Спорт | 08:03 / 11.08.2022
54551
3 дақиқада ўқилади

Мот бўлмаган олтин авлод тантанали кутиб олинди ва мукофотланди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасидa чемпион бўлган Ўзбекистон жамоаси 11 август куни Тошкентга қайтди.

Ғолиблар тантанали равишда кутиб олинди. Тадбирда бош вазир Абдулла Арипов шахматчиларга президент табригини етказди ва мукофотларни топширди.

Чемпионликни қўлга киритган эркаклар жамоаси вакиллари — Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров ва Шамсиддин Воҳидов 600 млн сўмдан пул мукофоти, Equinox автомобили ҳамда «Ўзбекистон ифтихори» медали билан тақдирланди.

200га яқин жамоа ичида 31-ўринни қўлга киритган аёллар жамоаси аъзолари — Нилуфар Якуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Мафтуна Бобомуродова ва Афруза Ҳамдамова «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланди.

Шундан сўнг шахматчилар ОАВ вакиллари билан интервьюда ўз фикрлари билан ўртоқлашишди. Ҳиндистон-2га қарши баҳсда камбэк амалга ошириб, чемпионликка катта ҳисса қўшган Нодирбек Абдусатторов жамоа кейинги турнирларда ҳам максимал даражада ҳаракат қилишини таъкидлади: «Ассалому алайкум барчага. Бизни қўллаб-қувватлаб турган президентимиз ва халқимизга жамоа номидан миннатдорчилик билдираман. Ишончингизни ҳар ўйинда ҳис қилиб турдик. Жамоамиз 180дан ортиқ давлат ичида бирор марта ютқазмай, чемпион бўлди. Бу — илк ғалаба.

Ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботладик. Кейинги турнирларда ҳам ғолиб бўлишга максимал даражада ҳаракат қиламиз.

Гукеш билан баҳс ҳаёт-мамот жанги бўлди. Ютқазмасак, камида 3-ўринни нақд қилардик. Ғалабамга кўпчилик ишонмаганди. Иродамни туширмадим ва рақибнинг хатосидан фойдаландим».

Турнир давомида бирор марта мағлубиятга учрамаган Нодирбек Якуббоев тантанали кутиб олишдан хурсандлигини яширмади: «Бунчалик тақдирлашларини кутмагандик. Кайфиятимиз аъло.

Энг қийин ўйин? Ҳиндистон-2 билан баҳсни айтган бўлардим. Улар ҳам биздек ёш жамоа эди. Устига-устак мезбон бўлишгани сабаб босим ўтказишди.

2026 йилги шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда ўтказилиши биздан камида икки жамоа қатнашиши мумкинлигини ва бу бошқа ёшларимизга ҳам ўзини кўрсатишга имконият борлигини англатади».

Жамоанинг энг тажрибали иштирокчиси Жаҳонгир Воҳидов ҳал қилувчи турдаги баҳсдан кўра президент билан суҳбатда кўпроқ ҳаяжонланганини айтди: «Ҳал қилувчи ўйиндан кўра президентимиз билан суҳбатлашганда кўпроқ ҳаяжонландим. Шахсан ўзлари қўнғироқ қилганларидан бошимиз кўкка етди. Бу — шахматга берилаётган эътибордан дарак».

Аёллар жамоаси вакили Нилуфар Якуббоеванинг фикрича, йигитларнинг ғалабаси кейинги турнирларда қизларга мотивация бўлади: «Йигитлар жуда зўр ўйнашди. Бошқа жамоаларга қараганда улар аҳиллиги билан ажралиб турди. Бир-бирларини қутқариб кетишди, ҳар куннинг ўз қаҳрамони бўлди. Бу ғалаба бизларни илҳомлантиради».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар жамоаси тарихда илк бор шахмат олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлди. Вакилларимиз турнир давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлди.

Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид