Жаҳон | 09:35 / 15.08.2022
4790
4 дақиқада ўқилади

Вашингтонда номаълум шахс автомобилда Капитолий панжарасига келиб урилди

Вашингтондаги АҚШ Конгресси биноси яқинида эркак машинада панжарага келиб урилиб, ҳавога бир неча марта ўқ узди, сўнг ўз жонига қасд қилди.

Фото: AP

Вашингтонда АҚШ Конгресси биноси яқинида эркак киши машинасида панжарага келиб урилиб, ҳавога бир неча марта ўқ узди, кейин ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда 14 август, якшанба куни Капитолий полицияси хабар берди.

Ҳодиса соат 04:00 дан кейин шаҳар марказидаги East Capitol Street ва Second Street кўчалари туташган жойда содир бўлган.

Эркак киши машинасидан тушаётган пайтда автомобил ёниб кетган. 

Ўқ овозларини эшитган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари зудлик билан реакция билдирди ва эркакка яқинлашишга уринди, бироқ у ўзини отиб ташлади. Жароҳатланганлар йўқлиги айтилади. АҚШ Конгресси ишида ҳозир ёзги таътил вақти бўлиб, бинода деярли ходимлар бўлмаган.

Колумбия округи полиция бошқармаси текширувни ўз зиммасига олди. Ҳужум қилган эркакнинг шахси ва унинг мақсади аниқлаштирилмоқда. 

Ҳужум бутун ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат бўйлаб таҳдидлар сони ортиб бораётганига дуч келгани, федерал амалдорлар эса ҳукумат биноларига ҳужумлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирув берилган бир пайтда содир бўлди, дея аниқлик киритган AP агентлиги. Кескинликнинг кучайиши Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) собиқ президент Доналд Трампнинг Флорида штати Мар-а-Лаго шаҳридаги қароргоҳига рейд ўтказган пайтга тўғри келди. 

Ҳужум 2021 йилнинг апрель ойида Капитолий полициясининг икки зобитининг машинаси томонидан уриб кетилганига ўхшаш воқеани эслатади, дея таъкидлади AP агентлиги. 

АҚШда оралиқ сайловлар 2022 йил 8 ноябрда бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Аввалроқ, 1 август куни Техас штатида яшовчи Гай Реффит 2021 йил январида Капитолийга ҳужум уюштиргани учун энг узоқ муддатга – етти йил-у уч ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Ҳукмни Колумбия округи судьяси Дабни Фридрих чиқарди. 

Техаслик ҳарбийлашган радикал ўнг гуруҳ аъзоси бўлган. Март ойида у Капитолийга ўқотар қурол олиб кириб, полиция ходимларига ҳужум амалга оширгани ва терговга тўсқинлик қилганликда айбланган. Бундан ташқари, Реффит ўғли ва қизига таҳдид қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмасликни талаб қилган. 

2021 йил 6 январда Вашингтондаги митингда нутқ сўзлаганидан сўнг АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлган Доналд Трампнинг радикал тарафдорлари Капитолийга бостириб кирди, у ерда Сенат ва Вакиллар палатаси қўшма йиғилиши иштирокчилари сайлов натижаларини маъқуллаётган бўлган. Намойишчилар бинога бостириб киришга муваффақ бўлди, Конгрессдаги мунозаралар бир неча соатга тўхтатилди, қонун чиқарувчилар эвакуация қилинди.

Тартибсизликлар иштирокчилари полиция билан тўқнашган, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган. Вашингтонга Миллий гвардия етиб келган. Тўқнашувларда беш киши ҳалок бўлди, улардан бири полициячи. Расмийлар бир неча соатдан кейин Конгресс биносини назоратга олди. Кейинги ҳафталар ичида яна икки полициячи ўз жонига қасд қилди. Тартибсизликлардан сўнг 50 га яқин киши қўлга олинган, улардан бир нечасига айблов эълон қилинган. 

Капитолийга бостириб кириш ҳодисаси юз бергандан кейин АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси комиссияси Трампнинг воқеалардаги ролига ойдинлик киритиш учун 140 мингдан ортиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқди ва мингдан ортиқ гувоҳлар билан суҳбатлашди. Комиссия июнь ойи бошидаги биринчи йиғилишида Вашингтондаги тартибсизликлар учун биринчи навбатда собиқ президентни жавобгар деб топди. Саккизинчи эшитувлардан сўнг комиссия ишида танаффус эълон қилинди, сентябрь ойида янги йиғилиш ўтказилади. Трамп ўз айбини тан олмаяпти ва 2024 йилда АҚШ президентлиги учун яна ўз номзодини қўйиши мумкинлигини билдирган.

Мавзуга оид