Ўзбекистон | 10:40 / 12.09.2022
10409
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «Афросиёб» тезюрар поезди 4 ёшли боғча боласини босиб кетди

Бола оилавий боғчада назоратсиз қолдирилгани туфайли унинг яқинидан ўтган темирйўлга чиқиб кетган.

Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 4 ёшли боғча тарбияланувчисини «Афросиёб» тезюрар поезди уриб кетгани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Поезддан олинган видеода бола темирйўлда ўйнаётгани ва поезд босиб кетгани тасвирланган. Ҳолат юзасидан вилоят мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2022 йил 9 сентябр куни соат Қарши—Мароқанд темирйўл йўналишининг Косон тумани, «Қўнғиртоғ» МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида ҳаракатланаётган «Афросиёб» тезюрар поезди билан содир бўлган.

2019 йилда туғилган бола оилавий боғчада назоратсиз қолдирилгани туфайли боғча яқинидаги темирйўлга чиқиб кетган. Оқибатда болани поезд босиб кетган ва у вафот этган.

«Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, қўшимча маълумотлар берилади» дейилади муносабатда.

Аввалроқ, Жиззахда “Афросиёб” тезюрар поезди икки нафар болани уриб юборган. 2007 йилда туғилган болалардан бири вафот этган, иккинчиси жонлантириш бўлимига ётқизилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид