Ўзбекистон | 17:24 / 27.08.2022
9986
4 дақиқада ўқилади

Нукуслик болаларга янги ўқув йилида янги компьютерлар тақдим этилди

Сентябрь ойига ҳам саноқли кунлар қолди. Тез орада мамлакатимиздаги барча мактаблар ўз ўқувчиларига эшик очади. Янги ўқув йили, айниқса, қорақалпоғистонлик болалар учун қувонарли бўлиши аниқ. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Нукус шаҳридаги барча мактаблар замонавий компьютерлар билан таъминланди.

Мазкур ташаббус ўта долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, ўқувчиларнинг IT йўналишидаги қизиқишларини мактаб йиллариданоқ ривожлантириш имконини беради. Бу эса келажакда жаҳон бозорида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган юқори малакали кадрлар тайёрлашда беқиёс кўмак бўлиши аниқ.

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев IТ-кадрлар тайёрлаш масаласига бағишланган йиғилишда ҳар бир мактабга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасини олиб кириш, шунингдек, жиҳозланмаган мактаблар учун камида 10 та компьютер харид қилиш, ҳар бир ҳудудда IТ-техника мактабларини ишга туширишни таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.

Ушбу хайрли ташаббусни Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда PepsiCo’нинг Ўзбекистондаги расмий боттлери — “International Beverages Tashkent" компанияси ҳам астойдил қўллаб-қувватлаган ҳолда Нукус шаҳрининг барча 51 та умумтаълим мактабларини 800 дона замонавий компьютерлар билан жиҳозлади.

— Компаниямиз бундан олдин ҳам мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантириш учун ҳисса қўшишга ҳаракат қилган, Нукус шаҳридаги лойиҳамиз худди шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир, – дейди PepsiCо компаниясининг Ўзбекистондаги расмий боттлери — "International Beverages Tashkent" МЧЖ ҚКнинг маркетинг департаменти директори Александр Редковец. — Бугун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш учун кўпгина йўналишларда амалий ишлар қилиняпти. Ва бизнес жамоатчилиги Давлат раҳбарининг ушбу муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бу борадаги хайрли ишларга ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпти. Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳамизга кўра, Нукус шаҳрида жойлашган барча мактабларга 3D моделлаштириш, график дизайн каби замонавий дастурлаш таъминоти учун мўлжалланган компьютерларни тарқатдик. Энг муҳими, лойиҳа компьютерлар тарқатиш билан чекланиб қолмайди, балки ёшлар уларни амалиётда қўллай олиши, IT технологияларни чуқур ўрганиши учун ҳам PepsiCo компаниясининг Ўзбекистондаги боттлери — "International Beverages Tashkent" бошчилигида зарур амалий ишлар қилинади.

PepsiCо компаниясининг Ўзбекистондаги расмий боттлери — "International Beverages Tashkent" ижтимоий аҳамиятга молик бундай лойиҳаларни илк бор амалга ошириши эмас. Ўтган йиллар давомида, айниқса, пандемия ва карантин даврида компания турли хайрия лойиҳалари учун тўрт миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирди. Бу маблағлар ЎСВ-аппаратларини харид қилиш, тез тиббий ёрдам машиналарини жиҳозлаш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга сарфланган.

Қолаверса, Pepsi бренди мамлакатда спортни ривожлантириш, халқаро майдонларда юртимиз байроғини баланд кўтаришга интилган иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам куч ва маблағ сарфламоқда.

Маълумот учун: PepsiCо компаниясининг Ўзбекистондаги расмий боттлери — "International Beverages Tashkent" экологияни асраш бўйича эзгу ташаббусларни, жумладан, "Яшил Макон" умуммиллий лойиҳасини фаол қўллаб-қувватламоқда. Шу йил баҳор фаслида "International Beverages Tashkent" компанияси мамлакатимизнинг беш вилояти, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини кўкаламзорлаштиришга алоҳида ҳисса қўшди.

Мавзуга оид