Ўзбекистон | 16:27 / 30.08.2022
16654
3 дақиқада ўқилади

ДТМ директори аввалги йилларда мандат кечикканига изоҳ берди

2022 йилда ОТМларга кириш имтиҳонлари натижалари ноодатий тарзда ўз вақтида эълон қилинди. Аввалги йилларда мандат доим кечикарди. Мажид Каримовнинг айтишича, бунга 40 дан ортиқ турдаги имтиёзларнинг етарлича рақамлаштирилмагани сабаб бўлган. “Бу иш ҳозир ҳам охирига етказилмаган”, деди у.

Мажид Каримов / Фото: АОКА

Абитуриентларнинг имтиёзларига оид маълумотлар электрон базага киритилгани сабаб 2022 йилда бакалавриатга қабул натижалари ўз вақтида эълон қилинган. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Мандат ҳамма учун бир вақтда тайёрланади. Абитуриентлар 3-5 та йўналишни танлайди, шуни ҳисобга олиб, мандат жавобларини бир вақтга қилмасак бўлмайди.

Бундан ташқари, бизда турли ташкилот, идоралар берадиган 40 дан ортиқ имтиёзлар бор. Ҳаммаси тугаганидан кейин, мана шу имтиёзларнинг барчасини кўриб чиқиш керак. Минг афсуски, олдинги йилларда буларнинг кўпи электрон рақамлаштирилмаган эди. Мана ҳозир ҳам бу иш охирига етказилмаган. Агар имтиёзларнинг ҳаммаси электронлаштирилиб, базада шакллантирилса, бизда муаммо бўлмайди.

Аммо базаси якунланмай, кимдир қолиб кетган бўлса, тартиби бўлмаса, кўп кўрсаткичлар киритилмаган бўлса, бу ҳолда муаммо бўлади. Муаммонинг охирига етмагунча, мандатни қилиб бўлмайди. Битта одам келиб, қолиб кетгани борасида ДТМга шикоят қилса ҳам, биз мандатни қайта кўриб чиқишимизга тўғри келади. Шунинг учун имтиёз берадиган ташкилотлар билан қайта-қайта ишлаймиз, бунга эса жуда кўп вақт кетяпти”, – деди Каримов 30 август кунги матбуот анжуманида.

Унинг қўшимча қилишича, бу йил имтиёзлар масаласида техник муаммолар бўлмагани учун ҳам мандат вақтида эълон қилинган.

Имтиҳон учун пул тўлаган, лекин тестда қатнашмаганларга пули қайтарилмайди

Сардор Ражабов / Фото: АОКА

ДТМ директори ўринбосари Сардор Ражабовнинг айтишича, бу йил бакалавриатга кириш имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтган абитуриентлардан 72 мингдан ортиғи имтиҳонларда қатнашмаган. Уларнинг пули қайтариб берилиши белгиланмаган.

Ражабовга кўра, мактабни аввалги йилларда битирган абитуриентлардан йиғилган имтиҳон тўловлари суммаси 80 млрд сўмга яқин бўлган (ижтимоий ҳимоя реестридаги фуқаролар тўловдан озод этилган). Бу маблағ доирасида:

  • абитуриентлар учун бош кийим (кепка) сотиб олинган (10 млрд сўм ортиқ);
  • назоратчи ходимларга тўлов қилинган (кунига 303 минг сўмдан, жами 10 млрд сўмдан ортиқ);
  • жойларда камералар ўрнатилган;
  • АҚШдан тест варақларини сканерловчи ускуна сотиб олинган.

Мавзуга оид