Ўзбекистон | 08:02 / 05.10.2022
5313
2 дақиқада ўқилади

Сенат 33-ялпи мажлисда кўриладиган масалаларни маълум қилди

Кенгаш Сенат ўттиз учинчи ялпи мажлисини чақириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Фото: Senat.uz

Сенат кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди. Мажлисда Сенат ўттиз учинчи ялпи мажлисини 2022 йил 7 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Навбатдаги ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилади.  “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидан. 

Ялпи мажлисда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган  ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ва “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунларни ҳам муҳокама қилиш назарда тутилган.

Сенаторлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижаларини муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳам эшитилади.

Сенаторлар томонидан иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси ҳамда Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган иккита парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинади.

Ялпи мажлис кун тартиби доирасида Сенат кенгашининг қарорларини ҳам тасдиқлаш назарда тутилган.

Мавзуга оид