Ўзбекистон | 17:00 / 27.09.2022
7844
4 дақиқада ўқилади

“Трастбанк” ва “Kyongnam Bank” ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди

26 сентябрь куни “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки Бош офисида Жанубий Кореянинг етакчи банкларидан бири саналадиган “Kyongnam Bank” Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Трастбанк

Таъкидлаш жоизки, “Kyongnam Bank” Жанубий Кореянинг йирик молиявий гуруҳи “BNK Financial Group”нинг бир қисми ҳисобланади. Мазкур компаниянинг 473 та филиали мавжуд бўлиб, улардан 59 таси хорижий мамлакатларда жойлашган. Унинг активлари 100 млрд АҚШ долларидан зиёдни ташкил этади.

Фото: Трастбанк

Ушбу молиявий гуруҳ таркибига кирадиган “Kyongnam Bank” 1970 йилда ўз фаолиятини йўлга қўйган бўлиб, турли кредит маҳсулотлари ва карталари, суғурта маҳсулотлари каби барча турдаги банк хизматларини тақдим этади. Банк халқаро рейтинглардаги ўрнини ҳам мустаҳкамлаган. Жумладан, 2021 йилнинг 21 май куни “Moody’s Investors Service” рейтинг агентлиги “Kyongnam Bank”нинг узоқ муддатли халқаро рейтингини “Барқарор” прогнози билан “А2” даражасида тасдиқлади. Банкнинг активлари 93,10 млрд АҚШ доллари, устав капитали эса 6,581 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Фото: Трастбанк

2021 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маҳаллий банклар билан ҳамкорлик қилиш, мижозларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва Ўзбекистон банк-молия тизимига Кореянинг илғор тажрибасини жорий этишда кўмаклашиш мақсадида Корея Республикасининг “Kyongnam Bank” ваколатхонаси аккредитациядан ўтказилганлигини маълум қилди.

Фото: Трастбанк

Учрашувда ўзаро икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга урғу берилди. Хусусан, “Жанубий Кореянинг етакчи молия муассасаси билан муносабатларни йўлга қўйишдан мамнунмиз. Бу ҳамкорлик истиқболда ўзининг ижобий самарасини беришига ишонамиз”, – деди “Трастбанк” ХАБ Бошқаруви раиси Сардор Нормухамедов.

Фото: Трастбанк

Ўз навбатида, “Kyongnam Bank” Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг мазкур учрашув кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилишини, қолаверса, Меморандум ҳам икки молия муассасаси учун манфаатли бўлишини таъкидлади.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ва Жанубий Корея молиявий гуруҳи “BNK Financial Group” таркибига кирадиган етакчи банк “Kyongnam Bank” ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланди.

Фото: Трастбанк

Мазкур ҳужжат икки молия муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. Хусусан, банк операциялари, ахборот технологиялари, кредитлар ва банк депозитларини бериш борасида тажриба алмашилади. Қолаверса, ишбилармонлик учрашувлари ўтказиш, икки банкнинг амалий фаолияти билан яқиндан танишиш назарда тутилган.

Фото: Трастбанк

Шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Делегация аъзолари “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг Амалиёт бошқармасида иш жараёни билан танишди. Шунингдек, “Трастбанк”нинг фаолияти тарихидан сўзлайдиган музейдаги экспонатларни кўздан кечирди. “Kyongnam Bank” Бошқаруви раиси Чой Хонг Ёнг фахрий меҳмонлар китобида ўз тилакларини билдириб, дастхат қолдирди.

Реклама

Мавзуга оид