Ўзбекистон | 13:00 / 28.09.2022
1740
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилиши бўлиб ўтади

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ЕТТБ вице-президенти Юрген Ригтеринк бошчилигидаги Европа тикланиш ва тараққиёт банки делегациясини қабул қилди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашувда ЕТТБ бош котиби Когучи Казухико, Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича ЕТТБ бошқарувчи директори Жужанна Харгитай ва ЕТТБ Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этди.

Суҳбат давомида сўнгги икки йил ичида ЕТТБ томонидан киритилган маблағлар бўйича минтақа давлатлари орасида Ўзбекистон биринчи ўринда ва 2021 йилда ЕТТБ томонидан амалга оширилган инвестициялар йўналишлари бешлигида экани таъкидланди. 

Томонлар ЕТТБнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган мамлакатлар стратегиясининг Янги Ўзбекистон 2022-2026 йиллар мўлжалланган тараққиёт стратегияси билан мувофиқлигини қайд этди. Стратегияда хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш, экологик тоза энергия ва ресурс ечимларини илгари суриш каби йўналишлар акс этган.

Томонлар халқаро тадбирларни, жумладан, 2023 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЕТТБ бошқарувчилар кенгаши йиллик йиғилишини юқори ташкилий даражада ўтказишга тайёргарлик масалаларини ҳам кўриб чиқди. Тадбирларни энг юқори ташкилий ва мазмун жиҳатидан юксак даражада ўтказиш мақсадида ЕТТБ техник миссияси билан яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид