Жаҳон | 16:53 / 27.08.2022
31318
17 дақиқада ўқилади

Ака-ука Байроқдорлар: Пул муҳим эмас, биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз

Учувчисиз бошқариладиган Bayraktar дронлари Россия ва Украина ўртасидаги урушда украиналиклар қаршилигининг ўзига хос рамзига, Bayraktar сўзининг ўзи эса оммавий маданиятнинг ажралмас қисмига айланди. Бугунги кунда ушбу дронларнинг ишлаб чиқарилиши ортида ака-ука Холуқ ва Салжуқ Байроқдор турибди.

Украин ҳарбийлари Bayraktar дронларини қабул қилмоқда. Фото: Getty Images

Ака-укалар офиси Истанбулнинг чекка ҳудудида жойлашган. Майдон ва бинонинг ўзи дунёнинг турли бурчакларида урушлар йўналишини ўзгартирган ҳарбий дронларни ишлаб чиқарувчи компаниядан кўра кўпроқ ғарб университети кампусига ўхшайди.

Кириш жойида ходимлар учун Усмонлилар империяси тарихига оид кўплаб китоблар қўйилган, улар орасида намоз ўқиш қоидалари ҳақидагилари ҳам бор. Бино университетга ўхшатилиши бежиз эмас, ходимларнинг ўртача ёши 29-30 атрофида.

Кабинетларнинг биринчиси катта ака Холуқники – у компанияда CEO лавозимини эгаллаган ва бош директор ҳисобланади.

Холуқ Байроқдор президент Зеленский берган «Буюк хизматлари учун» ордени билан

Деворда қаҳрабодан ясалган украиналиклар кулбасининг сурати осилган, столида юмшоқ ўйинчоқ – Bayraktar TB2 дрони бор.

Холуқ дастлаб 2020 йилда Украина президенти Володимир Зеленский қўлидан Киевда олган «Буюк хизматлари учун» давлат орденини ғурур билан кўрсатди.

Суҳбат давомида Холуқ ўтган йили вафот этган отаси Ўздемир Байроқдорни кўп эсга олади. Унинг укаси, компания техник директори бўлиб ишлайдиган ва Bayraktar дронларининг меъмори ҳисобланган Салжуқ ҳам отасини кўп хотирлайди.

Эрдўғаннинг куёви

2016 йилда Байроқдорлар оиласи Туркия президенти билан қуда бўлди: Салжуқ Эрдўғаннинг қизига уйланди
Фото: ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Холуқнинг айтишича, ҳаваскор-учувчи бўлган отаси унга авиацияга бўлган муҳаббатни сингдирган. Ўздемир Байроқдор 1984 йилда автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш компаниясини ташкил этади.

Ишлаб чиқаришдан ташқари у сиёсат билан ҳам фаол шуғулланган, шу туфайли Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан танишган (ўша пайтда у ҳали президент эмасди).

Иккаласи ҳам 1998 йилда тақиқланган Исломий фаровонлик партияси аъзоси эди. Расмийлар партияни биринчи президент Камол Отатурк томонидан асос солинган Туркия Республикасининг дунёвий қадриятларига путур етказади деб ҳисоблаганди. Шундан сўнг партия номи «Адолат ва тараққиёт» деб ўзгартирилди. Ҳозирда у Туркиянинг ҳукмрон партияси ҳисобланади.

2016 йилда эса қарашлари яқин сиёсатчилар расман қариндош бўлишди. Салжуқ Эрдўғаннинг қизи Сумайяга уйланди. Бу эса Туркияда кўплаб танқидларга сабаб бўлди – мамлакат раҳбари билан қариндошлик алоқаси оилавий бизнес гуллаб-яшнашига олиб келиши айтилди.

Салжуқ бу танқидларга қўшилмайди.

«Биз 2000-йилларда дронларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз ва қайсидир маънода отам, акам, онам ва мен бунга ўз ҳаётини бағишлаганмиз, дейди у. - Эрдўғаннинг қизи билан тўй 2016 йилда бўлган, у пайтга қадар биринчи Mini ва Bayraktar TB1 дрони аллақачон ишлаб чиқилган эди».

Салжуқнинг қайд этишича, турмуш қурганидан кейин сиёсий танқидлар кўпроқ бўлган, лекин унинг ҳаёти кўп ўзгармаган.

Фото: ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Ака-уканинг сўзларига кўра, Байроқдорлар оиласи доимо «ишлаб чиқариш» билан яшаб келган ва заводда ишлашга одатланган. Улар мактабда ўқиган пайтида ҳам дастгоҳларни дастурлашда ёрдам беришган.

Салжуқ ўша пайтда мамлакатнинг энг нуфузли лицейларидан бири, Истанбулдаги Роберт Америка коллежида таълим олган. Ака-укалар Туркия ва АҚШ олий ўқув даргоҳларини тамомлаган, Салжуқ Америкада дронларни ишлаб чиқариш бўйича мутахассислик олган.

Ўқишни тамомлаб, «технологик имкониятларни ривожлантириш» мақсадида ватанига қайтиб, отасининг Baykar авиасозлик компаниясига ишга киришган.

«Авиация байроқдорлари» ва «тенг ҳуқуқли дунё»

Ака-укаларнинг айтишича, дронларни ишлаб чиқариш жуда кичик муҳандислар жамоаси билан бошланган ва бунга фақат шахсий маблағлар сарфланган.

Муваффақиятнинг асосий сабабларидан бири – бу жанговар ҳаракатларнинг ҳақиқий иштирокчилари бўлган турк аскарлари билан доимий алоқада бўлиш ва дронларни ҳарбийларнинг талаб ва эҳтиёжларига мос равишда янгилаб боришдир.

Ҳарбий дронлар нега уларнинг фамилияси билан аталгани сўралганда, ака-укалар Bayraktar туркчада «Байроқдор» сўзини англатиши, бу ном дронлар учун мос келишини айтишди.

«Биз авиация соҳасида байроқдор бўлишни хоҳладик», дейди Салжуқ.

Bayraktar шахсан улар учун нимани англатиши сўралганида, Холуқ дронларнинг янада адолатли ва тенг ҳуқуқли дунё яратилишига ҳисса қўшишини хоҳлаётганини айтди.

Ҳозирга вақтда Украинадаги урушда украиналик ҳарбийлар Bayraktar TB2 дронларидан рус қўшинларига қарши фаол фойдаланмоқда.

Бу дронларнинг Россия зирҳли техникасини йўқ қилаётгани акс этган видеолар бутун дунё бўйлаб тарқалди. Украиналиклар учун эса турк дронлари Россия агрессиясига қаршилик кўрсатишнинг ўзига хос рамзига айланди. Улар ҳақида қўшиқлар ёзилмоқда, болалар ва уй ҳайвонлари уларнинг шарафига номланяпти ва аста-секин Bayraktar сўзи украиналикларнинг оммавий маданиятида ўз ўрнини эгаллади.

Салжуқ Байроқдор Россиянинг Украинага бостириб киришини «адолатсиз ва ноқонуний уруш» деб атайди.

Ака-укалар Украинани очиқ қўллаб-қувватлаб, украиналик ҳарбийларга бир неча дронларни текинга совға қилишган, кўнгиллилар томонидан йиғилган пул эса украиналик қочқинлар эҳтиёжига йўналтирилган.

Bayraktar’нинг украиналиклар учун ўзига хос эркинлик рамзига айлангани ҳақида қандай фикрда экани сўралганда, Холуқ ушбу технологиялар Украинани мустақиллик учун курашда қўллаб-қувватлаётганидан фахрланишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, Украина эркин дунё учун курашмоқда.

Салжуқ ҳам Россиянинг Украинага бостириб киришини «адолатсиз ва ноқонуний уруш», украин халқини эса олийжаноб деб атади.

Ака-укалар Украинага қандай ёрдам беришяпти?

Baykar компаниясининг Украина билан ҳамкорлиги урушдан анча олдин бошланган. Россия Қримни аннексия қилиб, «ДХР» ва «ЛХР» деб аталувчи ҳудудларга ҳарбий ёрдам бера бошлаганидан сўнг, Киев ҳимоянинг турли йўлларини излади.

Холуқнинг сўзларига кўра, Украина ҳукумати учувчисиз бошқариладиган самолётларни сўраб, кўплаб давлатларга мурожаат қилган, аммо келишувга фақат Туркия рози бўлган.

«Украинада 2018 йилдан буён Bayraktar тизимлари қўлланмоқда», деб эслайди у. – «Ўша пайтда Украина билан мудофаа саноати соҳасида жуда муҳим лойиҳалар имзоланди».

Унинг сўзларига кўра, компания мутахассислари украиналик кўплаб ҳарбийларга Bayraktar TB2 дронини бошқаришни ўргатган. Улардан бири яқинда Россия зарбаси оқибатида ҳалок бўлган. Baykar компанияси вакиллари унинг дафн маросимида қатнашган. Ака-укалар унинг оиласига ёрдам бермоқчи.

Холуқ Байроқдор компаниянинг Украина билан ҳамкорлигига ҳеч нарса соя сололмаслиги ва бу ўринда пул биринчи ўринда эмаслигини айтади.
Фото: ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

«Уруш бошланганда биз озиқ-овқат, болалар овқати ёки гигиена воситаларидан иборат ўнта юк машинасида гуманитар ёрдам жўнатдик. Украина – биз билан яқин алоқага эга давлат. Биз украиналикларнинг дардига шерикмиз ва ўз ерини муваффақиятли ҳимоя қилаётгани, уларнинг қаҳрамонлигини қадрлаймиз», дейди Холуқ.

Буларнинг барчаси олижаноб ишлардек туюлади, аммо Baykar компанияси Украинадан ўз қуролларини сотадиган бозор сифатида фойдаланаётганини таъкидлайдиган танқидчилар ҳам бор. Ака-укалар бунга нима деб жавоб беришади?

Холуқ тижорат манфаатлари борлигини яширмайди. Аммо уруш бошланганидан бери компания Украина билан ҳамкорлик қилиш учун катта куч сарфлади. «Биз учун мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш ва иккитомонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш устувор вазифадир», дейди у.

«Ҳа, деб тасдиқлайди у, Украинада уруш бошланиши билан Bayraktar дронларига қизиқиш ортди ва шу билан бирга савдолар ҳажми ҳам ошди. Украинадаги урушдан олдин Озарбойжон ҳам дронлардан Арманистонга қарши Тоғли Қорабоғдаги урушда қўллаган, улардан, шунингдек, Сурия ва Ливиядаги урушларда ҳам муваффақиятли фойдаланилган. Ва кўпинча можаронинг бошқа томонида Россия эди».

«Пул биринчи ўринда эмас»

Россия бунга муносабат билдирдими? – деган савол ўринли.

«Биз технологияларни ишлаб чиқувчи компаниямиз, – дейди Холуқ. – Ўз олдимизга қўйган мақсадларимиз бор. Биз стратегик ҳамкорлик қилган давлатлар қатори мамлакатимиз тараққиётига ҳам ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз. Биз бу технологиялардан ўзимиз фойдаланмаймиз. Биз уларни ишлаб чиқамиз ва бошқаларнинг фойдаланиши учун берамиз».

Унинг эслатишича, Украинада дронлардан украиналик ҳарбийлар фойдаланади ва улардан қачон фойдаланишни айнан ўзлари ҳал қилишади.

«Ҳаммаси худди бошқа маҳсулотларга ўхшаш. Албатта, афсуски, Россия оммавий ахборот воситаларида биз туҳматга учраяпмиз. Чунки тизимларимиз ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва зирҳли транспорт воситаларини йўқ қилади. Лекин охир-оқибат, биз технология билан таъминлайдиган компаниямиз. Улардан қандай фойдаланиш бошқа одамларнинг қарори», дейди у.

Шу билан бирга, у Bayraktar дронлари «Украинанинг мустақиллик учун курашига ўз ҳиссасини қўшаётгани ва бу ҳиссанинг энг яхши тарзда амалга оширилишини таъминлаш учун ҳаракат қилаётгани»ни яширмайди.

Агар Москва сизга катта пул таклиф қилса, уларга ҳам дрон сотасизми?

«Биз учун пул биринчи ўринда эмас. Пул ва моддий ресурслар бизнинг бизнесимизда ҳеч қачон мақсад бўлмаган, - дейди Холуқ Байроқдор. «Украина билан дўстлигимиз ва ҳамкорлигимиз кўп йиллардан буён давом этиб келмоқда. Шунинг учун қанча пул таклиф қилинишидан қатъи назар, бундай вазиятда [Москвага] дронларни бериш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бу даврда биз Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Чунки биз жуда мустаҳкам алоқаларга эгамиз, Украина эса жуда адолатсиз, тажовузкор ва асоссиз ҳужумга учрамоқда. Шунинг учун ҳам Украина билан ҳамкорлигимизга ҳеч нарса соя солмайди, қанча пул таклиф қилинмасин, бу борадаги позициямиз аниқ».

Интервью олинган куни Туркия президенти Эрдўған ўз партияси йиғилишида Владимир Путин гўёки Байроқдорлар оиласи билан ҳамкорлик қилмоқчи эканини айтган. Матбуот хизмати Холуқ билан боғланиб, ўз интервьюсида Путинни тилга олмасликни ва фақат «Россия» сўзини ишлатишни маслаҳат берган. Салжуқ эса бу давлат даражасидаги масала эканига ишора қилиб, изоҳ беришдан умуман бош тортди.

Бироқ, Холуқнинг сўзларидан маълум бўлишича, Байроқдорлар оиласи ва Россия ўртасида ҳеч қандай ҳамкорлик бўлмайди, айниқса, рус қўшинларининг Украинага босқини давом этаётган даврда.

Ҳарбий дронларни кимга етказиб бериш масаласини ким ҳал қилиши ҳақидаги саволга Холуқ, ҳам компания, ҳам Туркия давлати деб жавоб берди. Бироқ, сўнгги сўзни ташқи сиёсатдаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда фақат Анқара айтиши ойдинлашмоқда.

Аввалроқ Москва Эроннинг «Шаҳид-129» дронларига қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Салжуқ Эрон дронларининг техник хусусиятларидан хабардор эмаслигини айтди. Аммо унинг қўшимча қилишича, Bayraktar ўз синфидаги энг яхши дрон ҳисобланади.

«Жангларда ўзини яхши намоён қилган бошқа бундай дрон дунёда йўқ», дейди у.

Bayraktar’ларнинг урушдаги роли қандай

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксёновнинг сўзларига кўра, Baykar Bayraktar TB2 – ўрта баландликда ва узоқ парвоз қилувчи дронларнинг ҳарбий бозорида ҳақиқий юлдуз.

«Бу дрон бир неча ҳарбий можароларда муваффақиятли қўлланган ва деярли қаршиликка учрамаган. Жумладан, Озарбойжон армияси Тоғли Қорабоғда, Туркия армияси Суриядаги «Баҳор қалқони» операцияси пайтида, Ливия ҳукумати Ҳафтар армиясига қарши муваффақиятли фойдаланганди», дейди у.

Украинага қадар Bayraktar дронлари нафақат разведкада, балки нишонларга зарба беришда ҳам муваффақият қозонган. Юқори баландликда бўлган дроннинг зарбалари ҳайратланарли эди. Ўз камераси томонидан олинган кадрларда бошқариладиган бомбалар ҳеч нарсадан шубҳа қилмаётган душман аскарларига зарба бераётганини кўриш мумкин эди.

Бироқ, Украинада Bayraktar’лардан асосан ҳаво ҳужумига қарши тизимларда фойдаланилмоқда – кузатув, нишонни белгилаш ва разведкада. Гап шундаки, бундай қурилмалар бомбардимончи ва қирувчи самолётлар ёки вертолётларнинг ўрнини босолмайди. Уларнинг юк ташиш қобилияти анча паст ва тезлиги ҳам юқори эмас.

Аммо уларнинг ҳавода узоқ вақт қолиб, кузатувни амалга ошириш ва тезкор-тактик ҳаво разведкаси билан шуғулланиш қобилияти жуда ҳам самарали ҳисобланади.

Bayraktar TB2 ўз синфидаги ягона дрон эмас. Мисол учун, Хитой ўзининг Wing Loong дронларини ишлаб чиқариб, Миср, Қозоғистон, БАА ва бошқа мамлакатларга экспорт қилади. Ушбу тоифадаги энг машҳурлардан бири Исроилнинг IAI Heron дрони бўлиб, кўплаб мамлакатларга, жумладан Туркияга ҳам экспорт қилинган.

Шунингдек, Американинг MQ-9 Reaper дронини ҳам тилга олиш жоиз. У 1990-йилларда ҳарбийлар томонидан хизматга қабул қилинган афсонавий MQ-1 Predator дронининг меросхўри саналади ва энг самарали қурилмалардан биридир.

Вашингтондаги Ташқи сиёсат институтининг катта илмий ходими Роб Лининг сўзларига кўра, Bayraktar’лар Украинада кўпроқ ёрдамчи вазифасини бажармоқда.

«Урушнинг биринчи ҳафталарида биз рус ҳарбий техникасига дронлар ёрдамида зарба берилишининг гувоҳи бўлдик. Чунки улар Украина бўйлаб ҳаводан ҳимоя қилинмаган ҳолда ҳаракатланишди. Аммо март ойида россияликлар бу хатони бартараф қилишди. Шундан кейин Илон (Змейний) оролидан ташқари барча ҳудудларда Украина дронларининг Россия ҳарбий техникасига зарбаларини кўрмадик», дейди у.

Донбассда Bayraktar’лардан фаол фойдаланилмаяпти. Чунки Россия армияси у ерда ҳаво ҳужумига қарши қудратли техникаларни жойлаштирган. Шу сабабли, дронлардан фақат разведка мақсадида фойдаланилмоқда. Уларнинг юқори аниқликдаги оптикаси бунга имкон беради.

Дрон ҳал қилувчи қурол эмас, у муайян шароитларда, масалан, душманнинг ҳаво мудофааси заифлигида ёки дронларни заиф қиладиган электрон уруш имкониятлари йўқлигида фойдали бўлиши мумкин.

Тоғли Қорабоғдаги урушда улар ҳал қилувчи рол ўйнади, чунки Озарбойжон ҳавода устунликка эга эди. Аммо Украинада вазият бошқача, бу ерда аниқ устунлик йўқ. Бир урушда муҳим бўлган нарса бошқа урушда аҳамиятсиз бўлиши мумкин.

Бошқа дронлар

Baykar компанияси яна бир Bayraktar Akıncı дронини ҳам ишлаб чиқаради. Унда Украинада ишлаб чиқарилган турбиналардан фойдаланилади.

Akıncı - дроннинг янги модели бўлиб, уни ишлаб чиқаришда  украинлар двигателидан фойдаланилган. Фото: ANADOLU AGENCY

Салжуқнинг сўзларига кўра, уларнинг синфи юқорироқ – каттароқ ва тезроқ. Унда Украина турбиналари ишлатилганига қарамай, ҳали бу мамлакатга етказиб берилмаган. Улар етказиладими, деган саволга иккала ака-ука Украина томони ҳали бундай сўров билан мурожаат қилмаганини айтишди.

Айни пайтда ака-укалар Туркиянинг биринчи товушдан тез учувчи дрони Kızılelma ва Bayraktar TB3 янги дрони устида ишламоқда.

Иккала дрон ҳам вертолёт ташувчи кемалардан уча олади ва қўна олади. Kızılelma ҳам Украина турбиналаридан фойдаланади.

Аммо ҳамкорлик бу билан тўхтаб қолмайди. Холуқнинг қайд этишича, улар Украина ҳудудида учувчисиз қирувчи самолётларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни ва украиналик ёшлар учун тадқиқот марказларини очишни режалаштирмоқда.

Ака-укалар дронларни ишлаб чиқиш марказини ташкил этиш учун ер сотиб олишганини айтишди, аммо уруш туфайли ишлар тўхтаб қолди.

Мавзуга оид