Жаҳон | 07:18 / 26.09.2022
3969
3 дақиқада ўқилади

Италияда биринчи марта аёл киши бош вазир бўлиши мумкин

Дастлабки маълумотларга кўра, парламент сайловларида ўнг қанот миллий коалицияси 43,3 фоиз овоз тўплаган. Италияда биринчи марта аёл бош вазир бўлиши мумкин.

Жоржа Мелони / Фото: AA

25 сентябр, якшанба куни Италияда навбатдан ташқари парламент сайловлари якунланди. Мамлакатда сайлов участкалари соат 23:00 да ёпилди. Депутатлар палатаси ва Сенатга сайловлар бўлиб ўтди. AFP агентлиги таъкидлашича, улар тарихий бўлиши мумкин. Сайловчилар мамлакатда Иккинчи жаҳон урушидан бери биринчи марта ўнг қанот миллий ҳукумат пайдо бўлиши ёки бўлмаслигини аниқлаши керак эди.

Rai давлат телерадиокомпанияси томонидан тақдим этилган дастлабки маълумотларга кўра, ўнг қанот кучлари 43,3 фоиз овоз тўплаган - Италия сайлов қонунчилигига мувофиқ, аралаш сайловларда бу парламентда мутлақ кўпчиликни ташкил этишга имкон беради. Овоз бериш натижалари бўйича биринчи маълумотларга кўра, «Италия биродарлари» партияси 24,6 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. Унинг раҳбари, 45 ёшли Жоржа Мелони коалицион ҳукуматга бошчилик қилиши мумкин.

Шунингдек, унда, дастлабки маълумотларга кўра, мос равишда 8,5 ва 8 фоиз овоз олган Маттео Салвини бошчилигидаги партия ва собиқ бош вазир Силвио Берлускони бошчилигидаги партия ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Rai телекомпаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, ўнг марказчилар альянси Депутатлар палатасида 400 ўриндан 227-257, Сенатдаги 200 ўриндан 111-131 ўринга эга бўлади.

Энрико Леттанинг чап қанот «Демократик партияси», дастлабки маълумотларга кўра, 19,4 фоиз, «Беш юлдуз» популистик ҳаракати - 16,5 фоиз тўплаган.

Италияда аввалги умумий сайловлар билан солиштирганда сайловчиларнинг иштироки сезиларли даражада камайди. Италия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 25 сентябр оқшомида у 50 фоизни ташкил қилган.

Агар «Италия биродарлари» партияси сайловда ғалаба қозонса, унинг раҳбари Жоржв Мелони Италия тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлади. Мелони ўзини НАТО тарафдори деб таърифлайди ва Европа иттифоқининг Украинага бостириб кириши сабабли Россияга жорий қилган санкцияларини қўллаб-қувватлайди. «Италия биродарлари» ўнг қанот консерватив миллатчилик қарашларига амал қилади. Унинг олдинги партияларидан бири неофашистик эди. Ўта ўнг партия ва ўнг марказ «Олға, Италия» Кремль билан яқин алоқаларга эга.

Италияда парламент сайловларининг расмий натижалари 26 сентябр, душанба куни эълон қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид