Ўзбекистон | 11:29 / 23.08.2022
27633
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда портлаган автобус бўйича қўшимча тафсилотлар маълум қилинди

«Ўзавтосаноат» Сирдарё вилоятида «Исузу» автобусининг газ баллони портлагани юзасидан расмий муносабат билан чиқди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

18 август куни Сирдарё вилояти Оқолтин туманида «Исузу» русумли автобусга ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида 6 нафар инсон вафот этиб, 15 нафари турли даражадаги тан жароҳатлари олганди. 

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида, «Ўзавтосаноат» тизимидаги комплаэнс хизмати ходимлари ҳамда «Самарқанд автомобиль заводи» масъул ходимлари зудлик билан жойига боришган.

Қайд этилишича, 18 август куни 14:30 ларда Сирдарё вилояти Оқолтин туманида жойлашган, «Нур Транс Газ» МЧЖ газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида давлат рақами 90 946 WAA бўлган «Исузу САЗ НП21» русумли автобуснинг уст қисмига ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаган.

«Мазкур автобус дизель ёнилғисида ҳаракатланишга мослашган ҳолда, 2012 йилда «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилиб, МЧЖнинг Хоразм вилоятидаги расмий дилери орқали сотилган.

Кейинчалик, автобусни сотиб олган корхона томонидан 2014 йилда 60 литр сиғимли, 6 дона газ балонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда, автобуснинг уст қисмига ўрнатилган.

Бундан ташқари, ушбу автобус бир йиллик кафолат даврида кафолат талаблари бўйича белгиланган даврий кўрикдан ўтказиш масаласида расмий дилерга мурожаат қилмаган», дейилади маълумотда.

Таъкидланишича, кафолатли хизмат кўрсатиш соҳаси сиёсатига кўра, автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолларда, берилган кафолат доирасидан ўз-ўзидан чиқиб кетади.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодекси 262-моддаси (Транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш) 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид