Ўзбекистон | 07:38 / 19.08.2022
1859
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи қатъий мезонлар белгиланади 

2022 йил 18 август куни Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан мамлакатда маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларида семинар ўтказилди.

Семинарда мамлакатда маҳкумлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро тажриба ҳамда “Айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Семинарда турли хилдаги руҳий ва жисмоний тазйиқлар олдини олиш мақсадида мамлакат тергов ҳибсхоналаридаги терговчилар хоналарига 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув мосламалари ўрнатилгани, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги колонияларда 69 та адвокатлар билан учрашув хоналари қайта жиҳозланиб, адвокатлар учун видеокузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз алоҳида хоналар ташкил этилгани эътироф этилди.

Қонунчилик палатасида такомиллаштирилаётган “Айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ҳам озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, маҳкумлар тузалиш йўлига ўтганини тасдиқловчи қатъий мезонларни белгилаш орқали улар хулқ-атворини баҳолашда коррупцион омилларни бартараф этиш, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Семинар якунида соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга оид тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид