Жаҳон | 07:25 / 15.09.2022
22924
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон ШҲТ саммитида нима сабабдан иштирок этмаслиги маълум бўлди

Афғонистон Шанҳай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи давлат ҳисобланади, аммо Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида у иштирок этмайди.

Фото: Sidiqullah Khan / AP

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Билол Каримий TOLOnews’га берган интервьюсида афғон вакиллари ҳозирча Самарқанддаги ШҲТ саммитига таклиф этилмаганини маълум қилганди.

Унинг сўзларига кўра, ҳаракат шунга қарамай афғонларга фойда келтирадиган ҳар қандай тадбирларни олқишлайди ва ШҲТ билан яхши муносабатлари ижобий натижа беришига умид қилади. 

Кейинроқ маълум бўлишича, Афғонистон ШҲТнинг Самарқанддаги саммитида ташкилот бу давлат билан вақтинча расмий алоқаларда эмаслиги туфайли иштирок этмайди. Бу ҳақда ШҲТнинг Ўзбекистондан миллий координатори Раҳматулла Нуримбетов журналистларга маълум қилди, дея хабар берган РИА «Новости». 

«Самарқанддаги саммитда Афғонистон вакили бўлмайди. Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бу давлат билан вақтинча алоқада эмас», — деди Нуримбетов брифинг чоғида. 

Унинг тушунтиришича, ШҲТ халқаро ташкилот сифатида 2021 йил августида фаолиятини тўхтатган Афғонистоннинг собиқ ҳукумати билан расмий алоқаларни сақлаб келган.

Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян мавжуд вазият туфайли Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этмаслиги хабар қилинганди.

ШҲТ саммити 15-16 сентябр кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ҳозирда ташкилотга Ўзбекистон, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон ва Тожикистон киради. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. 

Мавзуга оид