Ўзбекистон | 07:34 / 03.09.2022
14811
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти ҳокими комбайнда пахта терими мавсумига старт берди

2 сентябр куни Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги "Сардоба Универсал Кластер" пахта тўқимачилик кластери пахта майдонларида “Пахта-2022” йиғим-терим мавсумига старт берилди. 

Видеодан кадр

Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабарига кўра, унда вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев замонавий терим машинасини бошқариб, пахта теримини бошлаб берди.

Кластер раҳбари қайд этишича, кейинги пайтларда пахта ҳосилини йиғиштириб олишда механизациялашни жорий этиш анчайин жадаллашгани меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу йил кластер ер майдонларида етиштирилган пахта ҳосилини тўлалигича терим машиналари ёрдамида йиғиб олиш мақсад қилинган.

Август ойи бошида жаҳон бозорида шаклланган нархлар, масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хомашёсининг минимал нархлари маълум қилинганди.

Ўрта тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 10 025 минг сўмни, 1 тонна ингичка тола навли пахта хомашёси минимал нархи ҚҚС билан бирга 15 120 минг сўмни ташкил этди.

Тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.

Мавзуга оид