Ўзбекистон | 10:00 / 27.09.2022
16079
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол оламдан ўтди

Ўзбекистон халқ шоири, таржимон ва адабиётшунос олим Жамол Камол бугун, 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Жамол Камол 1938 йил 26 апрелда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 1959 йилда Бухоро педагогика институтининг филология факултетини тугатган.

У 1970 – 72 йилларда Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимида масъул котиб, 1972 – 86 йилларда Ўзбекистoн Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант ва илмий ходим бўлиб ишлаган.

Жамол Камол лирик шеър тузилиши бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган. 1986 – 88 йилларда Ғaфур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир, 1991 – 96 йилларда эса Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида хизмат қилган.

Жамол Камолнинг «Олам кирар юрагимга» номли илк шеърий тўплами 1968 йилда нашр этилган. Шундан кейин чоп этилган «Чўққиларга ёғилди ёғду» (1970), «Тош туғёни» (1972), «Ҳасан ва ой» (1974), «Қуёш чашмаси» (1975), «Қадаҳ» (1978), «Достонлар» (1980), «Сувайдо» (1982), «Умидли дунё» (1988) каби шеърий тўпламларига кирган шеърларида мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърий жараён ўзаро уйғунлаштирилган.

Шоир 1992 йилда Ўзбекистoн халқ шоири унвони билан тақдирланган.

Жамол Камол ўзбек таржима санъатида ҳам ўчмас из қолдирди. У ўз вақтида француз мумтоз адабиёти намояндаси Буалонинг «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақидаги «Шабиҳижрон» достонини, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг олти китобдан иборат “Маснавийи маънавий” асарини, Шайх Фаридуддин Атторнинг асарларини, Абдураҳмон Жомийнинг ғазаллар китобини, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг “Гулшани роз” асарини, буюк инглиз драматурги Вильям Шекспирнинг ўндан ортиқ асарларини бевосита инглиз тилидан, Александр Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери”, Ян Райниснинг “Олтин тулпор”, Бартольд Брехтнинг “Сичуандан чиққан меҳрибон” асарларини рус тилидан, амиралмўъминин Ҳазрати Али ибн Абутолибнинг шеърий девонини турк тилидан таржима қилган.

Жамол Камол шеърлари рус, инглиз, француз, поляк, украин, турк, озарбойжон, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган.

Шоир 2019 йилда Kun.uz сайтига берган интервюсида ижод йўли, ўзбек тили ва адабиёти муаммолари, таржимонлик фаолиятига оид қатор мавзуларда ўз фикрларини билдириб ўтганди.

Kun.uz марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.

 

Кўкка боқиб сукут сақлайди замин,

Ерга боқиб осмон сақлайди сукут.

Кўкнинг сукутида қанчалар мазмун,

Ернинг сукутида қанчалар ўгит…

Кўкдай бўлса ҳамки юксак, баркамол,

Ердай сукут сақлаб туради оқил.

Бирпас сукут сақлаб, ҳолингга кўз сол,

Бирпас сукут сақлаб, оламга боқгил…

* * *

Кўзда ёши билан кулади бола,

Илҳом асир этган шоирга монанд.

Шоир ҳам боқармиш ёруғ оламга

Боланинг мусаффо кўзлари билан.

Ажаб сеҳрлидир бу икки дунё:

Бирпасда севинчу бирпасда қайғу.

Бири эрмак излаб, топади маъно,

Бири эртак сўйлаб, айтади орзу…

* * *

— Тақдир, мени нега инсон яратдинг,

Кўксимда шодлигу ғамдан юз нишон.

— Мен сенга қалб ила шуур бахш этдим,

Билгин деб ҳирс нима, нимадир ҳайвон.

— Тақдир, нега мени меҳмон яратдинг,

Ярқ этган чақиндек кетгум бегумон.

— Мен сенга ўлчовли умр бахш этдим,

Билгин деб ишқ нима, нимадир инсон…

Мавзуга оид