Жаҳон | 09:45 / 03.09.2022
24264
4 дақиқада ўқилади

АҚШда Трампдан топилган махфий файллар рўйхати эълон қилинди

ФҚБ тинтувлар давомида собиқ президентнинг қароргоҳида турли хил махфийлик таснифига эга юздан ортиқ ҳужжатларни топди. 

Фото: Reuters

Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг қароргоҳини тинтув қилиш чоғида «яширин», «махфий» ва «ўта махфий» деб таснифланган ўнлаб ҳужжатларни топди, дейилади Флорида жанубий округи суди томонидан 2 сентябр, жума куни эълон қилинган рўйхатда.

Умуман олганда, Трампдан топилган 11 мингдан ортиқ турли ҳукумат ҳужжатларидан 18 таси «ўта махфий», 54 таси «махфий» ва 31 таси «яширин» деб белгиланган. «Ўта махфий» ёрлиғи фойдаланишнинг энг юқори даражаси бўлиб, у Қўшма Штатларнинг «энг махфий сирлари» учун мўлжалланган, дея қайд этади Reuters. 

Бундан ташқари, махфий маълумотлар деб белгиланган 48 та бўш папка, яширин деб ҳисобланган 40 та бўш папка аниқланган. Мусодара қилинган ҳужжатлар рўйхатида ҳам, АҚШ Адлия вазирлигининг қўшимча хатида ҳам папкаларнинг йўқолган мазмуни топилган ёки топилмагани кўрсатилмаган, деб ёзади The New York Times. 11 000 дан ортиқ махфий бўлмаган давлат ҳужжатлари ва фотосуратлари ҳам топилган. 

Фото: АҚШ Адлия вазирлиги

Эълон қилинган рўйхатга кўра, махфий ҳужжатлар кундалик нарсалар билан аралаштириб, тасодифий сақланган. Шу тариқа, битта қутидан 2008-2019 йиллар давомидаги 30 дона газета парчалари, учта «кийим», бир китоб, 11 дона «яширин» ва 21 дона «махфий» белгиси бор ҳужжат топилди. 

Суд томонидан эълон қилинган ҳужжатларда қайд этилишича, Трампнинг файллар билан ишлаш ҳолати «давом этаётган жиноий тергов» мавзуси бўлиб қолмоқда. 

Собиқ президент ҳимояси файлларни таҳлил қилишда мустақил адвокатни жалб этишни талаб қилганидан сўнг, суд Трампнинг қароргоҳидан олинган ҳужжатларнинг батафсил рўйхатини чиқаришга қарор қилди. Прокуратура бу ҳаракатга қарши чиқди. NYT маълумотларига кўра, суд ҳозирча четдан эксперт жалб қилиш имкониятини сақлаб қолган ва бу масала бўйича «ўз вақтида» ёзма қарор қабул қилишга ваъда берган. 

ФҚБ август ойи бошида Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида тинтув ўтказди. Кейинчалик махсус хизматлардаги аноним агент ўз кўрсатмаларида тушунтиришича, ФҚБ собиқ президент январь ойида АҚШ Миллий архивлар ва ҳужжатлар бошқармаси сўровига кўра барча махфий ҳужжатларни қайтармаган деб гумон қилган. 

Ўша пайтда Трампдан 15 қути ҳужжатлар, жумладан «махфий» деб белгиланган ва «миллий хавфсизлик маълумотлари» бўлган файлларни олгандан сўнг, ФҚБ махфий ҳужжатлар нима учун олиб чиқиб кетилганини ва бунинг учун мос бўлмаган жойда сақланганини аниқлаш учун иш очган, дейилади агентнинг гувоҳлик кўрсатмасида.

Текширув натижаларига кўра, махсус хизмат Трамп қароргоҳида бошқа махфий файллар сақланиб қолганига «эҳтимолий асослар бор» деган хулосага келган. Суд ордер бериш ҳақидаги сўровни маъқуллаганидан сўнг, ФҚБ қароргоҳда тинтув ўтказган.

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, рейд давомида топилган баъзи материаллар ўта махфий деб таснифланган ва АҚШ разведка маълумотларини йиғиш усуллари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиши мумкин бўлган. Терговга яқин бўлган The Washington Post манбалари бу маълумотни Қўшма Штатларнинг «энг махфий сирларидан бири» деб атади. 

Мавзуга оид