Ўзбекистон | 09:44 / 24.09.2022
72364
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, хонанда Равшан Намозов ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда хонанда Моҳира Асадова маълум қилди

Равшан Намозов

Хонанданинг ўлимига нима сабаб бўлгани маълум қилинмаган. Шу йил бошида ўзбек санъаткорлари ижтимоий тармоқларда Равшан Намозовнинг гематология шифохонасида даволанаётгани, унга шошилинч қон кераклиги, саломатлиги жиддий хавф остида экани ҳақида пост қолдирганди.

Ўшанда хонанданинг синглиси Малика Намозова Daryo нашри билан суҳбатда Равшан Намозов 7 йилдан буён 2-даражадаги хафақон хасталиги билан курашиб келаётганини маълум қилганди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Намозов 1961 йилнинг 10 июлида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида туғилган. 

У Термиз мусиқа билим юртини тамомлаб, отаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураҳмон Намозов ва Шокир Маҳмудовлардан сабоқ олган.

Хонанда ўз фаолиятини 1989 йили ташкил этилган «Қарс» гуруҳида бошлаган. 1991 йилдан буён яккахон ижод қилган хонанда 1993 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.

Равшан Намозов замонавий сурхон қўшиқлари билан тингловчиларга яхши таниш. Унинг «Чипрадалли», «Ковушим», «Ёр-ёр ёрон-эй», «Биё-биё», «Хаёл» каби қўшиқлари санъат мухлислари кўнглидан жой олган.

Мавзуга оид