Ўзбекистон | 10:36 / 30.08.2022
2062
3 дақиқада ўқилади

Туризм ва маданий мерос вазирлиги вазифалари белгиланди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Туризм ва маданий мерос вазирлиги тўғрисида низом тасдиқланди.

Вазирлик асосий вазифалари:

  • туризм турларини кўпайтириш, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш, ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш;
  • туризм хизматлари ташқи ва ички бозорларида маркетингини олиб бориш, мамлакат туризм имижини янада ривожлантириш, мамлакат туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш;
  • туризм инфратузилмасини шакллантириш, туризм объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, уларга инвесторларни жалб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш;
  • туризм ва моддий маданий мерос соҳалари учун кадрлар тайёрлаш бўйича таклифлар киритиш, туризм фаолияти ва моддий маданий мерос субъектлари ходимларини мунтазам қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни юқори сифатли даражада ташкил этиш;
  • туризм соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш мақсадида туризмни ривожлантириш яхлит концепциясини шакллантириш ва амалга оширишни таъминлаш;
  • туризм истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туризм маҳсулотларини яратиш, уларни паспортлаштириш, туризм соҳасидаги ягона реестрларни шакллантириш.

Низом қуйидагиларни назарда тутади: вазирлик мақоми, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги; функциялари, фаолиятини ташкил этиш тартиби; вазирликни молиялаштириш тартиби; ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш.
 
Қуйидагилар тасдиқланди: Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом; Ўзбекистон ҳудудида туристик (меҳмонхона) йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги низом.
 
Жамғарма давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади ва Ўзбекистон консолидациялашган бюджети таркибига киритилади. Низом жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва тушган маблағларни вазирлик томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари ва хорижий валютадаги банк ҳисобварақларида жамлаш тартибини белгилайди. Жамғарма маблағларидан Молия вазирлиги билан келишилган даромадлар ва харажатлар сметасига қатъий мувофиқ равишда фойдаланилади.

Туристик (меҳмонхона) йиғим жойлаштириш воситалари томонидан Ўзбекистон фуқароларидан (16 ёшгача бўлган болалардан ташқари) БҲМ 0,4 фоизи миқдорида, хорижий фуқаролардан – низомга иловага мувофиқ миқдорларда, улар яшаган ҳар бир кун учун ундирилади. Тўлиқ бўлмаган яшаш куни учун туристик (меҳмонхона) йиғим тўлиқ яшаган кун миқдорида ундирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид