки лойиҳа бўйича йўл четига ўрнатилган ирригация тармоқлари (лотоклар) ҳам тўлиқ олиб ташланмоқда. Улар йўл қисқартирилиши давомида белгиланган жойларда қайтадан ўрнатилади.

Ҳокимлик вакилига кўра, Чилонзор кўчасини кенгайтириш ва таъмирлаш лойиҳасининг:

  • буюртмачиси – “Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК;
  • бош пудратчиси – Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги “Тошкент кўприклардан фойдаланиш” УК ҳисобланади.

Экология ва атроф-муҳитни ҳимоялашга кучи етмаётган бош эколог ҳақида

6 август куни юз берган ҳолат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, унинг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари ҳам жиддий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатиб берди.

Ҳар ҳолда қўмитанинг кескирлиги, қатъий сиёсати бўлганда, у хоҳ вилоятлар бўлсин, хоҳ пойтахтда, лойиҳаларнинг экологик экспертизадан ўтказилишини қатъий талаб қилган бўлар эди.

Кечаги репортажимиз давомида Тошкент шаҳар бош экологи Фарҳод Деҳқонов ҳам вазият юзасидан ўз изоҳини берган эди. Аммо пойтахт экологияси учун биринчи навбатда масъул шахснинг берган ноаниқ жавоблари ва ўзини худдики қурувчи компаниянинг ҳимоячисидек тутгани кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Аввало Деҳқонов дарахтларга зарар етказган компанияни танқид қилиш, бунинг экологияга зарари ҳақида бонг уриш ўрнига, журналистларни дарахтларга ишлов бериб, қайта ўстириш мумкинлигига ишонтиришга уринди.

Фарҳод Деҳқонов

“Бу ишлар соҳа мутахассислари, туман ободонлаштириш бўлими агрономлари ва бизнинг экологлар назоратида бўлган. Ушбу лойиҳа дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларга зарар етказмасликка ҳаракат қилиб лойиҳалаштирилган”, – дея тутуриқсиз лойиҳани оқлашга уринди у.

Пойтахт бош экологининг бу гаплари Экология қўмитаси раиси Нарзулла Обломуродов берган изоҳга мутлақо зид. Раиснинг айтишича, Чилонзор кўчасини кенгайтириш, таъмирлаш ишлари учун экологик хулоса ҳам, рухсат ҳам олинмаган.

Тошкентда экологик муаммолар кўпайиб бораётгани шаҳарнинг экологик раҳбарларидан ҳам қатъийликни талаб қилади, бу жиҳат эса шаҳар экобошқармасида етишмаётгани кўриниб турибди.

Бу ўринда ҳокимликлар ҳам шаҳар аҳолисининг ҳаётига тўғридан тўғри дахлдор лойиҳаларни аввало жамоатчилик, зарурат бўлганда экологлар билан маслаҳат қилишни мутлақо лозим топмаётганини ҳам таъкидлаш керак.

Эслатиб ўтамиз, Чилонзор туман прокуратураси дастлабки текширувларга асосан 7 та дарахтга зиён етказилгани факти бўйича жиноят иши очган. Зарар миқдори 348,9 млн сўмга баҳоланмоқда.

UPD: Репортаж тайёрланган 8 август куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида селектор йиғилиши ўтказилди ва унда Чилонзор кўчасидаги дарахтларнинг нобуд қилиниши масаласи ҳам қаттиқ танқид остига олинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ҳамда туман прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилди. Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва шаҳар прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилди.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов. 

Илёс Сафаров
Муаллиф Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид