Жамият | 11:24 / 09.08.2022
6656
6 дақиқада ўқилади

ССВ: Юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож сирдарёлик беморларга имтиёзли тиббий йўлланмалар берилмоқда

Касаллик асоратли кўринишга келмагунча шифокор қабулига бормасдан, тўшакка михланиб қолгачгина унга эътибор берадиган одамлар анчагина. Улар орасида ҳаёт ташвишлари, рўзғор югур-югурлари сабаб саломатлигига эътибор беролмай, оқибатда эса бирор касалликка йўлиққан, аммо даволанишга, саломатлигини тиклашга имкони йўқ беморлар ҳам бор. 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларда ўтказилаётган соғломлаштириш акциялари ана шундай беморларга катта енгиллик бермоқда.

Вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, жами 150 нафардан иборат махсус гуруҳнинг бу галги геолокацияси Сирдарё вилояти бўлди.

Таҳлилларга кўра, бугун Сирдарё вилоятида энг кўп тарқалган касалликлар орасида нафас олиш тизими аъзолари хасталиклари юқори ўринда туради. Кейинги ўринларни эса қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари, овқат ҳазм қилиш, юрак-қон томир тизими хасталиклари банд этган. Бу каби касалликларни даволаш, соҳага доир масалаларни тизимли ва манзилли ҳал этиш учун, аввало, аҳолининг бу борадаги муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ижобий ечим топиш каби қатор чора-тадбирлар талаб этилади.

Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси – биринчи манзил

Дастлаб Гулистон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида муаммоли масалалар билан келган мурожаатчиларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилди. Тадбир давомида аҳоли мурожаатлари тингланиб, муаммоли масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. 

12 ёшда орттирилган дардга 33 ёшда чора топилди

Ўз муамммосига ечим топган бир шундай фуқаролардан бири Дилбар Қўшоқова — 1989 йилда туғилган. Гулистон шаҳрида яшайди. 3 нафар фарзанди бор. Ушбу аёлни 12 ёшлигидаги дард ҳамон қийнайди. Унинг айтишича, болалигида ерга қаттиқ йиқилиши туфайли оёқ суяги ёрилган.  

Оқибатда суяк емирилиб, оқсоқлик бошланган. Бироқ моддий имкони йўқлиги сабабли ўз вақтида даволана олмаган. Натижада беморнинг аҳволи йиллар давомида янада оғирлашади. Айниқса, аёл учинчи фарзандини дунёга келтиргач, касаллик янада зўрайган. Қабулда вазирлик мутасаддилари унинг мурожаатларига қулоқ тутди. Беморга давлат ҳисобидан бепул протез қўйилиб, даволанадиган бўлди.

2 йил инфаркт асорати билан қийналиб юрган беморда стентлаш амалиёти ўтказилади

Сайёр қабул давомида ўз муаммосига ечим топган яна бир бемор – Оллоёр Бўтаёров Гулистон шаҳар Сайқал маҳалласида яшайди. 52 ёшда. У 2020 йил инфарктни бошдан кечирган. Шундан бери мунтазам даволаниб юради. Аммо дард чекингани йўқ. 

Ўтказилган сайёр тиббий қабулдан Оллоёр ака ҳам ноумид қайтмади. Беморга Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида стентлаш операцияси учун бепул йўлланма берилди.

Сайёр қабуллар Боёвут туманида давом этди

Сайёр тиббий қабулнинг кейинги босқичи Боёвут тумани Тараққиёт маҳалласи ҳудудидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб ўтди. Қабулда вилоятнинг барча ҳудудларидан келган беморлар жам бўлди. 

Ўтказилган тадбирда фуқаролар дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилди. Шунингдек, бемор тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олинди.

Муаммоли масалалар билан келган фуқароларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари қабул қилиб, мурожаатларига тезкор ечим топиш чоралари кўрилди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ аҳоли вакилларига шу жойнинг ўзида давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар расмийлаштирилди.

Бўйин томирида аневризма бўлган 4 ёшли бемор пойтахтда операция қилинади

Ховос туманида яшовчи Гулжаҳон Абдуқодирова ҳам 4 ёшли фарзандининг дарддан соғайиши учун сайёр тиббий қабулга ёрдам илинжида келган. Аёлнинг 2018 йилда туғилган мурғак фарзандини бўйин томиридаги аневризма касаллиги қийнайди. 

Шу вақт ичида онанинг шифо излаб бормаган жойи қолмади. Аммо натижа йўқ. Бугун эса унинг фарзанди учун қилган мурожаати жавобсиз қолмади. Бемор болага академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида бепул операция қилиш учун йўлланма берилди.

Гепатит Б га чалинган 35 ёшли аёл бепул дори воситалари билан таъминланди

Сарвиноз Усмонова 35 ёшда. 2017 йил унга сурункали гепатит В хасталиги ташхиси қўйилган. Шифокорларнинг айтишича, бу касалликка чалинган беморлар узоқ вақт ушбу вирусга қарши керакли дори воситаларини ичиб юриши лозим. Акс ҳолда, цирроз ва жигар саратони каби жиддий хасталикларга олиб келиши мумкин. Сайёр қабулда бемор пойтахтдан келган малакали шифокорлар томонидан текширувдан ўтказилиб, бепул дори воситалари билан таъминланадиган бўлди. 

Икки томонлама коксартрозга чалинган бемор шифохонага ётқизилди

Бундан ташқари, мутахассислар беморлар уйда ётиб қолган, юқори технологияли тиббий молажаларга муҳтож бўлган беморларнинг уйига бориб, уларни тиббий кўрикдан ўтказишмоқда. 

Улардан бири Гулистоннинг Дўстлик маҳалласида яшовчи Орзигул Қодирова бўлиб, 1966 йилда туғилган бемор тос соҳасидаги оғриқлар сабаб юришга қийналади. Бундан ташқари, қон босими ошишидан ҳам азият чекади. 

Пойтахтдан ташриф буюрган мутахассислар беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, аввало, зудлик билан уни вилоят шифохонасига ётқизиб, қон босимини меъёрлаштириш, ундан сўнг беморда икки томонлама коксартроз ташхисига кўра республика даражасида жарроҳлик амалиёти ўтказилиши маълум қилинди. Бемор уйидан тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб кетилди. 

Шунингдек, Сирдарёда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси доирасида юртимизнинг энг малакали ва тажрибали шифокорлари томонидан «Гулистон тиббиёт кластери»да оғир дардга чалинган, лекин даволанишга қурби етмайдиган беморларда давлат ҳисобидан қатор мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда. 

Мавзуга оид