Ўзбекистон | 17:06 / 15.08.2022
21887
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ноёб Қуръони Карим мусҳафи ўғирлаб кетилди

XIX аср охирида ёзиб тугатилган мазкур Қуръони Карим мусҳафи Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида сақланаётганди. 

Фото: KUN.UZ

Таҳририятга Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний зиёратгоҳида сақланаётган Қуръони Карим мусҳафи ўғирлангани ҳақида маълумот келиб тушди. Kun.uz мухбири ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Наманган вилояти Маданий меърос бошқармаси раҳбари Муҳаммаджон Қодиров билан боғланди.

Муҳаммаджон Қодиров китоб ростдан ҳам йўқолганини тасдиқлади. Унинг қўшимча қилишича, объект маданий мерос агентлиги ихтиёрида бўлса-да, у ерни тасарруф этиш алоҳида дирекция зиммасига юклатилган ва Қуръони Карим мусҳафи ҳам ўша дирекция томонидан сақланади. Зиёратгоҳни тасарруф этаётган дирекция билан боғланишнинг имкони бўлмади. Чортоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати масофа узоқлигини, у ердаги ҳолат бўйича батафсил маълумот бера олмаслигини билдирди.

Ўғирлангани айтилаётган Қуръони Карим мусҳафи тўлиқ ипак матодан тайёрланган бўлиб, у 1874 йилда ёзиб тугатилган. Китобнинг бўйи 74 сантиметр, эни 51 сантиметр ва қалинлиги 12 сантиметр бўлган. 426 бетдан иборат китобнинг ҳар бир бетига 13 қатордан оятлар ёзилган.

Қўлёзма Мавлоно Хожа Лутфуллоҳ Чустий хонақоҳи ва мозорига дахлдор ҳисобланади. У 1995 йилгача Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида, Тошкентда имомлик қилган ва яшаган Эшонхон Оқилов хонадонида сақланган. 1995 йилда китобни наманганлик Камолхон Муҳиддинов ўз юртига олиб келган. 2017-2019 йилларда, Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи таъмирлангандан сўнг қўлёзма ўша ерга олиб чиқиб қўйилган эди.

Манбанинг Kun.uz’га маълум қилишича ҳолат вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига маълум. Аммо хозирча масъуллар вазиятни ўрганишга шошилишмаяпти.

Kun.uz икки йил олдин ушбу Қуръони Карим – Мусҳафи ҳақида видео лавҳа тайёрлаганди.

Мавзуга оид