Ўзбекистон | 16:19 / 05.10.2022
6814
3 дақиқада ўқилади

All Nippon Airlines Япониядан Ўзбекистонга авиарейсларни йўлга қўйиши мумкин

Туризм вазири Азиз Абдуҳакимов Токиога ташрифи вақтида ANA расмийлари билан музокара ўтказди ва Япония шаҳарларидан Самарқанд, Бухоро ва Урганчга авиарейсларни йўлга қўйишни таклиф этди. Авиакомпания вакиллари манзилли музокаралар учун Ўзбекистонга бориши кутилмоқда.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов “All Nippon Airlines” (ANA) авиакомпанияси вице-президенти Жуничиро Миягава билан музокара ўтказди.

Учрашувда Япониядан Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига тўғридан тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатга япониялик сайёҳлар оқимини ошириш ва туристик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Япония томонига Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти, фуқаро авиацияси бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда очиқ осмон режимининг жорий этилиши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Самарқанддаги янги замонавий аэропорт терминали ҳамда “Silk Road Samarkand” туристик маркази фаолиятининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Жуничиро Миягава, ўз ўрнида, Ўзбекистон япониялик сайёҳлар учун жозибадор мамлакат эканини қайд этиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари япониялик туристларда Ўзбекистоннинг тарихи ва маданий меросига қизиқишни ошираётганини айтди.

2022 йил 4 августидан Uzbekistan Airways “Тошкент – Токио – Тошкент” йўналишида мунтазам рейсларни тиклагани ва фуқаролик авиаташувларни ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилганини инобатга олиб, ANA компаниясига Япониядан Ўзбекистоннинг туристик шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Урганчга авиарейсларни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги

Музокаралар якунига кўра, “All Nippon Airlines” компаниясининг Токио ва Осака шаҳарларидан Самарқандга чартер дастурларини амалга ошириш масаласини ишлаб чиқишга келишилди.

Япония туристик агентликлар ассоциацияси (JATA) кўмагида Японияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга оид промо-тадбирлар ўтказиш, кунчиқар мамлакат туркомпаниялари ва ОАВ вакиллари иштирокида инфо-тур ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг транспорт логистикаси, хусусан, Самарқанддаги янги аэропорт инфратузилмаси билан яқиндан танишиш ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари билан манзилли музокаралар ўтказиш учун ANA авиакомпанияси раҳбариятининг ташрифи режалаштирилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид