Жаҳон | 10:49 / 29.09.2022
13436
3 дақиқада ўқилади

Прагада Европа иттифоқининг Россияга санкцияларига қарши митинг бўлиб ўтди

Прагада ўн минглаб одамлар намойишга чиқди ва Россиянинг Украинага қарши урушида «бетарафлик»ни талаб қилди - акция миллатчилар ва ЕИ танқидчилари томонидан уюштирилган.

Фото: Anadolu agency

Бир неча ўн минглаб одамлар 28 сентябр, чоршанба куни кечқурун Прагадаги Вацлав майдонида ҳукуматга қарши намойишга йиғилди. Намойишчиларнинг асосий талаби Чехия бош вазири Петр Фиала бошчилигидаги ҳукуматнинг истеъфога чиқиши эди, чунки у Европа иттифоқининг Кремлга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлайди.

«Чехия ҳаммасидан устун» шиори остида ўтказилган митинг ташкилотчиларининг фикрича, бундай ҳаракатлар мамлакатга зарар етказмоқда, чунки санкциялар туфайли Россия унга газни арзон нархда етказиб бермаяпти. Намойишчиларнинг талаблари орасида Украинани урушда қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва унга қурол етказиб бериш ҳам бор эди. Бундан ташқари, ташкилотчилар Чехиянинг ҳарбий бетарафлиги тарафдори - бу мамлакат НАТО аъзоси бўлишига қарамай талаб қилиняпти.

Митингда, хусусан, 2012 йилдан бери Европа иттифоқини бир неча бор танқид қилган чехиялик иқтисод профессори Мирослав Шевчик сўзга чиқди. У ўз нутқида Россия режимига қарши жорий қилинган санкциялар Европа иттифоқининг ўзига ҳам таъсир қилганини таъкидлади. Бундан олдин эса тадбирда «ўнг радикаллар деб ҳисобланган» мусиқий гуруҳ ижросида мамлакат мадҳияси янгради, дея таъкидлайди dpa агентлиги.

Чоршанба куни Брно ва Остравада шунга ўхшаш баёнотлар билан митинглар бўлиб ўтди. Барча тадбирлар ташкилотчилари миллатчи ва евроскептик мухолифат партиялари етакчилари, шунингдек, блогерлар ва жамоат арбоблари бўлиб, уларнинг баъзилари «россияпараст қарашларини яширмайди», деб таъкидлайди ОАВ.

Россияга қарши санкцияларни танқид қилувчи ва ҳукуматга қарши қаратилган сўнгги митинг 3 сентябр куни Прагада бўлиб ўтди – у ҳам «Чехия ҳаммасидан устун» шиори остида ўтказилди ва Фиаланинг сўзларига кўра, россияпараст кучлар томонидан уюштирилди. Улар Чехия манфаатларига зид бўлган позицияни ҳимоя қилаётгани айтилган.

Аввалги акция давомида ташкилотчилар ҳукуматни 25 сентябргача истеъфога чиқишга чақиришди – акс ҳолда мамлакатда иш ташлаш эълон қилишга ваъда беришди, уни касаба уюшмалари қўллаб-қувватлаши керак эди. Бироқ, 28 сентябрдаги акцияларда бундай баёнотлар берилмаган. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, Прагадаги иккинчи акция биринчисига қараганда камроқ иштирокчиларни тўплади.

Сентябрь ойи охирида нархлар ошиши ва санкцияларга қарши намойишлар Германияда ҳам бир неча минг иштирокчини тўплади. Уларни Бундестагдаги вакиллик нуқтайи назаридан барча сиёсий кучлар ичида энг кичиги бўлган мухолифатдаги Чап партия чақирган. Акциялар «Ижтимоий совуққа қарши иссиқ куз» шиори остида ўтказилди ва федерал ҳукуматнинг энергия, ижтимоий сиёсатидан норозиликни билдириши керак эди. Улар иштирокчилари, жумладан, «Шимолий оқим-2» газ қувурини ишга туширишни талаб қилиб, кўчаларга чиқишди. Аммо аввалроқ Германия ҳукумати бу Россия томонидан «газ шантажи» масаласини ҳал қилишга ёрдам бермаслигини билдирган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид