ISW: Украина жанубда ҳам, шарқда ҳам муваффақиятли қарши ҳужум қилмоқда
Украин ҳарбийлари мамлакат жанубида ҳам, шарқида ҳам қарши ҳужумларни давом эттирмоқда, улар Херсон областининг ғарбий қисмида ва Донецк областининг Шимолий Дон бўйидаги ҳудудларда сезиларли муваффақиятга эришган. Бу ҳақда Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институтининг (ISW) 5 сентябр кунги ҳисоботида келтирилади.
Украина қуролли кучлари асосий эътиборни ҳамон россиялик ҳарбийларнинг таъминот йўллари ва қўмондонлик пунктларига зарбалар бериб, уларнинг жанговар руҳини заифлаштиришга қаратмоқда. Мутахассислар прогноз қилишича, қарши ҳужум суръатлари кундан кунга кескин ўзгариши, РФ қуролли кучлари ва иттифоқчи кучлар эса артиллерия ва авиация орқали кучли ҳужумлар ўтказиб, бой берилган позицияларни қайтариб олиши мумкин.
Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский учта аҳоли пункти озод қилинганини маълум қилганди — уларнинг иккитаси мамлакат жанубида ва бири шарқда. ISW мутахассислари россиялик ҳарбий мухбирлар ва журналистларнинг шу муносабат билан берган шарҳларидаги оҳанг ўзгарганига эътибор қаратди ва украин қўшинлари сезиларли ютуқларга эришмоқда, деган хулосага келди.
Мавжуд маълумотларга кўра, Украина қуролли кучларининг 54- механизациялашган бригадаси Лисичанск — Северск йўналишида илгарилаган ва Шимолий Дон бўйида тепаликлардаги мустаҳкамланган позицияларни эгаллаган. Шу билан бирга, украин расмий шахслари ҳарбийлар Херсон областидаги Високопиля посёлкасида шифохона биносига украин байроғини ўрнатаётгани акс этган фотосуратни тарқатишмоқда. Ҳозирда бу регионда Херсон-Миколайив фронт чизиғи бўйлаб, жумладан Ингулец дарёси бўйида ҳамда Днепропетровск области билан чегара чизиғидан жанубда позицион жанглар кетмоқда. Шунингдек, Украина қуролли кучлари Запорижжя области ғарбида Россия қўшинлари жойлаштирилишини тўхтатиб қўйиш мақсадида ўзаро туташув чизиғида локал амалиётлар ўтказаётган бўлиши мумкин.
Украина армиясининг Херсон областидаги қарши ҳужумига қарамай, Россия ҳарбийлари Бахмутдан жануб ва шимоли-шарқдан қуруқлик амалиётлари ўтказишга, шунингдек Донецкдан шимол ва жануби-шарқдан юриш қилишга уринмоқда. Британия разведкасининг кунлик ҳисоботида Россия асосий кучларини Донбассдаги юриш учун жамлагани, аммо қўшинлар ҳафтасига бир километрдан ортиқ масофага ҳаракатлана олмаётгани айтилган.
Ҳарбий экспертлар ҳамон Россиянинг Донецк областини 15 сентябрга қадар тўлиқ эгаллаш имкониятига шубҳа билан қарашмоқда — Украина қуролли кучлари Бош штабига кўра, РФ президенти Владимир Путин ўз буйруғида шу кунни белгилаб берган.
Айни вақтда Херсон областининг деярли бутун ҳудуди, Запорижжя области жанубий қисми, Миколайив ва Харкив областларининг маълум бир ҳудуди Россия қўшинлари назоратида қолмоқда. Шарқда кенг кўламли юриш қилган Россия армияси Азов денгизи соҳилидан Қримгача бўлган 100 километр масофадаги қуруқлик йўлаги устидан тўлиқ назорат ўрнатга. Россия Донецк области ҳудудининг ярмидан кўп қисми ва Луҳанск областининг деярли бутун ҳудудини назоратига олган.
Украинларнинг қарши ҳужумлари мамлакат жанубида россияликларнинг ҳолатини қийинлаштирмоқда
ISW 6 сентябр куни ҳам ўз ҳисоботини эълон қилди, унинг асосий пунктлари қуйидагича:
- Украинларнинг қарши ҳужуми Украина жанубида босиб олинган ҳудудларда Россиянинг логистик ва маъмурий имкониятларини сезиларли даражада ёмонлаштиради.
- Россия кучлари Северскдан шарқда, Бахмутдан шимоли-шарқ ва жанубда, шунингдек, Донецкнинг шимолий-ғарбий чеккаларида қуруқлик амалиётлари ўтказмоқда.
- Украина кучлари Россиянинг Харкив жануби-шарқидаги Купянск ва Семеновкада россияликларнинг коммуникация ва логистик тугунларига зарбалар беришда давом этмоқда. Россия қўшинлари ҳам Харкив ва унинг атрофини ўққа тутмоқда.
- Геолокация кадрлари ва Украина Бош штабининг ҳисоботлари Костромо ва Безименноеда украин кучларининг олдинга ҳаракатланишидан дарак бериши мумкин.
- Украина махсус топшириқли кучлари Россия ФХХнинг Энергодар ҳудудидаги базасига қарши чекланган амалиётлар ўтказди.
- Россия кучлари Изюм-Словянск линияси бўйлаб олдинга ҳаракатланаётгани тасдиқланмади, мунтазам ўт очиш давом эттирилмоқда. Украин қўшинлари Словянскдан шимоли-шарқда кичик муваффақиятларга эришган.
- Кремль Украинадаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун ҳудудлардаги кўнгиллилар батальонларидан фойдаланиш учун яна бир қадам ташлади; Россия ҳукумати, катта эҳтимол билан Украинанинг босиб олинган ҳудудлари аҳолисини куч билан сафарбар қилмоқчи.
- Запорижжя АЭС радиация ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши хавфи билан ишлашда давом этмоқда. Томонлар бир-бирини станцияни ўққа тутишда айбламоқда.
- Запорижжя областида Россия томонидан тайинланган маъмурият раҳбари Евгений Балицкий 5 сентябрдан областнинг истило остидаги қисмида 1,25 рублга 1 гривна даражасида валюта алмашув курси ўрнатилганини маълум қилди.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024