Жамият | 18:31 / 22.08.2022
202192
4 дақиқада ўқилади

Минимум ўтиш балли қанча ва унинг супер-контрактга таъсири қандай?

Минимал ўтиш баллидан паст тўплаганлар ҳам талаба бўлиши мумкинми? Унинг супер-контрактга таъсири қандай? Бу икки савол имтиҳонда анча кам балл йиғган кўплаб абитуриентларни қизиқтиряпти.

20 августда бакалавриатга кириш имтиҳонлари якунланди. Мандат 27 августда эълон қилиниши кутилмоқда. Унгача эса барча талабгорлар кирган ёки кирмаганликларини натижаларига қараб, тахмин қилаётган бўлиши табиий.

Хўш, бу жараёнда минимал ўтиш балли қанчалик рол ўйнайди, унинг супер-контрактга таъсири борми? Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ўз каналида шу ҳақда маълумот берди.

Минимал ўтиш балли қанчалик муҳим?

Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери ОТМга киришдаги минимал ўтиш балли максимал баллнинг маълум фоизлардаги қисми билан баҳоланади. Ҳозирда:

  • давлат грантининг минимал ўтиш балли 68,0 балл (яъни энг юқори ўтиш балли 189,0 нинг 36 фоизи);
  • тўлов-контрактнинг минимал ўтиш балли 56,7 балл (яъни энг юқори ўтиш балли 189,0 нинг 30 фоизи) этиб белгиланган.

Ҳар йили тест синовларида минимум балл чегараси қўйилади. Бу билан абитуриентлар билими орқали нафақат бошқа талабгорлар билан, балки ўзи билан ҳам курашишига тўғри келади. Яъни абитуриент талабаликка тавсия этилиши учун 2 та шартни бажариши керак:

  1. Натижаларни минимум ўтиш баллидан ошириши;
  2. топширган йўналиши доирасидаги қабул квотага кириши лозим.

Дейлик, абитуриент 56,7 эмас, 56 балл йиғган, аммо у 100 та квоталик йўналишда 95-бўлиб турибди. Бир олиб қараганда, абитуриент ўқишга кирдим деб ўйлайди, бироқ минимум балл тўпламагани учун у талабаликка тавсия этилмайди.

Бу ҳол давлат гранти билан ҳам худди шундай кечади. Яъни квотада жой бўла туриб, абитуриент юқори ўринда турган бўлса, лекин унинг йиғган балли 68 дан паст бўлса, бу вазиятда у давлат грантига тавсия этилмайди.

Умуман олганда, минимум ўтиш балли абитуриентнинг талаба бўлиш ёки бўлмаслигини, қолаверса, давлат бюджетида ўқиши ёки ўқимаслигини ҳал қилади.

Минимал ўтиш балли супер-контрактга таъсир қиладими?

Табақалашган тўлов-контракт (халқ тилида “супер-контракт”)нинг 3 хил даражаси бор.

1. Агарда абитуриентга ОТМга кириши учун 4 баллгача етмаган бўлса, супер-контракт тўлови нисбатан арзонроқ бўлади.

2. Ўқишга киришига 4 дан кўпроқ балл етмаган бўлса, минимал ўтиш балли (56,7 балл)гача ҳамма бир хил тўловни амалга оширади. Йўналишларга қараб, бу сумма базавий контрактнинг 8, 10, 20 баробаригача бўлиши мумкин.

3. Ана энди 56,7 баллдан паст натижа кўрсатганлар ҳақида гапирсак, улар супер-контракт тўловининг белгиланган қийматидан 2 баробар тўлашади. Айтайлик, юриспруденциянинг супер-контракти базавий контрактнинг 25 баробаригача деб белгиланган бўлса, шунинг 2 баробари базавий контрактнинг 50 баробарига тенг бўлади. Минимал ўтиш баллидан паст натижани кўрсатганлар 50 баробарлик “супер-мупер-контракт”ни тўлайди.

Демак, минимал ўтиш баллининг чегараси супер-контрактга бевосита таъсир қилади.

Шу билан бирга, ногиронлиги бор шахслар учун ҳам минимал ўтиш балли аҳамиятли. Боиси, улар алоҳида ажратилган квотага киришса ҳам, 56,7 дан паст балл тўплашса, талабаликка тавсия этилмайди. Агарда бу кўрсаткичдан юқориси қайд этилса, давлат гранти асосида ўқишлари мумкин бўлади.

Маълумот учун, табақалаштирилган тўлов-контракт фақат 1-курсда тўланади, кейинги курсларда талабалар барча билан тенг, базавий тўлов-контракт тўлаб ўқишни давом эттиришлари мумкин.

Мавзуга оид