Спорт | 16:30 / 11.09.2022
18579
7 дақиқада ўқилади

«Лестер»нинг қулаши. Англиянинг 6 йил олдинги чемпионига нима бўлди?

Сентябр ойи келди, АПЛда 6 та тур ўтказилди, «Лестер» эса атиги 1 очкога эга. Бош мураббий Брендан Рожерс ўтирган стул тобора қаттиқроқ қимирламоқда, аммо вазиятни яхшилаш учун зарур шартлар ҳамон кўринмаяпти. Хўш, нега «тулкилар» турнир жадвалининг қуйи поғонасида «мустаҳкам ўрнашиб олишди»?

Фото: Getty Images

Трансфер кампанияси

«Лестер» ҳар доим футболчиларни муваффақиятли сотиш хусусияти билан танилган: Магуайр, Маҳрез, Чиллуэлл, Дринкуотер ва Канте трансферлари ҳақида ўйлаб кўриш кифоя, улар «тулкилар»га жами 278,7 миллион евро келтирди. Бу ёз ҳам мустасно бўлмади: Уэсли Фофана тарихдаги энг қиммат ҳимоячилардан бирига айланиб, 80,4 миллион евро эвазига клубни тарк этди. Аммо янги харидлар билан боғлиқ муаммо пайдо бўлди – клубнинг қайдномаси тўлиб кетганди.

«Лестер»да Рожерсга ҳам, бошқа клубларга ҳам керак бўлмаган футболчилар тўпланиб қолди. Бунга ёрқин мисол – Янник Вестергор, ўтган ёзда 17,6 миллион евро эвазига «тулкилар» сафига қўшилди, бироқ омадсиз сериялари туфайли бир йил ичида бор-йўғи 10 та ўйин ўтказди, ҳозирда эса ҳатто қайдномага киритилмай қўйди. Даниялик ҳимоячи аввалроқ «Саутҳемптон»да юқори савиясини кўрсата олган бўлса-да, бу ёзда унга фақат «Фулҳэм» қизиқди.

3 йил олдин «Арсенал»дан олинган Деннис Прат ҳам шундай йўловчилардан бири. «Лестер» лагеридаги дастлабки икки мавсумида бельгиялик футболчи 42 та ўйин ўтказди, 5 та гол урди. Аммо, 2021/22 йиллар мавсумида Италиянинг «Торино» клубига ижарага берилди. У ерда ўрнашиб қололмади ва Англияга қайтди. Ҳозир эса ҳар 2-3 та ўйинда 15 дақиқа кўриниш беряпти.

Тажрибали Райан Бертран ҳам асосий таркибда ўрнашиб қололмади. Премьер-Лигада бир йил давомида 300 дақиқадан кўпроқ вақт ўтказди, бироқ ҳафтасига 50 минг фунт олишдан тўхтамади.

«Лестер»нинг муаммоси шундаки, ҳозир клубда бундай футболчилар жуда кўп. Улар сифатли кучайиш ва янги трансферларни амалга ошириш имконини бермайди. Шу боис «тулкилар» бутун ёз давомида фақат дарвозабон Алекс Смитисни эркин агент сифатида таклиф қилиб, Фофана ўрнига Воут Фасни сотиб олишди.

Раҳбарият «Ницца»га ўтиб кетган дарвозабон Каспер Шмейхелга ўринбосар харид қилмади. Ҳозир Денни Уорд асосий таркибда тушмоқда. Унинг ўйинларига саволлар бор: «тулкилар» ҳар бир баҳсда ўртача 2,66 (!) гол ўтказиб юбормоқда. Англияда бу кўрсаткич бўйича фақат «Борнмут» орқада.

Ҳужумда ҳам муаммолар бор: ёши ўтиб бораётган ва жароҳатларга мойил бўлиб қолган Жейми Вардига ўринбосар керак. Аммо Иҳеаначо ҳам, Дака ва Перес ҳам 2-3 ўйиндан ортиқ юқори савияда ўйнашга тайёр эканлигини Рожерсга исботлаб бера олишмади.

Натижада, сўнгги 4 йил ичидаги ҳужумчилар трансферини (Ғаззол, Перес, Ундер, Луқмон ва Дака) муваффақиятсиз деб аташга асос бор. Ҳозирча 36 ёшдан ошган Варди «тулкилар» аравасини бир амаллаб тортмоқда.

Албатта Рожерс янги ҳужумкор футболчи билан шартнома имзолашдан хурсанд бўларди. Бу ёзда «Лестер» Пепе, Хакшабанович, Калайжич, Долберг ва Бройе хизматига қизиқиш билдираётгани ҳақида кўп ёзилди. Аммо...

Жароҳатлар

«Лестер» шифокорлари ва физиотерапевтлари Венгернинг сўнгги йилларидаги «Арсенал» тиббий ходимларидан сабоқ олишган деган гумон бор. Акс ҳолда, нима учун жамоа жароҳатлар эпидемиясига мунтазам дуч келаётганини тушунтириш қийин.

Бу мавсумнинг ўзида Фофана, Мэддисон, Эванс, Барнс, Бертран ва Амарти шифохонага ётишди. Рикардо Перейра эса яна узоқ муддатга сафдан чиқди. Ўтган йили жамоанинг деярли ҳар бир футболчиси жароҳат олди – бу муваффақиятсиз мавсумнинг асосий сабаби сифатида кўрсатилди. Клубда жароҳатга мойил футболчилар тўпланиб қолиши яхшиликка олиб келмаслиги аниқ. Аммо уларни алмаштириш учун имкон йўқ – қайднома тўлиб кетган. Шу ерда доира ёпилмоқда.

Чарчоқ

Бу сўнгги пайтларда «Лестер» билан боғлиқ асосий сўзлардан бири бўлса керак. Рожерс ва раҳбарият жароҳатлар ва заиф футболчилардан чарчаган, футболчилар Рожерсдан чарчаган, мухлислар эса ҳаммасидан чарчаган.

Шимолий ирландиялик мураббий клубни 3,5 йилдан бери бошқармоқда – бу мураббийларни қўлқопдек алмаштиришга ўрганган Премьер-Лига клублари учун катта муддат.

Брендан жамоани янги савияга олиб чиққани билан баҳслашиб бўлмайди, унинг Крейг Шекспир ва Клод Пюэл давридан кейин келиши айни муддао бўлган эди. Унинг қўл остида «Лестер» қаторасига икки йил давомида, мавсумнинг 90 фоизида кучли тўртликда борди, аммо сўнгги турларда қандайдир мўъжиза туфайли пастга тушиб кетди. Балки бу ҳодиса ҳам ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин: футболчилар ўз кучига ва Рожерсга ишончни йўқотиб қўйишди. Унинг мавсум якунидаги омадсизликлари «Ливерпул» давридан бери нохуш анъанага айланди.

«Лестер»нинг ўтган мавсуми очиқчасига ҳафсалани пир қилди. «Тулкилар»нинг ҳозирги ҳолати эса бир вақтлар бекам-у кўст ишлаган механизмда нимадир бузилиб қолганини кўрсатмоқда. Энди клубдаги ва унинг атрофидаги ижобий муҳитдан асар ҳам қолмаган. Балки унга худди 3,5 йил олдинги каби янги мураббий керакдир?

Албатта, Рожерс қолган тақдирда ҳам «Лестер»нинг қуйи лигага тушиб кетиши даргумон, аммо еврокубокларнинг ёқимли ҳидини ҳис қилган «тулкилар» хўжайинлари мавсум якунида 15-17-ўринлар билан қаноатланмаслиги аниқ.

Кучли босим ва мухлислар ғазабига қарамай, «Брайтон»га 2:5 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг, Рожерс шундай деди: «Ҳеч қачон бошқарув кенгашидан ёрдам сўрамаганман. Буни ҳеч қачон хоҳламаганман. Ишимни бажаришда давом этаман, ишга келаман, ўрганаман ва қўлимдан келганини қиламан. Кимдир мени тўхтатмагунча ишимни давом эттираман».

Афтидан Рожерс ҳали ҳам вазиятни ўнглай олишига ишонмоқда, шунинг учун «Лестер» мухлислари мураббийнинг ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишига умид қилмаслиги керак.

Олдинда «Лестер»ни мураккаб тақвим кутмаяпти: «Астон Вилла» (уйда), «Тоттенҳэм» (сафарда), «Ноттингҳем Форест» (уйда), «Борнмут» (сафарда), «Кристал Пэлас» (уйда), «Лидс» (уйда), «Вулверҳэмптон» (сафарда). Рожерснинг тақдири мана шу ўйинларда ҳал бўлади, агар «тулкилар» раҳбарияти бундан олдин уни ишдан бўшатишга қарор қилмаса. Бундай вазиятда мухлисларга ҳам, мураббийга ҳам сабр-тоқат, куч-қувват тилаш қолади, гарчи улар орасидаги зиддият ҳар ўйинда кучайиб бораётган бўлса-да.

Мавзуга оид