Жаҳон | 19:46 / 10.09.2022
27214
16 дақиқада ўқилади

Қиролича энди бу ерда яшамайди. Елизавета Иккинчининг умр йўли

Тахтда ўтирган ҳар қандай монархнинг дунёдан ўтиши муҳим тарихий воқеадир. Лекин қиролича Елизавета Иккинчининг ўлими XX асрнинг иккинчи ярми ва XXI асрнинг дастлабки йигирма йилини ўз ичига қамраб олган бир инсон умрига тенг улкан даврга интиҳо ясади.

Қиролича Елизавета II, 2018 йилнинг 10 июли. Лондонда. Фото: Max Mumby/Indigo/Getty Images

Бу нозик аёлнинг мисли кўрилмаган куч-қудрати қироллик ҳокимиятининг минг йиллик анъаналарига шаксиз ҳурмат, умр бўйи садоқатга асосланган. Қиролича ўзини сўнгги нафасигача бу анъаналар қўриқчиси ҳисоблар эди, деб ёзади публицист Сергей Николаевич.

Қироллик этикети монарх аёл гардеробида қора рангнинг қачон ишлатилишини аниқ-тиниқ қилиб белгилаб беради. Елизавета ўз турмуш ўртоғи Эдинбург ҳерцогига ўн кун мотам тутди. Қиролича онасига эса бир ҳафта. Малика Дианага — уч кун. Ҳамма кампирлар эртами-кечми ҳаётнинг қайғули кунларига дучор бўлиб, қора либосга бурканишади. Елизавета Иккинчи бундай қила олмас эди. Унинг учун мотам либоси фақат дафн маросимида эди. Ҳаётда эса ёрқин ранглар, гулдор кўйлаклар, енгил патлар ва ипакдан ясалган атиргуллар ёпиштирилган кулгили шляпалар. Умуман, одамлар қиролича пайдо бўлганида хурсанд бўлиши ва олқишлашга маҳкум, қўрқиши ёки унинг қариялиги ва ожизлигидан раҳми келмаслиги керак, деб ҳисобларди у.

Бежизга шу йил ёзда тахтга ўтирганининг 70 йиллиги нишонланаётганида у Букингҳэм саройи балконига чиқишни қатъий рад этишга ҳаракат қилмаган. У қўлидаги ҳасса билан оммага кўрингиси,  юришга қанчалик қийналаётганини намойиш этгиси, эри Филипп ўлгач қанчалик ўзини олдириб қўйганини кўришларини истамаган. Лекин бу — бурч. Боз устига, ўғли шаҳзода Чарлз «Ойи, халққа кўриниш бериш керак. Улар тушунади», дея қисталанг қилган дейишади.

У жуда бардошли стоик эди. Британия империясининг сўнгги аскари эди. Империя аллақачон ўчган, у эса тирик эди. Барчаси эски ипак матодек сирғалиб, тарқалиб, бузилиб, вайрон бўлиб, таламон бўлиб кўздан ғойиб бўлди. Фақат у ўз постида эди. Хизмат вазифасида. Шляпа, ўнг қўлига илинган сумка, қўлқоплар, оғир-вазмин, айрим ҳолларда эса тешиб ўтгудек ўткир нигоҳ. Ҳолбуки, табиатан Елизавета асло қаттиққўл эмасди. Шунчаки бесабаб жилмайишни ёмон кўрарди. Киноюлдузларга табассум ярашади. Унинг онаси чиройли табассум қиларди, қиролича-она ўзининг шоҳона табассуми билан ҳеч кимни бенасиб қолдирмасди. Елизаветага бу юқмаган эди. Баъзан у бундан афсус ҳам қиларди.

Қиролича Елизавета II Балморалдаги дарвоза олдида. 2021 йилнинг 9 августи. Фото: Jane Barlow - WPA Pool/Getty Images

— О, агар ҳозир шу ерда онам бўлганида, халқ бундан уч баробар кўпроқ йиғиларди, — деган у кунларнинг бирида қандайдир иккинчи даражали йиғинда ўзи пайдо бўлганидан сўнг одамларнинг камлигини кўрганда.

Қироллик оиласи Буюк Британияда қизиқишдан қолган даврлар ҳам бўлган. Бу 60-йилларнинг охири — 70-йилларнинг боши. Ўшанда ёшлар намойиши, «Битлз», Твигги мини-юбкаларнинг урфга кириши, Ойга инсон қадами етиши фонида улар умидсиз қолоқ, зерикарли, барча тугмалари ўтказилган, ўзларига хос кўҳна ва қадимий Queen’s Englishда сўзлашадиган инсонлар бўлиб кўринган эди. Айниқса бу BBC 1969 йилда Балморал қасрига камералар ўрнатиб, Виндзорлар оиласи ҳақида илк ҳужжатли филм ишлаганида янада яққол намоён бўлган. Аслида, бу Эдинбург ҳерцогидан чиққан ғоя эди — халққа яқинроқ бўлиш учун. Шу мақсадда қироличани кичик ўғли шаҳзода Эдвард билан дўконга аллақайси нарсани харид қилишга жўнатишади. Сумкасидан кармонини чиқариб, ичидан ўзининг тасвири туширилган тангаларни олиб, уларни қийналиб санаётганини кўришнинг ўзи у бу ишни ҳеч қачон қилмаганидан далолат бериб турарди. Бу ҳаттоки, одамнинг кўнглини юмшатадиган даражада қизиқ эди.

Ёки малика Диананинг ўлимидан сўнг монархиянинг рейтинги қулай бошлаб киритик кўрсаткичларга яқинлашгач, қироличани негадир Лондон пабларидан бирига «хизмат сафари»га жўнатишади. Ҳолбуки у қироллик оиласида пиводан жирканадиган ягона инсон эканлигини барча биларди. Лекин шунда ҳам бармен билан лутф алишгач, унга бир канистр филтрланмаган пиво совға қилишади.

«Бу оилангиздаги эркаклар учун, мэм! — дейди бармен, сўнг овозини бироз пастлатиб, муғомбирона қўшиб қўяди: — Албатта, ойингиз учун ҳам!» Бунга қиролича киприк қоқмасдан жавоб қайтаради: «Менимча, бу канистр ойимнинг ўзидан ортмаса керак».

Қиролича Елизавета II Австралияга сафари чоғида, 1970 йилнинг апрели. Фото: William Lovelace/Daily Express/Getty Images

Умуман, Елизавета Иккинчида оний ҳозиржавоблик ва ўзига хос юмор ҳисси бор эди. Ўта британча, босиқ, бироз кулгили совуқлик, санчиб оладиган ўйноқилик, қувноқ топқирлик ва пичингга йўғрилган ва буни тушунадиган, баҳолай оладиганларга мўлжалланган юмор. Бироқ жуда кўп ҳолатда унинг атрофидагилар енгил фалаж бўлиб қолиб, лабларини фақат «Yes, mam!» ёки «No, mam!» дейишгагина жуфтлай олишарди. У эса қўлларни сиқишда, савол беришда ва вазият тақозо этса ҳазил қилишда давом этарди.

Қарийб юз ёшида Елизавета бир неча марта барчанинг муҳаббатига сазовор бўлиш даврларини бошдан кечирди. Биринчиси, ҳали қизалоқлигида у опаси малика Маргарет билан тушган сурати пойтахт ва провинциядаги барча дўконларга жойлаштирилди. Бу портретлар рангли журналлардан қирқиб олинди, уларни фотоательеларда махсус буюртма қилишди, газета кўшкларида улгуржи ва чакана харид қила бошлашди. Идеал митти маликалар. Уруш исканжасида қолган Европада тинчлик ва хотиржамлик рамзлари бўлишди.

Малика Елизавета синглиси Маргарет билан. 1940-йиллар Фото: Nypost.com

Уларнинг болалик фотосурати Амстердамдаги Анна Франк уй-музейида ҳам бор. Ахир улар тенгдош эдилар. Юрти босиб олинган Анна ўшанда ҳам британиялик маликалар ҳақидаги ҳар бир хабарни ютоқиб кутарди: Улар Лондонда, бомбалар остида қандай кун кечиряпти экан-а, деб. Аслида, улар Виндзор қасридан бошпана топишган эди. Канадага эвакуация қилиш ҳақида ҳам гап-сўзлар бўлаётган эди. Ўшанда она-қиролича ўзининг тарихий сўзларини айтган: «Маликалар доим мен билан бўлишади. Мен ҳеч қачон қиролни ташлаб кетмайман, қирол эса Англияни тарк этмайди». Шундай бўлиб ҳам чиқди. «Бизнинг тўртлигимиз», — дерди ўзи ва оиласи ҳақида қирол Жорж VI.

Шундан сўнг Елизавета ўсиб улғайди, тилласочли норғул юнон шаҳзодаси Филиппнинг рафиқаси бўлди. Бутун Британия, албатта, рашк қилди. Нега энди юнон? Яна томирида немис қонлари оқаётган? Лекин Филиппни рад этиш осон эмасди. Валиаҳд туғилгач, Елизаветани янада қаттиқроқ яхши кўриб қолишди.

Малика Елизавета (кейинчалик қиролича Елизавета II) ва унинг куёви Филипп Маунтбэттен никоҳлари эълон қилингач Букингҳэм саройида. 1947 йилнинг 10 июли. Фото: Topical Press Agency/Hulton Archive/Getty Images

Шундан сўнг қирол Жорж IVнинг ўлими, тож кийдириш маросими ва ҳукмронлигининг дастлабки йиллари бўлди. Бугундан туриб қаралса ўшанда унинг гарданига қанчалик оғир юк келиб тушганини англаш мумкин. Буларнинг барчасига чидаш ва сабр қилиш керак эди! XX аср иккинчи ярмининг барча асосий воқеалари марказида бўлиш. Шу ҳолатда ҳам қироллик масофасини сақлай олиш. Барча сиёсатчилар ва давлат раҳбарлари билан шахсан таниш бўлиш, бироқ оддий одам ва қироличани ажратиб турувчи чизиқдан қадам босиб ўтмаслик.

У катта бувиси қиролича Виктория сингари доно ҳукмдор образига дарҳол киришиб кета олмади, унда Индира Гандининг салобати, Жаклин Кеннедининг туғма зеболиги, Маргарет Тэтчернинг ҳукмдорлик қуввати йўқ эди. Бу аёллар олдида у, эҳтимол, жуда жўн ва содда кўрингандир. Елизавета бу ҳақда билар, лекин бундан асло тортинмасди. Унинг жияни шаҳзода Майкл Кент ўзи танлаган қиз, насабдор баронесса Мария Кристина фон Рейбницга уйланаётганида, қиролича беҳазил сўраган: «Келинимиз биз учун ниҳоятда катта гранд-хоним эмасми?» Яъни Мария «қироличалик» қилишга ҳаддан зиёд киришиб кетмасмикан, деган мазмунда.

Дарвоқе, мана шу ерда ички туйғуси қироличани алдамаган эди. У ўша вақтнинг ўзида носамимият, сохталик ва ҳисоб-китобни кўрган эди. Ўзи жуда камтар, ҳаттоки тортинчоқ инсон бўлганигамикан, байрамона ва шоҳона дабдабани унчалик хушламас, имкон туғилди дегунча инсонлардан кўра кўппаклари ва отлари билан «суҳбатлашиш»ни маъқул кўрарди. Унда сўнгги сонияларгача қишлоқ аёли яшади. У қишлоқ ярмаркаларини севар, у ерда қўлда тўқилган пайпоқлар, жун кардиганлар ва свитерларни Мавлуд совғалари сифатида харид қилар эди. Қасрлар доимо салқинроқ бўлади. Шу сабабли қиролича учун энг зўр совға — тўқилган ғилоф ичидаги иситгич эди. Қўл-оёқлари минг хил ташвиш билан боғланган бўлмасин, у қўлидан келганча ўз яқинлари ва атрофидагиларнинг ҳаётини оддий инсонлар ҳаётига ўхшатишга ҳаракат қиларди. Буни ўзининг бурчи, агар таъбир жоиз бўлса, дунёга келишидан мақсади деб биларди! Баландпарвоз гаплардан доим қочишга ҳаракат қиларди.

Қиролича Елизавета II ва шаҳзода Филипп Шотландиядаги Балморал ерида кумуш тўйни нишонламоқда. 1972 йилнинг сентябри. Фото: Fox Photos/Hulton Archive/Getty Images

Этикет бўйича қироличага савол бериш мумкин эмас, уни тегиниш, ҳаттоки машинадан тушишда кўмаклашиш учун қўл узатиш мумкин эмас. Доим ўзи, доим якка ўзи. Эдинбург ҳерцоги ҳам кадрда фақат қиролича бўлиши учун тавозе билан тисланишга кўникиб қолган. У қиролича ҳам эди-да! Давлат раҳбари, Англикан черкови раҳбари, Қуролли кучлар олий бош қўмондони, Ҳамдўстлик давлатлари раҳбари. У нафақат буюк Британия, бутан инглизсаксон цивилизациясини, аёлларга хос соғлом фикр ҳокимияти, қироллик унвони ҳокимиятини тамсил этарди. Бу ҳокимият бурчининг ўзи эди.

Агар ўйлаб қаралса, ўзининг 70 йиллик ҳукмронлиги даврида Елизавета Иккинчи дуч келган оилавий кризисларнинг барчаси замирида битта ҳолат яширин эди: қироллик бурчи ва сарой қонун-қоидалари оддий инсоний бахтга бўлган эҳтиёж билан тўқнаш келарди.

Барчаси америкалик жувон туфайли тахтдан воз кечган унинг амакиваччаси Дэвиддан бошланган. Кейин синглиси Маргарентнинг бахтсиз севги кечмиши рўй берди. У оиласидан ажралган эркакни деб барча бурч ва қироллик имтиёзларидан воз кечиб, бутун умр бундан афсусланиб ўтди. Тўрт боласидан учтасининг оиласи бузилгани, Диананинг ўлими, шаҳзода Эндрюнинг шубҳаларга тўла, ҳаттоки жинояткорона алоқалари, Гарри ва Меганнинг яқинда АҚШга қочиб кетиши... Буларнинг ҳаммаси нон-стоп режимида жамики телеканаллар эфирлари, барча сайтлар ва газеталарнинг асосий саҳифаларида ёритилиб турди. Бу туганмас сериални кўтариш учун Елизавета кучни қаердан топган экан, деб ўйланиб қолади, киши. Унинг ўзи бу борада нима фикрда бўлган?

Қиролича Елизавета II, Сассек ҳерцогинаси Меган ва Сассек ҳерцоги шаҳзода Гарри. Фото: Max Mumby/Indigo/Getty Images

Таассуфки, бу борада бирорта ҳужжатли далил йўқ. Ахир қиролича умри давомида бирор марта интервью бермаган. Бироқ айтишларича у 9 ёшидан бошлаб кундалик юритган ва унда муҳим воқеа-ҳодисаларни қайд қилиб борган. Яна банкетлардан бирида 1992 йилни Annus horribilis — «даҳшатли» деб атаганининг видеоёзуви бор. Ўшанда илк бора унинг шамоллаган товушида ўласи қилиб ҳақоратланган инсоннинг дилсиёҳлиги мужассам бўлган эди. Буларнинг барчаси нима учун? Диана билан можаролар кам эдими, болаларининг ажрашишлари етмасмиди, бунга қўшимча равишда Виндзорда юз берган даҳшатли ёнғин янги фалокатларнинг элчисидек бўлди. Ўшанда Буюк Британия унда қироличани эмас, илк марта нимадандир шикоят қилган, кўзойнак таққан бошланғич синфларнинг қартайиб қолган ва ғамгин ўқитувчисини кўргандек, уни қайтадан яхши кўриб эди. Боз устига, эътироз эндиликда унча-мунча одам ишлатмайдиган лотин тилида янграган эди. Аммо ҳамма бир нарсани англаганди: ҳозир қиролича бўлишнинг айни фурсати!

Елизаветанинг бутун умри чексиз хизматкорликдан иборат бўлди. Унинг Мавлуд арафасидаги нутқлари — стоицизмнинг енгилгина ваъзи. Сизиф ҳақидаги миф — бу унинг мифи. Албер Камю уни ўз фалсафий асари тилига жойлаштирган бўлса, Елизавета Иккинчи —қироллик баённомаси тилига. Аммо миф моҳиятан битта. Итоаткорлик — тақдирга тан беришнинг энг ишончли усули эканлиги ҳақида. Сабр — бу илоҳий неъмат, уни қувватлаб бутун умр давомида тарбиялаб бориш кераклиги ҳақида. Ғолиб ҳеч нарсага эга бўлмаслиги ҳақида.

Елизавета ва Филипп уруш даври одамлари эди. Уруш уларнинг ёшлигини ҳам ёқиб юборган, характерларини чархлаган. Филипп Британия қироллик флоти зобити сифатида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Елизавета 16 ёшида ҳарбий транспорт ҳайдовчилигига имтиҳон топширган. У ҳеч қачон юк машиналари ва оғир юк ташувчи транспортлар рулига ўтиришдан ҳайиқмаган. Охиригача ўзи машина ҳайдашни яхши кўрарди. Тезликни севарди. Кенгликни севарди. Мана, нима учун барча қироллик қароргоҳлари ичида Елизавета ёшлигидан Балморал — кенгликлар ичра километрлаб йўл босса-да, бирорта папарацци камерасининг нишонига тўғри келмайдиган жойни яхши кўрар эди. Буталар ортида уни пойлаб турган тансоқчиларини унутиб, табиат билан қоришиб кетиладиган жойни. Жонини ҳам шу ерда Яратганга топширганида ҳам қандайдир рамз бор эмасми?

Қиролича Елизавета II ўз автомобили рулида. Англия. Виндзор. 2021 йилнинг 2 июли. Фото: Max Mumby/Indigo/Getty Images

2020 йилнинг баҳорида локдаун эълон қилинишидан олдин қилган чиқишида у Филипп иккиларининг севимли шлягери, уруш давридаги ёшларнинг гимни We’ll meet again’дан иқтибос келтиргани эсга тушади. «Биз яна учрашамиз». Уни таниқли Вера Линн ижро этган. Ўшанда уларнинг барчаси ҳаёт эди: Филипп ҳам, Вера ҳам, врачларга ёрдам учун 12 миллион фунт йиғган юз ёшли ветеран ҳам. Елизавета уни Виндзор қасрида рицарлар сафига қабул қилади. Икки йил ичида ҳеч ким қолмади. We’ll meet again сўзлари эса янги қайғули маъно касб этди.

Албатта, уларнинг барчаси у ерда учрашишади. Унинг севимли эри ҳам, анча аввалроқ кетган тенгдошлари ҳам, улар биргаликда аввал олтин, кейин бриллиант тўйларини нишонлаган жуфтликлар ҳам. Қироличасиз ўз ҳаётини тасаввур қила олмайдиганлар ҳам.

Аслида ортда қолган бизлар, буни унчалик англай олмаймиз. Гўёки ортимизда юк кўтариб турган девор қулаб, Букингҳэм саройи томи остида сағирона бўш штандарт манзарасини, кўкимтир булутларга тўлган баланд куз осмонини ҳам очиб бергандек. Қиролича энди бу ерда яшамайди.

Мавзуга оид