Жаҳон | 07:31 / 02.09.2022
7423
2 дақиқада ўқилади

ЕИда «омикрон»га мослаштирилган вакциналар биринчи марта қўлланилиши мумкин

Соғлиқни сақлаш бўйича Европа комиссарининг сўзларига кўра, Европа иттифоқи «яна бир ковидли қишга» тайёр бўлиши керак. Европа регулятори EMA томонидан тасдиқланган коронавирус вакциналари пандемияга қарши курашда ёрдам беради.

Фото: Reuters

Омикрон вариантига мослаштирилган коронавирусга қарши вакциналар Европа иттифоқида биринчи марта қўлланилиши мумкин. Европа дори воситалари агентлиги (EMA) 1 сентябр, пайшанба куни Biontech/Pfizer ва Moderna компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган, омиcрон BA.1 суб-вариантига мослаштирилган вакциналардан фойдаланишга рухсат берди. 

EMA илгари эмланган 12 ёшдан ошганлар учун иккита янги коронавирус вакцинасини тасдиқлади. Агентлик маълумотларига кўра, улардан келиб чиқадиган ножўя таъсирлар аввалги вакциналардан юзага келган ҳолатлар билан «бир хил».

Европанинг соғлиқни сақлаш бўйича комиссари Стелла Кириакидиснинг таъкидлашича, вакциналарни тасдиқлаш «европаликларни куз ва қишда инфекция тўлқинлари хавфидан ҳимоя қилиш учун муҳим». Унинг сўзларига кўра, ЕИ «яна бир ковидли қишга» тайёр бўлиши керак. 

Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах «пандемияга қарши курашда сифатли олға силжиш» бўлганини айтди, у Германияда мослаштирилган вакциналар билан эмлаш келаси ҳафта бошланиши мумкинлигини билдирди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг ҳафталик эпидемиологик бюллетени маълумотларига кўра, 22-28 август кунларида дунёда коронавирус билан касалланиш 16 фоизга, ўлим даражаси 13 фоизга камайди. Кўрсаткичларнинг пасайиши дунё барча минтақаларида қайд этилган, аммо энг кучлиси - Шарқий Ўрта Ер денгизи (37 фоизга) ва Европада (20 фоиз). Ўлимнинг энг катта пасайиши Африка (64 фоизга), Шарқий Ўрта Ер денгизи (35 фоизга) ва Европада (30 фоизга) кузатилмоқда. 

Умуман олганда, белгиланган давр мобайнида дунёда 4,5 миллиондан ортиқ янги ковид ҳолати аниқланди ва SARS-CoV-2 коронавируси билан касалланиш оқибатларидан 13,5 минг киши ўлим ҳолати қайд этилди.

Мавзуга оид