Ўзбекистон | 22:12 / 10.08.2022
23254
21 дақиқада ўқилади

Миллий мессенжер керакми? Айтичилар эътирози ва вазирнинг жавоби

Ўзбекистон ҳукумати миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилди. Бундай уринишлар илгари ҳам кўп марта кузатилган, бироқ уларнинг ҳеч бири муваффақиятли якун топмаган. Kun.uz танловни ўтказаётган инновацион ривожланиш вазири ва АКТ мутахассисларининг мавзуга доир фикрлари билан қизиқди.

Фото: Kun.uz

Ўзи нима гап?

2022 йилги давлат дастурига асосан, Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратилиши белгиланган. Бунинг учун йил охиригача муддат кўрсатилган.

Дастурда ёзилишича, бундан кўзланган мақсад – фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялаш. Kun.uz хабар берганидек, яратилган дастур, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар аудиториясининг қамрови ортишига қараб уларга солиқ имтиёзларини бериш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Июл ойи охирига келиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада танлов эълон қилди. Аризалар 1 октябргача қабул қилинади. Стартап муаллифлари ўзларининг инновациялари ва технологияларига асосланган бўлиши керак.

Танлов ғолибига қанча пул ажратилгани ҳозирча маълум эмас. Расмий хабарда танлов 2020 йил 9 мартдаги 133-сонли ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Стартап лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ ташкил этилиши ҳамда вазирлик томонидан узоғи билан 1 йил давомида молиялаштирилиши таъкидланган.

Низомда стартап лойиҳаларни молиялаштириш буюртмачи, талабгор ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланган.

“Давлат ташаббускор бўлмасин!”

Давлат органи томонидан миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилиниши ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари, соҳа мутахассисларининг эътирозларига сабаб бўлди. Танқидчиларга кўра, миллий тармоқлар машҳур глобал тармоқлар соясида оммалашмайди, бу эса бюджет пулини беҳуда сарфлашдан бошқа нарса эмас, бунгача бўлган уринишлар ҳеч қандай натижа бермагани ҳам буни тасдиқлайди.

Қолаверса, бу ташаббус хусусий сектордан чиқиши ва давлат бу ишнинг бошида турмаслиги керак. Экспертларнинг таъкидлашича, муваффақиятли стартапларга пул тикадиган инвесторлар ҳамиша топилади.

Kun.uz бир қатор соҳа мутахассисларининг мавзуга доир фикрлари билан қизиқди.

“Миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларнинг бўлгани яхши, лекин улар давлат аралашувисиз табиий вужудга келиши керак”

Анвар Нарзуллаев, Universiti Sains Islam Malaysia олийгоҳининг Ахборот хавфсизлиги кафедраси етакчи мутахассиси, фан доктори:

— Умуман олганда, ўзимизнинг маҳаллий, яъни миллий ижтимоий тармоғимиз бўлиши бу ижобий ҳолат деб биламан. Одатда чет давлатларнинг ижтимоий тармоқлари ана шу давлатнинг қонун-қоидаларига ёки қадриятларига амал қилиб фаолият юритади. Баъзида бу нарсалар аккаунтларнинг блокланишига олиб келиши мумкин, яъни Ғарбнинг ёки Американинг кун тартибига тушмайдиган постлар ёки изоҳлар учун баъзи аккаунтлар блоклаб қўйилади. Бу каби ньюансларни кўплаб келтириш мумкин.

Бу нарсаларнинг олдини олиш учун ҳам, умуман олганда IT’ни ривожлантириш учун ҳам ўзимизнинг маҳаллий маҳсулот бўлгани яхши. Лекин бу нарса давлат буюртмаси асосида, тендер асосида қилинишини жуда катта хато деб биламан. Бундай маҳсулотлар, яъни маҳаллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар табиий вужудга келиши керак. Табиий деганим, биринчидан, уларни хусусий компаниялар яратиши мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, бундай маҳсулот бозордаги бошқа ижтимоий тармоқлар, масалан, у Facebook бўладими ёки Instagram, Telegram билан рақобатлаша олиши керак.

Рақобатлашиш учун эса ўзимиздаги қандайдир афзалликларни кўрсатиб беришимиз зарур бўлади. Яъни нима учун айнан ўзбек миллий маҳсулотидан фойдаланишимиз керак? У айни пайтда мавжуд ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан қандайдир афзалликларга эга бўлиши шарт. Мана шу рақобатдан ўта олсагина у муваффақиятли стартап бўлади. Бу бирдан бўлмайди, йиллар кетади бунга. Йиллар давомида ривожланиб, такомиллашиб яхши миллий маҳсулотга айланиши мумкин.

Бошқа давлатларни мисол қиладиган бўлсак, масалан, Жанубий Кореяда Facebook, Instagram кабилардан фойдаланишмайди, ўзларининг маҳаллий дастурларини ишлатишади. Ҳаттоки Google’нинг ўрнига миллий қидирув тизимини яратишган. Бу платформалар ўн йиллар давомида ривожланиб келган. Бизда ҳам жараён худди шундай табиий кечиши керак, яъни давлат томонидан жорий этилиши керак эмас.

Бу нарса билан давлат шуғулланадиган бўлса, бу ерда иккита муаммо бор. Биринчиси, бу – дастурий маҳсулот ишлаб чиқариш. Бу ерда тўғридан тўғри муаммо бўлмаслиги мумкин, лекин маҳсулотни татбиқ қилиш, оммага ёйиш, маркетинг, реклама қилиш кабиларда давлатнинг аралашуви самарасиз, яъни бу ишларни амалга оширишда қийналади. Натижада ҳар доимгидек монополия ёки мажбурлаш каби усулларга ўтиши мумкин. Яъни чет эл ижтимоий тармоқларини блоклаб, фойдаланувчиларни маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга мажбурлаши эҳтимоли бор ва бу нарса ўз-ўзидан салбий оқибатларга олиб келади.

Маҳаллий маҳсулотнинг давлат томонидан ишлаб чиқарилиши ёки молияланиши одамлар ишончсизлигига ҳам олиб келади. Чунки миллий ижтимоий тармоқ давлат ҳомийлигида ишлаб чиқарилгандан кейин ҳар бир пост, ҳар бир изоҳ назорат остида бўлади. Бундай вазиятда фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари хавфсизлиги қандай таъминланади? Бунга ҳали одамларимизнинг ишончи юқори эмас.

Яна битта муаммо давлат бу нарсани кейинчалик техник томондан қандай қилиб таъминлаб боради? Чунки ижтимоий тармоқларни серверлар ва электр энергияси билан доимий равишда таъминлаб бориш керак. Бу эса жуда катта ресурс талаб қилади. Яъни йилига миллионлаб долларлар ажратилиши талаб этилади, бунинг устида минглаб мутахассислар ишлаши керак. Бу ишларни ким бўйнига олади? Хусусий секторми ёки давлат?

Хулоса шуки, бундай лойиҳалар одатда Россия мисолида гапирадиган бўлсак ҳам, катта-катта хусусий компаниялар томонидан қилинади. Албатта, вақт ўтиши билан булар ҳам давлат назоратига ўтади, яъни Ўзбекистондаги қонун ҳужжатлари асосида ишлай бошлайди. Лекин шунга қарамай бу иш билан хусусий сектор шуғулланиши керак деб ўйлайман.

“Вазирлик фундаментал изланишларни қўллаб-қувватлаши керак”

Баҳодир Аҳмедов, Акфа университети декани:

— Миллий мессенжер яратилиши учун тендер эълон қилинганидан хабарим бор. Бу масалада менинг фикрим салбий. Мамлакатимизда Telegram мессенжери жуда ҳам машҳур. Баъзи маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда Telegram’нинг 18 миллиондан ортиқ актив фойдаланувчилари бор.

Telegram’нинг энг катта афзалликларидан бири бу трафикнинг кам ишлатилиши ва хабарларнинг хавфсиз сақланиши. Бу нарсаларга эришиш учун, расм ва видеолар жуда илғор алгоритмлар орқали ихчамлаштирилади. Ёки бўлмасам, ҳар қандай хабар жуда мураккаб технологиялар ёрдамида шифрланади. Мен ўзим айнан мана шу соҳаларда дарс ўтаман ва илмий фаолиятимни олиб бораман.

Ўйлашимча, Инновацион ривожланиш вазирлиги фундаментал изланишларни, яъни айнан шунақа алгоритмлар, технологиялар яратилишини қўллаб-қувватласа, соҳага кўпроқ ҳисса қўшган бўларди. Чунки хусусий секторнинг фундаментал изланишларга, узор муддатли инвестициялар киритишга имконияти йўқ. Лекин кейинчалик, ушбу яратилган технологияларни ишлатган ҳолда, мессенжерлар ва бошқа сервисларни самарали равишда ярата олишади.

“Рақобатбардош мессенжер яратиш ҳозирги Ўзбекистон шароитида амалга ошишига кўзим етмайди”

Фарҳод Файзуллаев, Muloqot.uz ижтимоий тармоғи ва “Дарё” интернет-нашри асосчиси, IT соҳаси мутахассиси:

— Назарий жиҳатдан миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ ишлаб чиқариш мумкин ва у оммабоп бўлиши ҳам мумкин. Бироқ фақат назарий жиҳатдан олиб қараганда. Миллий платформалар оммалашиши, одамлар томонидан кенг фойдаланиши учун уларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлиши талаб этилади.

Масалан, Telegram’ни оладиган бўлсак, унинг масъуллари доимо ўзларининг энг хавфсиз платформа эканликларини, ҳеч ким фойдаланувчиларнинг ёзишмаларини кўра олмаслигини, хавфсизлик хизматларига фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари тақдим этилмаслигини таъкидлаб келишади. Бундан ташқари, Telegram биз тез ишлаймиз, мессенжеримиз интернет сифати юқори бўлмаган жойларда ҳам ишлайди, кўп траффик талаб қилмайди дея реклама қилишади ва бу бор гап.

Демоқчи бўлганим, миллий мессенжер ёки ижтимоий тармоқ ишлаб чиқилганда, ҳеч кимда, бошқа ҳеч бир платформада йўқ имкониятлар, ўзига хослик бўлиши керак. Олдин TasIX деган нарсалар бўларди, ҳозирга келиб унинг умуман аҳамияти қолмаган. Энди одамларни жалб қила олиш учун қандайдир “фишка” ўйлаб топиш керак.

Амалий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, унақа платформаларни ўйлаб топиш ва ишлаб чиқиш мумкин, бироқ унга миллионлаб доллар пул сарфлашга тўғри келади. Ундан ҳам муҳими, шу ишни амалга ошира оладиган кадрлар керак бўлади. Фақатгина дастурчиларни айтмаяпман, биринчи ўринда дастурчилар керак, тўғри, лекин уларга дизайнерлар, маркетологлар ёрдам бериши талаб этилади.

Бундан ташқари, миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ рисоладагидек ишлаши учун инфратузилма, серверлар, интернет ва ҳоказолар зарур. Агар дўппини олиб қўйиб ўйланадиган бўлса, бунинг учун жуда кўп нарса кераклиги маълум бўлади.

Бундай кўламдаги ишни ҳозирги Ўзбекистон шароитида амалга оширишга менинг кўзим етмайди. Чунки ресурс йўқ. Ресурс бўлганда балки қилса бўларди. Масалан, Россияни олиб кўрсак ҳам, IT бўйича жуда яхши ютуқларга эришган, лекин 90-йиллардан бошлаб, яъни рақобат камроқ пайтда бозорга кириб келишган. Лекин ҳозир ҳамма ёқ тўлиб кетган, ақлга сиғар-сиғмас сегментлар эгаллаб бўлинган пайтда миллий маҳсулот яратиш учун жуда катта пул ва ресурс керак бозорга кириш учун. Ўзбекистон шароитида буни амалга ошириб бўлмайди ва бекордан бекор пуллар ҳавога совурилади.

“Инновацион деган соусга қориштирилган” турли электрон китоблар, луғатлар, мобил дастурлар, интернет сайтлар, маълумотлар базаси, ахборот тизимлари...

Шавкат Ҳамиджонов, дастурчи, IT мутахассиси:

— Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ ишлаб чиқиш – маблағни ҳавога совуриш ёки шунчаки пул ювиш деб биламан. Бунгача ҳам бундай уринишлар бўлган: Sinfdosh.uz, Davra.uz номли миллий ижтимоий тармоқлар, Anor, UzChat номли мессенжерлар бор эди. Қани ҳозир улар? Ишлаяптими? Йўқ!

Мессенжер – бу жуда ресурсталаб лойиҳа. Жуда кучли ва катта серверлар керак бўлади, унинг устида кучли дастурчилар ишлаши талаб этилади. Telegram’ни одамлар нима учун ёқтиришади? Аввало, тезлиги учун. Мамлакатимиздаги интернет тезлиги ва сифатига ҳавас қилиб бўлмайди. Лекин Telegram интернет энг секин ишлайдиган ҳудудларда ҳам яхши ишлаб турибди. Яратиладиган миллий мессенжер унга рақобатчи бўлиши керак, бунга унча-мунча дастурчининг ҳам кўзи етмаса керак.

Ҳозир давлат органларида ишловчиларнинг ўзлари ҳам Telegram’да мулоқот қилишса ва хат-ҳужжат алмашишса керак. Ахборот хавфсизлиги жиҳатдан бунинг салбий оқибатлари бўлиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Шу боис давлат хизматчилари ахборот ва маълумот алмашишида фойдаланадиган тизимларни такомиллаштириш кифоя.

Бу лойиҳа хусусий бизнесдан чиқсагина ривожланиши мумкин. Стартап сифатида бошланиши ва маълум ривожланиш истиқболлари бўлса, лойиҳа ва унинг асосидаги жамоа ишончга кирганда хусусий инвесторлар томонидан жон-жон деб молиялаштирилади. Бунга давлат ёки халқ пулидан шакллантириладиган фондлардан пул сарфлаш шарт эмас.

Агар бизда ҳам миллий ижтимоий тармоқ ишлаб чиқилса ва ривожлантирилса бундан фақатгина хурсанд бўлиш мумкин, лекин бу халқ пулига эмас, хусусий ташаббус бўлиши керак. Умуман олганда, ижтимоий фойдаси бўлмаган турли “инновацион” лойиҳалар ҳақида ҳам фикрим – шу. Инновацион деган соусга қориштирилган турли электрон китоблар, луғатлар, мобил дастурлар, интернет сайтлар, маълумотлар базаси, ахборот тизимлари... Давлат чўнтагидан пул оладиган бу каби лойиҳалар марҳамат хусусий инвесторлар ва венчурлардан пул олишсин агарда ҳақиқатдан фойдали бўлишса.

Вазир: “Бу – узоқни кўзлаб қилинаётган иш”

Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш бўйича танлов эълон қилингани жамоатчилик томонидан салбий кутиб олингач, Инновацион ривожланиш вазирлиги расмий баёнот билан чиқди. Унда миллий мессенжер яратиш Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш стратегиясида ҳам борлиги ва бу вазифа иқтисодиёт тармоқларининг реал талабидан келиб чиқиб шакллантирилгани таъкидланади.

“Халқаро тажриба, бозор талаби ва мавжуд мессенжерларнинг афзаллиги ва камчиликларидан келиб чиқиб, энг кучли лойиҳалар молиялаштирилади. Ўз навбатида, бундай мессенжерни яратиш ва ундан кенг фойдаланишига эришиш учун катта тарғибот ишлари олиб борилиши кераклигини ҳам тушунамиз. Яратилиши лозим бўлган миллий мессенжер ҳозирда аҳолимиз фойдаланаётган мессенжерлардан афзал бўлсагина, у оммалашиши мумкин.

Шу ўринда Хитойда фойдаланиладиган WeChat нафақат алоқа ва файллар билан алмашинув воситаси, балки тўлақонли ишлайдиган тўлов тизими, шахсий гувоҳнома ҳамдир. У Facebook, WhatsApp, Skype каби ижтимоий тармоқларнинг ўрнини босувчи имкониятларга эга, у орқали ҳатто такси чақириш ҳам мумкин. Миллий мессенжеримиз ҳам мавжуд мессенжерлардан афзалликларга эга бўлса, ундан барча фойдаланиши шубҳасиз”, дейилади баёнотда.

Kun.uz мавзуга доир саволлар билан инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновга мурожаат қилди. Унинг айтишича, миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратишга ҳаракат қилинаётгани миллий хавфсизлик, ахборот хавфсизлиги масаласи билан боғлиқ.

“Facebook, Twitter сингари халқаро даражада шуҳратга эришган ижтимоий тармоқлар бўлгани билан Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратишга ҳаракат қилинаётгани миллий хавфсизлик, ахборот хавфсизлиги масаласи билан боғлиқ. Айни пайтда ўзбекистонликлар фаол фойдаланаётган ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар чет эл компанияларига тегишли.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига оид ҳар қандай маълумотлар сотилади, яъни Facebook ҳам, Twitter ҳам фойдаланувчиларнинг қандай маълумотларни қидираётгани, қандай видеоларни томоша қилаётгани, нималарга қизиқиш билдираётгани ҳақидаги ахборотларни турли компанияларга пуллашади. Бу бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас. Бугун қайсидир платформада берилаётган битта рекламани кўрсак, кейинчалик лентамизда худди шундай мазмундаги ўнлаб рекламалар пайдо бўлиши бизнинг маълумотларимиз, биз ҳақимиздаги ахборотлар тинимсиз равишда қайта ишланаётганини англатади.

Қолаверса, бу ерда шахсга доир маълумотларнинг дахлсизлиги масаласи ҳам бор. Ўзимиз ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланамиз. Бизнинг суратларимиз, шахсий маълумотларимиз чет элдаги серверларда сақланади. Тасаввур қилайлик, эртага мабодо Facebook ёки Twitter бирданига йўқолиб қолса, одамларнинг бир неча йиллик маълумотлари ҳам йўқ бўлиб кетиши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам ҳар бир мамлакатда ушбу ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълумотлари сақланадиган серверлар бўлиши керак.

Ҳозирги геосиёсий вазиятда ижтимоий тармоқлар жамоатчилик фикрини шакллантириш платформасига айланиб қолаётгани, айрим ҳолларда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни нотўғри талқин қилиш, фейк хабарларни тарқатиш ҳолатлари кузатилаётганини кўриб турибмиз. Шу боис бундай вазиятда тўғри ва холис ахборот билан танишиш имконини берадиган ўзимизнинг муқобил платформаларимиз бўлиши керак.

Бизга тадбиркорлардан, илмий ҳамжамиятдан миллий ижтимоий тармоқ ва ахборот алмашишни таъминловчи мессенжерларни яратиш бўйича таклиф келиб тушган. Четдан қараганда бунга ҳозир эҳтиёж йўқдай кўриниши мумкин, лекин ташаббускорлар ва мутахассислар бунинг заруратини асослаб беришган. Ушбу таклифлардан келиб чиқиб, ахборот хавфсизлигини таъминлаш нуқтайи назаридан мана шу танловни эълон қилдик.

Бу танлов биринчи марта қилингани йўқ, миллий мессенжерга танловни бир неча йил бўлган, олдин бошлаганмиз. Ўз ғоясини янги алгоритмлар, янги платформа, янги интерфейслар билан асослаб берган лойиҳа муаллифлари танловда ғолиб чиқишлари эҳтимоли юқори.

Ўйлайманки, агар интерфейси замонавий ва қулай бўлса, ҳозир мавжуд ижтимоий тармоқларда йўқ афзалликларга эга бўлса, ўзбекистонликларнинг миллий платформаларга ўрганиб кетиши, кўникиши ва фойдаланишида муаммо бўлмайди. Қолаверса, юқорида айтганимдай, машҳур ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар кутилмаганда ишламай қолса, сизда ҳам, менда ҳам миллий маҳсулотни ишлатишдан бошқа чора қолмайди. Албатта, миллий маҳсулотимизни оммалаштириш осон бўлмайди, унинг маркетинги устида пухта ишлаш керак бўлади. Аммо Facebook ҳам, Twitter ҳам бирданига пайдо бўлиб, машҳурликка эришмаган. Уларни оммалаштириш учун ҳам махсус стратегиялардан фойдаланилган”, дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазирнинг ишонтиришича, янги ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратилиб, амалиётга муваффақиятли татбиқ қилинган тақдирда Ўзбекистон ҳудудида Facebook, Instagram, WhatsApp, Twitter, Snapchat, Telegram кабилар блокланмайди.

“Хорижда яратилган, ҳозир оммабоп бўлган платформалар эгалари ҳеч қачон ўз серверларини Ўзбекистонга кўчиришга рози бўлишмайди, фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тақдим этишмайди, буни улардан сўрашнинг кераги ҳам йўқ. Чунки бу пул туради. Бекорга улар фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни йиғишмаяпти. Бу жудаям катта бозор. Ахборот бозори. Биз миллат сифатида ўзимизнинг ахборотимизни кимлардир фойдаланиб сотишига қараб ўтирибмиз. Шундан келиб чиқиб, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, ахборот алмашинуви масалалари ва бугунги кунда фаоллашган ахборот савдоси муқобил платформаларни яратишимиз кераклигини кўрсатмоқда.

Қолаверса, бизда ҳам рақамлаштирилган жамият шаклланиб боряпти. Электрон тижорат, электрон хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи корхоналар сони кўпайиб бормоқда. Шулардан келиб чиқиб, бу борада миллий маҳсулот ишлаб чиқиш ҳаракати бошланди. Ҳар ким буни турлича тушуниши мумкин, лекин бу – узоқни кўзлаб қилинаётган иш.

Янги ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратилиб, амалиётга муваффақиятли татбиқ қилинган тақдирда бу Ўзбекистон ҳудудида Facebook, Instagram, WhatsApp, Twitter, Snapchat, Telegram кабилар блокланади дегани эмас. Бу фақатгина улар билан бемалол рақобатга кириша оладиган, ўзида сақланаётган ахборотларни ҳимоя қила оладиган платформа пайдо бўлишини англатади, холос. Ҳозир ўзбекистонда Telegram билан ким рақобатлаша олади? Ҳеч ким! Шу боис бу жараёнларни тартибга солишга эҳтиёж бор. Қанчалик оғир бўлмасин, бошқалардан қанчалар орқада қолган бўлмайлик, ахборот маконида ўз миллий маҳсулотимиз бўлиши керак ва шу ниятда бу танлов эълон қилинган”, дейди у.

Иброҳим Абдураҳмоновга кўра, миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш учун ажратиладиган маблағ миқдори чегараланмаган. Танловда асосан тадбиркорлар, IT корхоналар, хусусий сектор вакиллари, яъни давлатга тегишли бўлмаган субъектлар қатнашишлари мумкин. Вазир миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерни ишлаб чиқишга кетадиган пулнинг бир қисмини давлат грант сифатида ажратиши, қолганини лойиҳа муаллифлари ўзлари топишлари кераклигини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, шундан сўнг давлат ўйиндан чиқади, яъни яратиладиган маҳсулот давлат мулки ҳисобланмайди, аксинча лойиҳа муаллифлари келажакда ўзларини ўзлари ривожлантиришлари керак бўлади.

Шу пайтгача 32 та уриниш муваффақиятсизликка учраган

Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжер яратиш ҳақидаги гап-сўзлар энди пайдо бўлгани йўқ. Daryo.uz нашри ҳозиргача 32 та ана шундай уриниш бўлгани, 2022 йилга келиб уларнинг барчаси ёпилиб кетгани ҳақида ёзди.

Таъкидланишича, лойиҳаларнинг аксарияти муваффақиятли хорижий компанияларнинг нусхалари бўлган. Хусусан, UzFace, YouFace – Facebook’нинг, Drug.uz – ВКонтакте'нинг, Bamboo.uz – Twitter'нинг, Sinfdosh.uz – Одноклассники'нинг нусхаси бўлган.

Шунингдек, UzChat мессенжери, Doira.uz, Davra.uz, Muloqot.uz, Mening olamim (Olam.uz сайти таркибида, Россиядаги “Мой Мир”нинг нусхаси) каби платформалар яратилган. Улар орасида энг узоқ ишлагани Muloqot.uz бўлиб, 7 йил мавжуд бўлган ушбу лойиҳа 2018 йилда ёпилган эди.

2017 йилда Telegram ва WhatsApp каби мессенжерларнинг миллий муқобили – Uzphone'ни ишлаб чиқиш бошланганди. Юқоридаги лойиҳаларнинг деярли барчаси давлат томонидан молиялаштирилганди.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.

Мавзуга оид