Қримни қайтариш масаласи. Киев қатъий ҳаракатларга тайёрми?
Украина 2014 йилдан бери Қримни қайтариб олишга уринмаганди. Аммо сўнгги ҳафталарда яриморолга бир қатор зарбалар берилди.
Украина Мустақиллик куни арафасида Киевда АҚШ Давлат котиби, Германия канцлери ва бошқа Ғарб етакчилари иштирокида Қримнинг деоккупация қилинишини қўллаб-қувватловчи саммит бўлиб ўтди. Бунинг фонида яриморолда Россиянинг бир қатор ҳарбий инфратузилма объектларига ҳужум қилинди. Гарчи Киев зарбалар учун жавобгарликни тан олмаса ҳам, Володимир Зеленскийнинг Қримга нисбатан стратегияси ўзгаргани яққол кўриниб турибди. Агар Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин ва ҳатто бошида ҳам президент яриморолни қайтаришнинг дипломатик йўли устуворлиги ҳақида гапирган бўлса, Украина ғарбдан кенг кўламли ёрдам олганидан сўнг риторика кескинлашди. Энди Зеленский ҳарбий сценарий эҳтимоли борлигига тобора кўпроқ ишора қилмоқда.
Зеленский ҳар доим Қримнинг қайтарилиши ҳақида гапирган, бироқ у ҳарбий сценарийдан кўра дипломатияни афзал кўрган. Уруш ҳаммасини ўзгартирди
Володимир Зеленский президентлигининг бошиданоқ Россия томонидан аннексия қилинган яриморолни деоккупация қилишга алоҳида урғу берди. 2019 йил май ойидаги инаугурацион нутқида буни ўз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб атаганди: «Навбатдаги вазифамиз йўқотилган ҳудудларни қайтаришдир. <…> Қрим ҳам, Донбасс ҳам бизники, Украина ерларидир».
Зеленский 2020 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаб, жаҳон ҳамжамиятини Украинага ҳудудларни қайтаришда ёрдам беришга чақирганди. Шу билан бирга, мамлакатда президентнинг 2021 йил мартдаги фармони билан тасдиқланган яриморолни деоккупация қилиш ва реинтеграция қилиш бўйича давлат стратегияси устида иш бошланди.
Ўша йилнинг август ойида Украина мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш пайтида Киевда биринчи «Қрим платформаси» саммити бўлиб ўтди, унда 47 давлат вакиллари иштирок этди. Аммо резонанс катта бўлмади, Зеленский офиси буни кутмаганди. Масалан, Киевга хайрлашув ташрифи билан борган Германия канцлери Ангела Меркел саммитда қатнашмади, АҚШ, Франция ва Буюк Британия расмиятчилик юзасидан вакил юборди. Бироқ, шунга қарамай, Киевнинг Қримни қайтариш бўйича режалари дунё янгиликлари кун тартибининг бир қисмига айланди ва Украина халқаро миқёсда қўллаб-қувватланди. Россиянинг реакцияси кутилганидек салбий бўлди.
Зеленский учун «Қрим платформаси» ички сиёсат нуқтайи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. 2021 йил давомида унинг рейтинги жиддий ўзгариб турди ва президент ўз жамоаси муваффақиятсизликларини бартараф қиладиган, шунингдек, миллий-ватанпарвар мухолифатнинг танқидини камайтирадиган ёрқин ташаббусларга муҳтож эди.
Давлат раҳбарининг медиа стратегияси олдинги президент Петро Порошенко Қримни деоккупация қилиш учун ҳеч нарса қилмаганига қаратилди. Дарҳақиқат, илгари яриморолни қайтариш бўйича давлат сиёсатининг ягона формати йўқ эди.
Шу билан бирга, Украинанинг Қримни деоккупация қилиш стратегияси асосан дипломатик усулларни ўз ичига олгани муҳим. Бундай ёндашув Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин ҳам бирмунча вақт давом этди. Зеленский ҳатто 2022 йил 5 апрелида ҳам Қримнинг куч билан қайтарилишини рад этиб, бу муаммони 10-15 йил ичида дипломатик йўл билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидлаётганди.
Бироқ ҳарбий қарама-қаршилик кучайиши Киев позициясини кескинлаштирди. 9 август куни Украина президенти «Уруш Қримдан бошланган ва унинг озод этилиши билан тугаши керак», деди. Орадан бир ҳафта ўтиб, президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк яриморолдаги Россия армияси таъминотининг асосий йўлига айланган Қрим кўпригига зарба бериш зарурлигини эълон қилди. Хавфсизлик кучлари ҳам ундан қолишмади, Украина разведкаси раҳбари Кирилл Буданов The Wall Street Journal нашрига берган интервьюда босиб олинган ҳудудлар ҳарбий куч билан озод этилишини айтди. Миллий байроқ байрами куни эса Зеленский тез орада кўк-сариқ байроқ (қрим-татар байроғи билан бирга) «Ялтада, Керчда, Жанкойда, Симферополда, Ай-Петрида ҳилпираши»га ваъда берди.
Риториканинг кескинлашуви дипломатик келишувга уринишлар боши берк кўчага тушиб қолганидан далолат беради. Кремль Украинанинг тўлиқ таслим бўлишини тинчлик сулҳининг асосий шарти сифатида кўраётганига Киевнинг ишончи комил. Демак, энди Кремль «қизил чизиқлари»ни кесиб ўтмасликнинг маъноси йўқ.
Киев Қримдаги ҳарбий инфратузилмага зарба берди ва яриморолни қайтариш учун ҳарбий сценарий ҳақида гапирмоқда. Аммо бу ҳужумлар Украинанинг яриморолни қайтаришга тайёр эканини англатмайди
Россиянинг Қримдаги ҳарбий обектларида содир бўлган қатор портлашлар фонида Киев яриморолни ҳарбий сценарий орқали қайтариш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.
9 август куни Евпатория яқинидаги ҳарбий аэродромда россияликларнинг ўнга яқин самолётлари йўқ қилинди. Оқибатда, Қора денгиз флоти реактив самолётларининг қарийб ярмини йўқотди. Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг аэродромга зарба берганини рад этиб, портлашлар ўқ-дориларга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оқибатида юз берганини маълум қилди.
16 август куни Жанкой яқинидаги портлаш оқибатида ўқ-дорилар омбори вайрон қилинди. Бу сафар Россия Мудофаа вазирлиги Украина зарбасини тан олишга мажбур бўлди ва буни «қўпорувчилик» деб атади. Яриморолга Украина дронлари орқали берилган зарбалар, турли жойлардаги портлашлар, жумладан, Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартираси яқинида содир бўлган портлаш ҳақида бошқа хабарлар ҳам бор.
Украина ҳужумларни уюштирганини расман тан олмаяпти. Аммо Зеленский Украина фуқароларини Қримдаги ҳарбий иншоотлардан узоқроқ бўлишга чақирмоқда.
Қримга қилинган ҳужумлар Украина армиясининг янги тактикасидан далолат бериши мумкин. Улар мамлакат жанубида қарши ҳужум қилиш учун ресурсларга эга бўлмаган ҳолда, Россия қуролли кучларининг орқа ва таъминот базаларига зарба бериб, коммуникацияларни йўқ қилишга интилмоқда. Буни Украина мудофаа вазири Олексий Резников ҳам тасдиқлади. «Уларнинг Қримда ўқ-дориларга тўла омбори бор ва улар Украина жанубига етказиб бериляпти. Шунинг учун, биз худди Киев кампаниясида бўлгани каби, таъминот линияларини узиш учун уларни йўқ қилишимиз керак», деганди вазир.
Шундай бўлса-да, Қримни ҳарбий йўл билан озод қилиш сценарийси ҳозирда ҳақиқатга тўғри келмайдигандек кўринади. Киев аслида Қримда ҳам душманга зарба беришга қодирлигини намойиш этмоқчи. Бу билан Владимир Путин позицияси қанчалик мустаҳкам эканини синаб кўрмоқчи. Аввалроқ у Қрим хавфсизлиги Россия сиёсатининг «қизил чизиқлари»дан бири эканини таъкидлаганди.
Франциянинг Le Mond нашри ёзишича, «Зеленский музокараларга ҳар қачонгидан ҳам унчалик мойил эмаслиги ва узоқ давом этаётган вайронагарчилик урушида янги карталари борлигини кўрсатди. Путин жуда оғир аҳволда қолди ва Киевнинг рақобатбардош эканини ҳисобга олиши керак бўлади. <...> Ахир, Путин Қримни ўзига хос «қизил чизиқ» деб, ўзини тузоққа туширувчи позицияни эгаллаган эди».
Зеленский жамоаси учун ички сиёсатда ҳам жамиятнинг жанговар руҳини кўтариш учун Украина армияси техник устунлигини намойиш этиши муҳим эди: Қримга берилган зарбалар бундай устунликнинг энг яхши исботларидан биридир.
Уруш Ғарбни Киев атрофида тўплади: Қримни Украинага қайтариш ғояси энди кўпроқ нуфузли иттифоқчиларга эга
Киев Қримни деоккупация қилиш сиёсатини амалга оширишда Ғарб давлатларининг қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда. Агар 2022 йил февралигача яриморолни озод қилиш кўпроқ риторикага айланган ва жаҳон дипломатиясининг барча эътибори Донбасс ва Минск келишувларига қаратилган бўлса, Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг Украина Қрим йўналишида янада жиддий ёрдамга умид қилиши мумкин.
2022 йилда «Қрим платформаси» саммити хавфсизлик нуқтайи назаридан онлайн тарзда ўтказилди. Унда фақат Польша президенти Анжей Дуда шахсан иштирок этди. Бироқ, масофавий иштирокчилар рўйхати, 2021 йилга қараганда анча катта эди. Форумнинг асосий маърузачилари орасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Германия канцлери Олаф Шольц, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг, Франция президенти Эммануэл Макрон, Британия бош вазири Борис Жонсон, Туркия президенти Ражаб Эрдўған, Канада бош вазири Жастин Трюдо ва Япония бош вазири Фумио Кисида бор эди. Саммитда 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этди.
Зеленский очилиш тадбирида сўзга чиқиб, Қрим Украинага қайтиб, Европа Иттифоқининг бир қисми бўлиши ва яриморолдаги «босқинчилик оқибатлари» бартараф қилинишини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, президент ҳудуд «Киев тўғри деб ҳисоблайдиган ҳар қандай йўл билан қайтарилиши», бу борада «бошқа давлатлар билан маслаҳат қилинмаслиги»ни айтди.
Хорижий етакчилар томонидан ҳам кескин баёнотлар берилди. НАТО шарқий қаноти вакиллари чиқишлари кескинроқ бўлди. Масалан, Дуда Россия ва Украинанинг 2022 йил 23 феврал ҳолатидаги чегараларига қайтишини «қабул қилиб бўлмас» деб атади. У «Украинанинг бутун ҳудудини Қрим билан биргаликда озод қилиш зарурлиги»ни таъкидлади. Эстония президенти Алар Карис Қримда бошланган уруш Қримда тугаши лозимлиги ҳақидаги Зеленскийнинг тезисларини яна бир бор такрорлади.
«Қрим платформаси» якунига кўра, иштирокчилар босиб олинган ҳудудларни деоккупация қилиш ва Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида Россияга босим ўтказишда давом этишга ваъда беришди. Аввалги саммит ҳам худди шундай резолюция билан якунланганди, бироқ матннинг ўхшашлигига қарамай, мазмун тубдан ўзгарди. Агар 2021 йилда гап кўпроқ Украинани рамзий қўллаб-қувватлаш ва Қримнинг аннексия қилинишини тан олиш ҳақида кетган бўлса (ўша пайтда Ғарб давлатлари Россияни биринчи марта «босқинчи давлат» сифатида тан олишган), бугунги кунда Россияга босим мисли кўрилмаган санкциялар билан, Украинани қўллаб-қувватлаш эса Ғарб томонидан берилаётган катта ҳарбий ва иқтисодий ёрдамда ифодаланмоқда.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024