Жамият | 21:31 / 15.08.2022
17356
4 дақиқада ўқилади

Ўқишини кўчирмоқчи бўлганлар сони 5 йилда 22 баробарга ошиб кетди — Тошқулов

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов республика ичидаги давлат олийгоҳлариаро ўқишни кўчиришга жиддий чекловлар киритилгани бўйича изоҳ берди.

ОЎМТВ видеосидан кадр

2016 йилда бир ОТМдан иккинчисига ёки хориждан маҳаллий олийгоҳга ўқишни кўчириш учун жами 7,5 мингта ариза тушган бўлса, 2021 йилга келиб эса бу рақам 22 баробарга ошган. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.

“7,5 минг нафар талабани ОТМга жойлаштирса бўлади. Ўша вақтда олийгоҳлар ҳам 77 та бўлган. Мана шу ариза топширувчиларни ўртача тақсимласак, 100 нафардан тўғри келади.

2021 йилга келиб эса бу рақам 170 мингга етди. Шунинг 100 минг нафари хориждан, 60 мингдан кўпроғи эса ички ўқишни кўчирмоқчи бўлганлар ҳисобланади. Рақамлар 22 баробарга ошган. Дейлик, 2021 йилги ўқув йили учун тасдиқланган квота 170 минг бўлса, ўқишни кўчирмоқчи бўлганлар сони ҳам 170 минг нафарни ташкил этади. Бу олий таълимга шунча юк дегани”, – деди Тошқулов ўзининг матбуот котиби билан суҳбатда.

Шу йилдан бошлаб ўрнатилган янги тартибга асосан, эндиликда давлатга қарашли бир олийгоҳдан бошқасига ўқишни кўчиришга фақат иккита ҳолатда рухсат берилади:

  • оила қурган талаба турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчирса;
  • давлат хизматчисининг иш жойи ўзгарганда унинг турмуш ўртоғи ёки 18 ёшга тўлмаган фарзанди ўқишини кўчирса.

Бундан бошқа ҳолатларда республика ичида давлат ОТМлариаро ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди. Абдуқодир Тошқулов бу янгилик бўйича изоҳ берди.

“Биринчидан, [айтайлик], битта ОТМда 2 минг нафар талаба кетиш учун ариза ёзди, яъни битта олийгоҳда 2 минг нафар талаба ўқишни кўчириб, кетиб қолса, ҳар 12 нафар талабага бир нафар ўқитувчи ишдан бўшатилиши керак бўлиб қолади. Бу ерда мана шу муаммо пайдо бўлар эди. Қайсидир ОТМга 1,5 минг нафаргача талабалар ўқишини кўчириб келди, у ерда эса 100 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ишга олиниши керак. Бу – ҳали педагог-кадрлар масаласидаги муаммо.

Хўш, уларни қаердан топамиз? Мана шу вазиятда собиқ коллежларимиздаги ёки мактаблардаги ўқитувчиларни олиб келсак, бу ишимиз яна танқид бўлади: “Қандай олий таълим бу, қани сифат?” Бу – биринчи масаламиз.

Иккинчиси – моддий аҳволимиз. Баъзи ОТМда 3 сменада ўқиляпти, минг нафар келган талабани қаерга жойлаштиради?

Кейингиси – ҳудудий масала қандай бўлади? Бир йилда 5 мингдан ортиқ талаба 1-курсдан кейин ўқишини кўчириб кетса, уларни иш билан таъминлаш қандай бўлади? Уларнинг квотаси олиб қўйиляпти, кейин пойтахтга келиняпти. Шунинг учун учун ҳудудлар ҳам ўйланиши керак.

Кейин яна юклама масаласи ҳам бор. Энди менинг охирги айтадиган омилим бор, нима учун охири, чунки биз ҳамма нарсани коррупциявий омилларнинг олдини олиш учун қиляпмиз десак ҳам, бу ишни қилиш учун бунақанги даражага бориш шартми деган савол ҳам туғилади.

Лекин асосий омиллардан бири – коррупциявий омил ҳисобланади. 22 баробар ўқишни кўчириш кўпайгандан кейин…

Мен сизга бир мисол айтаман. Ректор бўлиб ишлаб юрган вақтимда ўқишни кўчириш масалаларининг бир қисми ОТМнинг ўзи, бир қисми вазирлик, яна бир қисми Давлат қабул комиссияси ваколатида эди.

Давлат қабул комиссиясига юборилган ўқишни кўчириш бўйича аризалар автоматик равишда қабул қилинади. Лекин орага тушган фирибгарлар 30-50 кишига ўқишини кўчириб бериш таклифи билан пулини олиб қўяди, кейин рўйхат келса, ўша 30 нафардан 18 нафари автоматик равишда ўтган бўлади. Бу – фирибгарлик-ку? Бу халқимизда олий таълимга нисбатан нафратни келтириб чиқаради”, – дейди Тошқулов.

Мавзуга оид