Ўзбекистон | 22:10 / 27.09.2022
39156
2 дақиқада ўқилади

Андижон тумани ҳокими қабул вақтидаги ҳаракати учун ишдан кетди

Абдужаббор Эгамбердиев қабулига келганларга пойгакдан жой берганидан кейин интернетда машҳур бўлганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан давлат хизматчиси этикасига номуносиб хатти-ҳаракатлари, раҳбарлик маданиятини сақламагани, ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Август ойида интернетда Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг қабулларига келган фуқаролар айвончада ўтирган ҳокимга рўпара бўлаётгани ва уларга суҳбат пайтида айвонча остонасидан жой берилаётгани акс этган суратлар тарқалганди.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати
Фото: Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлган бу ҳолат "Ўрта аср хонликлари даврини эслатаётгани", Эгамбердиев ўзини ҳоким эмас хондек тутаётгани танқид қилинганди. 

Туман ҳокимлиги эса бу ҳолатни «ижтимоий масофа сақлаш» зарурати билан изоҳлашга ҳаракат қилганди.

Абдужаббор Эгамбердиев 2021 йил февралида Андижон тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид