Жаҳон | 21:59 / 13.09.2022
26299
8 дақиқада ўқилади

Украина армияси Херсонда янги муваффақият ҳақида хабар берди

Украина жанубида фронт чизиғи 12 километрга сурилган. Украина қуролли кучлари генерали Дмитро Марченконинг маълум қилишича, мамлакат жанубида 13 та аҳоли пунктлари ва 500 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд қайтариб олинган. Апрел ойига қадар у Миколайив области мудофаасига раҳбарлик қилганди.

Высокопиляга украин байроғи илиниши.

«Сўнгги икки ҳафта мобайнида 1 800 дан ортиқ россиялик ҳарбийлар ўлдирилди, иккита самолёт, иккита вертолёт уриб туширилди. 120 дан ортиқ танк, 130 дан ортиқ артиллерия тизимлари, 20 дан ортиқ баравар ўт очиш реактив тизимлари, кўприклар, РФ армиясининг 150 та қўмондонлик пунктлари, 70 га яқин ўқ-дори омборлари йўқ қилинди», деган Марченко.

Генералнинг айтишича, Бош разведка бошқармаси Херсон йўналишидаги россиялик зобитлар руҳан тушкунликка тушишганини маълум қилган.

«Бизга маълум бўлишича, уларга ўт очмаслик, балки украин ҳарбийлари билан музокаралар ўтказиш ва босиб олинган ҳудудларни қайтариш бўйича кўрсатма берилган», деган у.

Бунгача «Жануб» оператив қўмондонлиги матбуот котиби Наталья Гуменюк ҳам ҳудудлар озод этилгани ҳақида хабар берганди.

«Сўнгги икки ҳафта давомида анча ишончли ютуқларга эришилди. Биз турли участкаларда тўрт километрдан бир неча ўн километргача илгариладик. Озод қилинган ҳудудлар майдони - 500 квадрат километр атрофида», деганди Гуменюк «Украина-Укринформ» медиамарказидаги брифингда.

Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари томонидан Високопиля, Нововознесенске, Билоҳирка, Сухой пруд ва Миролюбивка озод қилинган.

«Бу ерлар украин байроғи остида, ҳудудлар тозаланмоқда. Бу ерлардаги аҳоли тўлиқ Украина юрисдикцияси остига қайтди», дея хабар берган Гуменюк ва россияликлар чекиниш вақтида каттагина ҳудудни миналаштирганини қўшимча қилган. Гап аввалроқ озод қилинган Високопиля яқинидаги Миролюбивка ҳақида кетмоқда.

Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар техникаларни Днепрнинг ўнг соҳилида қолдириб, чап соҳилга кўчиб ўтмоқда.

Аввалроқ Гуменюк россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумлари туфайли оғир шароитга тушиб қолгани ва Россия қисмлари чекинаётгани, чунки РФ армиясининг жанубдаги айрим бўлинмалари украин жангчилари билан музокаралар олиб боришга киришгани ҳақида хабар берганди.

«Улар (россиялик ҳарбийлар - BBC) қуролларни ташлаб, халқаро гуманитар ҳуқуқ юрисдикциясига ўтиш шартлари бўйича музокара ўтказишга ҳаракат қилмоқда», деганди Гуменюк.

Унинг сўзларига кўра, Россия бўлинмалари зобитларига ўз позицияларини тарк этиш бўйича кўрсатма берилган.

Херсон областининг россияпараст маъмурияти раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов душанба куни Украина қуролли кучлари Херсон яқинидаги Антонов кўприги атрофини «тартибсиз ва назоратсиз равишда ўққа тутаётгани» ҳақида айтганди.

Унинг айтишича, украин ҳарбийларининг мақсади кўприкнинг ўзи эмас, россиялик ҳарбийлар унинг остида ташкил этган кўчма ўтиш йўлини йўқ қилиш ҳисобланади.

Антонов кўприги - Херсон шаҳрини Херсон областининг Днепрнинг шарқий соҳилидаги қисми билан боғловчи иккита автомобил алоқа йўлидан биридир.

Украин ҳарбийлари июл ойи охиридан кўприкни мунтазам равишда ўққа тута бошлади. Днепр устидан ўтган яна бир йўл - Кахова ГЭС тўғонида жойлашган бўлиб - бу йўлга ҳам кучли зарбалар берилган. Бу Херсондаги Россия гуруҳининг таъминотини жуда қийинлаштирган.

Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Володимир Салдо украинларнинг юришлари Херсон учун хавф туғдирмаётганини айтган. «Мен ҳар куни ҳарбийлар билан гаплашиб турибман ва херсонликлар яқин келиб қолган Украина армияси борасида қандай безовталик юзага келганини биламан», дея қайд этган у.

ISW: Россия қўшини жанубда ҳам чекинмоқда ва Украина қуролли кучлари учун Херсонга йўл очилмоқда

Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институтининг (ISW) ҳар кунги ҳисоботига кўра, Россия қўшини нафақат Харкив областида, балки жанубий йўналишда ҳам чекинмоқда. Сунъий йўлдош тасвирлари кўрсатишича, РФ ва иттифоқчи кучлар Киселевкадаги олдинги чизиқ позициясини тарк этишган (бу Херсондан 15 километр шимоли-ғарбда) ва Днепр бўйига чекинган. Украина қуролли кучлари россияликлар бошқа аҳоли пунктларини ҳам топширишганини маълум қилишганди.

Киселевка россияликлар учун оператив нуқтайи назардан муҳим нуқта ҳисобланарди. Бу Херсондан Миколайивга борувчи E58 трассасида ва Украина қуролли кучлари позициялари ҳамда Чернобайивка ўртасидаги россияликлар назорат қилиб турган сўнгги аҳоли пункти эди.

«Россия қўшини бу позициядан олиб кетилиши руслар Херсоннинг шимоли-ғарбий чеккаларини ҳимоя қилиш қобилиятини хавф остида қолдиради ва бу ҳудуддаги Россия бўлинмалари ўз позицияларига тўғридан тўғри таҳдид ҳис қилишини англатади», — дея қайд этади ҳарбий экспертлар ва позицияларнинг таслим қилиниши аскарлар ва зобитларнинг жанговар руҳига шаксиз салбий таъсир кўрсатишини қўшимча қилишади.

РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игор Конашенков эса, украин кучлари Херсон областидаги юришлар чоғида юзлаб қурбонлар бергани, Россия ҳаво-космик кучлари «Херсон областининг Костромка ва Белогирка аҳоли пунктлари ҳудудида рақибнинг 63-механизациялашган ва 46-аэромобил бригадалари бўлинмаларига юқори аниқликдаги ракеталар билан зарбалар йўллагани» ҳақида гапирган. Ўз навбатида Украина Бош штаби россияликларнинг 810-денгиз пиёдалари бригадаси шахсий таркибнинг 85 фоиздан ортиқ қисмини йўқотганини маълум қилди.

Урушларни тадқиқ қилиш институти мутахассислари Украина қуролли кучларининг Херсон областида «сезиларли муваффақиятлари» ҳақида айтишмоқда. Экспертлар тахмин қилишича, Россия ҳарбий қўмондонлиги сўнгги ҳафталардаги йўқотишлардан кейин Украинага янги тузилган бўлинмаларни юборишни тўхтатиши мумкин.

Шарқда ҳам жанглар давом этмоқда

Бу вақтда украин кучлари Харкив областидаги ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Украина қуролли кучлари бўлинмалари Веселое-Волчанск линиясида областнинг бутун шимолий-шарқий қисми назорат остига олинганини маълум қилган. Энди Украина армияси Шимолий Дон бўйидаги Лиман шаҳрини эгаллаш учун жиддий ҳаракат бошлаши ва бу орқали Луҳанск областидаги Креминна ва Северодонецкка йўл очиши мумкин.

«Украина Харкив областининг шарқий ҳудудларини қайтариб олгач, Россия қўшинлари янги фронт чизиғини мустаҳкамлай олиш ҳолатида эмас ва бу ҳудудни тарк этиб, бошқа йўналишларга ўтмоқда», — дея қайд этилади ISW ҳисоботида.

Украина қуролли кучларининг тезкор қарши ҳужумга ўтиши натижасида Россия қўшинлари муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган Изюм ва Купянскни ташлаб чиқиб, Харкив областини деярли бутунлай тарк этишди. Бу шуни англатадики, Украина қуролли кучлари областнинг катта қисмида Россия билан чегарага чиқишди, бу ҳудудлар март ойидан буён илк бор Украина назоратига қайтарилди. РФ мудофаа вазирлиги бу борада фақат бир марта хабар бериб, «Балаклия ва Изюм ҳудудларидаги Россия қўшинларини Донецк йўналишидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш учун қайта гуруҳлашга қарор қилингани»ни маълум қилди. Аммо Ғарб нашрлари ва ҳарбий экспертлар бўлаётган воқеаларни — урушда бурилиш рўй бергани ва Украина ташаббусни қўлга олгани сифатида талқин этмоқда.

ISW экспертлари фикрича, Украина армиясининг ҳозирги қарши ҳужуми амалда ўз мақсадига эришди ва энди бу йўналишда фаол ҳарбий ҳаракатлар 2023 йил бошида бошланиши мумкин. Россиянинг Донбассдаги ҳарбий режалари эса (Словянск ва Краматорскни эгаллаш), афтидан, бутунлай барбод бўлди.

Мавзуга оид