Жаҳон | 07:39 / 16.09.2022
8276
3 дақиқада ўқилади

Изюмда Россия қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг, оммавий қабрлар топилди

Украина полициясига кўра, озод қилинган Изюмдаги оммавий кўмиш жойидан 440 га яқин қабр топилган. Володимир Зеленский халқаро ҳамжамиятни «Россияни ҳақиқий жавобгарликка тортишга» чақирди.

Фото: dpa

Яқинда Украина армияси томонидан озод қилинган Харкив области Изюм шаҳрида одамларнинг оммавий қабри топилди. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 15 сентябр, пайшанба куни ўзининг анъанавий кечки мурожаатида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, зарурий ишлар аллақачон бошланган. «Қўшимча маълумотлар – аниқ, тасдиқланиши – эртага бўлиши керак», - деди давлат раҳбари ҳамда Украина ва халқаро журналистлар Изюмга 16 сентябр куни етиб боришини қўшимча қилди. 

«Биз дунё ҳақиқатда нима бўлаётганини ва Россия оккупацияси нимага олиб келганини билишини истаймиз. Буча, Мариупол, ҳозир, афсуски, Изюм. Россия ҳамма жойда ўлим қолдириб кетяпти. Бунинг учун жавоб бериши керак. Дунё Россияни ҳақиқий жавобгарликка тортиши керак. Бунинг учун ҳамма нарсани қиламиз», деди Зеленский. 

Британиянинг Sky News телеканалига Харкив области полицияси тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвинов Изюмдаги оммавий қабрда 440 га яқин жасад топилганини айтди. «Айтишим мумкинки, озод қилинган битта шаҳардаги энг катта қабрлардан бири шу ерда жойлашган, унда 440 дан ортиқ жасад қолдиқлари бор», — деди у ҳамда жасадлар алоҳида кўмилганини таъкидлаб ўтди. 

Болвиновнинг сўзларига кўра, баъзи одамлар ўлдирилган, бошқалари эса артиллерия ўқлари ва ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган. Унинг қўшимча қилишича, барча жасадлар эксгумация қилинади ва Россия ҳарбий жиноятлари бўйича тергов доирасида суд-тиббиёт экспертизасига юборилади. 

«Настоящее время» телеканали Украина журналистлари таҳририятга топширган Изюм яқинидаги ўрмонда дафн этилганлар суратларини эълон қилди. Расмларда хочлар кўринади, уларнинг кўпчилиги тахталардан қилинган. Баъзи хочларда ёзувлар бор - фамилиялар ёки рақамлар, масалан, «УҚК, 17 киши, ўликхонадан». Шу билан бирга, қабрларнинг бир қисми хочсиз. 

Изюмга ташриф буюрган Украинанинг алоҳида ҳолатларда бедарак йўқолганлар бўйича ваколатли вакили Олег Котенко «Настоящее время»га суратларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Телеканал эфирида у Украина томони россиялик ҳарбийлар жойлаштирган видеолардан қабрлар борлигини билганини ва Изюм озод этилганидан кейин уни қидирганини айтди. 

Котенконинг айтишича, бу ерда юзлаб қабрлар бор. Ўлганлар орасида ҳарбийлар ҳам, тинч аҳоли ҳам борлиги тахмин қилинмоқда. Ўлим саналарига кўра, Россия армияси томонидан Изюмни ўққа тутиш пайтида тинч аҳолининг камида бир қисми ҳалок бўлган, деди ваколатли вакил.

Мудофаа вазирлиги раҳбари маслаҳатчиси Алексей Копитко 15 сентябр куни «босқинчилар томонидан Изюмда содир этилган вайронагарчилик кўламини бир нечта Бородянкадаги вайронагарчилик билан, қурбонлар сонини эса камида иккита Буча билан солиштириш мумкин», деди. 

Мавзуга оид