Ўзбекистон | 16:23 / 29.09.2022
19903
4 дақиқада ўқилади

Меҳнатда қорайган қўллар. Пахта даласидан репортаж

Яқин йилларгача ўқитувчи ва талабалар, ҳатто мактаб ўқувчилари мажбурий равишда келиб, пахтасини терганида фермер бепарво равишда қўлини белига қўйиб турган. “Барибир териб беришади”, деган ишонч бўлган унда. Ҳозирги кунда у пайтлардаги каби текин теримчилар топилмайди. Шу сабабли, фермерлар ҳам ўзгарган: мавсумий рақобатда теримчиларни жалб этиш учун имкониятлар яратади, белгиланган нарх устига қўшиб тўлайди, бонуслар ўйлаб топади.

Етиштирилган ҳосилни тез териб олиш ва юқори навга топшириш фермер учун муҳим. Чунки даромади шундан. Илғор теримчилар эса аввало пахта яхши очилган майдонга боришади. Сабаби маълум, қанча кўп терса, шунча кўп пул топади. Шу туфайли пахта терими мавсумида фермерлар ўртасида рақобат пайдо бўлди. Ҳатто ижтимоий тармоқларда қўшимча имкониятлар яратиш эвазига теримчиларни жалб қилишга қаратилган эълонлар жойлаштириляпти. Бу яхши, албатта: меҳнат қадрланмоқда.

Пахта терим мавсуми – қишлоқ аёли учун йилда бир келадиган имконият. Яхши теримчи мўмайгина даромад қилиб олиши мумкин. Ўртача ҳисоблаб кўрилса, кунига 100 кг терилган пахта учун 150 минг сўм ҳақ тўланади. Агар оилада бир нечта теримчи бўлса, даромад миқдори ҳам шунга қараб ошиб боради. Айни кунларда пахта далаларида иш қизғин. Илғор теримчилар ҳатто 200 килограммгача пахта термоқда.  

Навоий вилояти республикадаги энг кам пахта етиштириладиган ҳудудлардан бири. Вилоятнинг асосан 5 та ҳудуди – Хатирчи, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана ва Конимех туманларида пахта экилади.

Кармана туманидаги “Анвар Ахтамов” фермер хўжалиги жорий йилда 46 гектар экин майдонига чигит қадаган. Биринчи теримдаёқ гектарига 43 центнердан пахта топширилмоқда. Айни кунда хўжалик пахта даласида 200 нафарга яқин теримчи пахта теряпти. Уларнинг барчаси маҳаллий аҳоли.

Kun.uz мухбири пахта даласида бўлиб, уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Теримчи Саодат Турдиеванинг таъкидлашича, пахта пули теримчиларнинг хоҳишига қараб кунлик ёки беш кунда бир берилмоқда:

“Ўзим Навоий шаҳридаги 6-сонли ётоқхонада смена асосида ишлайман. Бўш кунларим оилавий даромадимизга қўшимча қилиш учун пахта теримига чиқаман. Агар пахта яхши бўлса, кунига 200 кг тераман. 20-30 кунда бу тонналарга айланади. Ҳар 5 кунда пулимизни олиб турибмиз. Фермерлар ҳамма шароитларни қилиб қўйган: иссиқ овқат, чой, ичимлик суви. Топган пулимизни фарзандларимизни ўқитишга, янги қураётган ҳовлимизга ишлатамиз”.

Пахта даласида хотин-қизлардан ташқари теримчи эркакларни ҳам учратдик. Жумладан, Қобил Иноятов оиласи билан ҳар мавсумда 5-6 тонна пахта терар экан.

Оилага қўшимча даромад бу. Фарзандларимиз мактабда ўқийди, репититорга берамиз. Битта фарзандим спортчи, 7 карра Ўзбекистон чемпиони, узоқларга мусобақаларга кетади. Шуларга шароит қилиб берамиз. Пахта териш хобби мен учун. Ёшлигимиздан пахта териб катта бўлганмиз. Қаранг, далаларда меҳнат қилинган, ҳосил зўр. Ҳавас қилиб терамизда. Қолаверса, соғлиққа ҳам фойдаси бор, ҳаракат бу. Кўп касалликлар ҳаракатсизликдан келиб чиқади. Энг муҳими, ҳалол меҳнат. Ҳалол ризқ кўп нарсадан устун туради. Бир кунда 250 кггача пахта терамиз. Мен 140-150 кг, турмуш ўртоғим эса 90-100 кг теради”, — дейди Қобил Иноятов.

Кармана туман ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил давлатга пахта топшириш режаси 19 058 тонна бўлган туманда 141 та фермер хўжалиги бор. Айни кунгача 5 000 тоннага яқин ҳосил териб олинган.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид